Ўзбекистон | 21:55 / 20.04.2021
16769
3 дақиқада ўқилади

Амалдорнинг маҳалласи асфалт. Бу дастур асосида бўладими ё оғзаки топшириқлар?

Бугун, 20 апрел куни Автомобил йўллар қўмитаси мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбир давомида Ўзбекистондаги катта лавозимда ишловчи айрим амалдорларнинг қишлоғи ёки маҳалласига элтувчи йўллар яхши таъмирланган, асфалт қилинган ҳолатда бўлиши, ўша ҳудудга яқин бошқа йўллар эса таъмирталаб қолавериши борасида масъулларга савол билан мурожаат қилинди.

«Хўш, бундай йўлларнинг ҳаммаси ҳам аввалдан режалаштирилган қонуний дастурлар асосида бўладими ёки бу борада йўл қурилиш корхоналарига ноқонуний, оғзаки топшириқлар ҳам бериладими?» – деди Kun.uz мухбири.

Автомобил йўллар қўмитаси бошқарма бошлиғи Отаназар Жуманиёзовнинг саволга жавобан айтишича, Ўзбекистонда 2017 йилдан бошлаб ички йўлларга эътибор ошган.

«Ички йўлларни таъмирлаш талаби асосан маҳалладан чиқади. Маҳалла раиси биринчи навбатда таъмирталаб кўчасини аниқлаб, маҳаллий ҳокимликка таклиф беради.

«Менинг 24та кўчамдан 4таси таъмирталаб», – деб маълумот берганидан кейин, туман ҳокими таклифларни умумлаштириб вилоятга юборади. Вилоят эса республикага. Шундан кейин йўл дастурга киритилади.

Президент топшириқ бердики, шу йилдан бошлаб ҳар бир таъмирланадиган йўл маҳаллий депутатлик кенгашларида тасдиқланиши керак», – деди Жуманиёзов.

«Сиз барча йўл қурилиш ишлари дастур асосида бўлади деяпсиз. Лекин бу қандай дастурки, қайсидир амалдорнинг уйида қандайдир маърака бўлиб қолса, ўша куни тундаёқ йўллар асфалт бўлиб қолаверади?»

Қўмита мутасаддисига берилган навбатдаги савол шу мазмунда бўлди.

Қўмита мутасаддисининг айтишича, туманлардаги ички йўллар маҳаллий ҳокимликлар балансидаги йўллар ҳисобланади. Шу боис бу каби ишларга ҳам маҳаллий ҳокимликлар жавобгар.

«Йўлларнинг ҳаммаси эгалланган. Эгаси бор. Мен юқорида айтиб ўтдим, бизга фақат умумфойдаланиладиган 42 минг 869 км йўллар қарайди. Қолган ҳаммаси маҳаллий ҳокимликлар балансидаги йўллар. Сиз айтаётган кўча ва йўлларнинг ҳаммаси уларда. Бу каби ҳолатлар қандай бўлганига мен жавоб беролмайман. Лекин улар бизнинг йўллар эмас», –  деди Отаназар Жуманиёзов.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид