Евроиттифоқ Россияни Украина чегарасидаги қўшинларини олиб кетишга чақирди
Жозеп Боррел ЕИ ва Россия муносабатларида кўплаб йўналишларда кескинлик кучайиб бораётганини қайд этди.
Евроиттифоқ Россияни Украина чегарасидаги қўшинларини олиб кетишга чақиради. Бу ҳақда ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел маълум қилди.
"Биз Россия қўшинлари машғулотлар ўтказиш учун жойлашган Украина чегарасидаги вазиятни муҳокама қиламиз. Бу жуда хавфли вазият, биз Россияни Украина чегарасидаги қўшинларини олиб кетишга чақирамиз", - деди у.
У шунингдек, ЕИ ва Россия муносабатларида кўплаб йўналишларда кескинлик кучайиб бораётганини қайд этди.
Апрел ойи бошидан АҚШ ва Европа мамлакатлари россиялик ҳарбийлар Украина билан чегаралар яқинига жойлаштирилаётганидан хавотирларини билдира бошлашди. Киевдагиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, украин чегаралари бўйлаб 110 минг нафар россиялик ҳарбий жойлаштирилган.
13 апрел куни АҚШ ва Россия президентларининг телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Оқ уй Байден ва Владимир Путин стратегик барқарорлик ва минтақавий масалаларни муҳокама қилгани ҳақида маълум қилди. Хусусан, Байден россиялик ҳарбийлар Украина чегаралари томон сурилганидан хавотирини билдирган ва Москвани Киев билан муносабатлардаги кескинликни юмшатишга чақирган.
Оқ уйнинг баҳоларига кўра, Россиянинг Украина билан чегара ҳудудидаги ҳарбийлари сони 2014 йилдан буён энг юқори даражага чиққан. Кремль Россия ўз ҳудудида ўз қўшинларини ҳаракатга келтираётганини ва «бу ҳеч кимни безовта қилмаслиги кераклиги, қўшин ҳеч кимга таҳдид солмаслиги»ни маълум қилди.
Ҳозирда Қора денгизга Босфор орқали Россиянинг бошқа денгизлардаги кемалари ҳам олиб ўтилмоқда. «Интерфакс» бўғоздаги суратларни эълон қилган Истанбулдаги сайтларга асосланиб хабар беришича, Россия Шимолий флотининг иккита катта десант кемаси шу кунларда Қора денгизга кирган. Агентликнинг қўшимча қилишича, Болтиқ флоти таркибига кирувчи яна иккита катта кема Севастополь йўналишида ҳаракатланмоқда. Каспий флотилиясидаги 15 кема ҳам ўқув машғулотларида иштирок этиш учун Қора денгиз томон йўл олган.
Украина президенти Владимир Зеленский Россия қўшинларининг умумий чегара бўйлаб жойлашуви туфайли юзага келган кескинликни юмшатиш учун Путин иштирокида тўрт томонлама музокаралар ўтказишга тайёрлигини маълум қилди. Парижда ташриф билан бўлиб турган Зеленский тинчлик музокаралари иложсиз нарса эмаслигини қайд этган.
Мавзуга оид
20:12
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
17:47
Кремл Россияга мигрантлар нима учун кераклигини тушунтирди
15:31
Шартнома бўйича ҳарбийлар 65 ёшга тўлмагунча Россия армиясидан бўшатилмайди
14:17