Самарқанддаги мактабгача таълим тизимида қатор ноқонуний ҳолатлар аниқланди
Самарқанд вилояти мактабгача таълим тизимида бир қатор ноқонуний ҳолатлар юз берган. Бу ҳақда 20 апрел куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева хабар берди.
Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Самарқанд вилоятида олиб борилган ўрганишлар натижаси тўғрисида маълумот берди.
Мактабгача таълим вазирлигининг ишчи гуруҳи 2 ҳафта мобайнида Самарқанд вилоятидаги бир нечта МТТлар фаолиятини ўрганди. Ўрганишлар жараёнида боғчалардаги айрим тарбиячи-педагоглар ўз хизмат вазифасини тўлиқ билмаслиги, соғлом овқатлантириш меъёрларига риоя этилмаётгани, таълим-тарбия жараёнлари яхши йўлга қўйилмагани, болаларни йўлланмалар асосида мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилишдаги хато ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар аниқланди.
Масалан, 58-сонли ДММТда 141 нафар тарбияланувчи тўғрисида маълумот тақдим этилган, аммо амалда 186 нафар тарбияланувчи борлиги, муассасада санитария-эпидемиология қоидаларига риоя этилмаганлиги аниқланди. Боғчанинг 8 нафар тарбияланувчиси кетган бўлишига қарамай, OpenEmis тизимидаги тарбияланувчилар рўйхатидан ўчирилмаган. Бу, ўз навбатида, бўш ўринларнинг шакллантирилмаслигига ҳамда гуруҳларга болалар ноқонуний қабул қилинишига замин яратган.
7-МТТга ташриф буюрган ишчи гуруҳ таъминотчи томонидан МТТга сариёғ ўрнига “Спред” (сут ёғи ўрнини босувчи модда) маҳсулоти олиб келингани аниқлаган ва ишчи гуруҳ томонидан бу маҳсулот табиий сариёғга алмаштирилди.
31-МТТда ишчи гуруҳнинг тасодифий ташрифи давомида ошпаз томонидан пишиб турган овқатга хом товуқ гўшти солиб юборилганига гувоҳ бўлинди.
38-МТТ биносида қулфланган хона борлиги, унда 20та болалар каравоти ва 10 нафар бола борлиги аниқланди. OpenEMIS тизимида 14та гуруҳда 348 нафар бола бўлиб, ҳақиқатда 12та гуруҳда 275 нафар болани ташкил этмоқда, уларнинг 29тасида йўлланмалар мавжуд эмас.
Текширувлар натижасида аниқланган камчиликлар юзасидан Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят мактабгача таълим тизими ходимлари иштирокида танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилиб тегишли чоралар кўрилиши юзасидан тавсиялар берилган.
Мавзуга оид
18:34 / 12.04.2021
Мактабгача таълим соҳасида молиялаштирилмасдан қолган 241та ДХШ тўғрисидаги битимга маблағ ажратилади
22:56 / 01.04.2021
Қорақалпоғистонда боғча тарбиячилари директордан норози бўлиб автомобиль йўлини тўсиб қўйди
10:07 / 20.03.2021
Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида мактабгача таълим соҳасида лойиҳа амалга оширилади
09:39 / 16.03.2021