«Биз ҳеч кимга кам солиқ тўлагансан демаяпмиз» — ДСҚ 15 минг корхонага ҚҚС бўйича хабарнома юборилганига изоҳ берди
Давлат солиқ қўмитаси январ-март ойларида ҳисоб-фактуралар автоматик таҳлил қилингач, қарийб 15 минг корхонага ҚҚС суммасини қайта кўриб чиқиб ҳисобот топшириши тўғрисида хабарнома юборганди. Шу борада ДСҚ Kun.uz’нинг айрим саволларига жавоб берди.
ДСҚ матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, хабарнома юборилган 14 988 корхона феврал ойида «обнал иши»га алоқадор деб топилган 10 минг тадбиркорлик субъектидан ташқари корхоналар ҳисобланади.
«Биз бу ерда ҳеч кимга солиқ кам тўлагансан, демаяпмиз. Ўша 14 988та корхонага шубҳали контрагентлар билан ишлагансан, лозим даражада эҳтиёткорлик қилиб ҳамкорингни текшир, деган огоҳлантириш беряпмиз. Эртага ўтган сафарги 10 мингта корхонага ўхшаб «нега бизни огоҳлантирмагансизлар, деманглар», деяпмиз.
Уларга ҳамкорини суриштириб, қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси эканлиги, сотиб олинаётган товар ёки хизмат ўша контрагентида кирим қилингани тўғрисида ҳужжат бор ёки йўқлигини билиб ҳисобга олишни билдириб, хабарнома юбордик.
Хабарномада агар, тадбиркор бизнес ҳамкорига ишонмаса, ҚҚСни ҳисобга олиш ёки олмасликни ўзи ҳал қилиши мумкинлиги назарда тутилган.
Мабодо контрагенти бу ташкилотларни алдаётган бўлса, кирим қилинмаган ва ҚҚС тўланмаган товар хизматни ҚҚС тўланган маҳсулот сифатида сотиб, бу корхоналар ўша ҚҚС суммасини ўзларига ҳисобга олиб қўйса, солиқ органлари буни аниқлаб, ҚҚСни ундириб олади»,- деди Kun.uz билан суҳбатда бўлган ДСҚ ходими.
- Aввалроқ, ДСҚ 15 мингга яқин корхонага ҚҚСни қайта ҳисоблаш тўғрисида хабарнома юборгани маълум қилинганди.
- Эслатиб ўтамиз, феврал ойида Давлат солиқ қўмитаси «нақдлаштирувчи» (обналчи) фирмалар билан кураш бошлаб, 396та корхонани шубҳали корхоналар рўйхатига киритган эди. Натижада улар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг ҳисобга олинган ҚҚС суммаси бекор қилинган.
- ДСҚ шубҳали корхоналар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин тадбиркорлик субъектларидан бюджетга тўланмаган 1 триллион сўмга яқин ҚҚС суммаси ундирилишини маълум қилгач, тадбиркорлар эътироз билдира бошлади.
- 23 феврал куни тадбиркорлар билан учрашган Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ҚҚС суммасини барибир тўлаш кераклигини айтиб, бунинг учун 6 ойлик амниция берилишини билдирди.
- Aпрел ойида 8 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти 1 майга қадар қайта ҳисобот топширса, жавобгарликка тортилмаслиги маълум қилинди.
- Масала атрофида муҳокамалар давом этмоқда.
Мавзуга оид
18:53 / 13.04.2023
Банк картасидан бошқа картага пул ўтказмалари учун солиқ жорий этилиши ҳақидаги хабар рад этилди
11:00 / 23.07.2022
Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти тадбиркорлар билан учрашди
19:55 / 17.01.2022
Журналист «ёш қизча»ми? «Қудбиевча» матбуот анжуманидан кейинги мулоҳаза
17:51 / 28.07.2021