Ўзбекистон | 12:47 / 20.04.2021
7841
5 дақиқада ўқилади

«Тадбиркорлар уйғонса, улар ҳақиқий локомотив бўла олади». Хайрулла Бозоров сув масаласи, 70 фоиз муаммоси ҳал бўлаётган тадбиркорлар ва 30 млн долларлик лойиҳа ҳақида

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Kun.uz билан суҳбатда ичимлик суви бўйича муаммолар ечими, уйғонаётган тадбиркорлар ва Чортоқда тўхтаб қолган 30 млн долларлик лойиҳа ҳақида гапирди.

Ичимлик суви муаммоси

Ҳозир қўрқмасдан гапирса бўлади, бу йил умуман бошқача тизим бўлади. Президентимиз ҳар бир ҳудудга алоҳида эътибор беряптилар, ташрифлари бўйича Фарғона вилоятига ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 214 млрд сўм маблағ ажратяптилар. Бу сувнинг ўзи учун. Ҳозирги вақтда энг оғир ҳудудлар бўйича барча лойиҳалар ишлаб чиқиляпти. Шу пул ажратилиши билан Халқ қабулхонасига барча туманлар аҳолиси чақирилади. Вилоят ҳокимлигига, юқори турувчи идораларга энг кўп шикоят тушган масалалар - электр энергияси, газ, сув, йўл бўйича ҳаммасини териб чиқдик, мактаблар, соғлиқни сақлаш объектлари, боғчаларни ҳам қўшдик. Албатта, ҳаммасини бу йил тугатиб бўлмайди. Лекин битта сувнинг ўзига шунча пул ажратиляпти.

Бу йил Фарғонадаги энг оғир ҳудудларда йўл бўйича 267 млрд сўм ажратиляпти. Тўғри, йўл бўйича бу катта сумма эмасдир, аммо бир йил битта йўналиш бўйича бунча маблағ ҳали ажратилмаган. Ўтган йил билан таққослайдиган бўлсак, бу тўрт баравар кўп дегани. Барча лойиҳалар ишлаб чиқиляпти, ишлар жараёнини тегишли идоралар назорат қилиб боради. Бундан ташқари, бу йил йўл масаласида Тошкент тажрибасини ҳам синаб кўрмоқчимиз. Сабаби, ушбу йўналишда бизда ҳали рақобат муҳити йўқ, ҳаммасини, деярли 90 фоизини “Автойўл” қиляпти. Бу соҳада хусусий ишларни кўпайтиряпмиз, тадбиркорларга ҳам шуни айтяпмиз.

Тадбиркорлар уйғонса, улар ҳақиқий локомотив бўла олади

Ҳокимликнинг ёнида тадбиркорларни қабул қиладиган бино бор. Қабул ҳар ҳафта амалга оширилади. Тадбиркорнинг ўзи мурожаат қилади, электрон навбатга туради, бу йўналиш бўйича 23 киши ишлайди. Бош вазир қабулхонаси, бизнес-омбудсман ва вилоят ҳокимлигининг тадбиркорлик гуруҳи битта жойда. Мурожаат қилиш учун “Телеграм” ботлар очилган, уни ўзим ўқиб тураман, ўзимга тўғридан тўғри келади. Бундан ташқари, мурожаатлар учун махсус “Телеграм” рақам тарқаганмиз. Бошида бир ҳафтада 20та келган бўлса, ҳозирги кунда 150тага чиқди. Тадбиркорларни қабул қилишга ҳам бир кун вақт кетади. Муаммоларнинг 65-70 фоизи ҳал бўляпти.

Умуман олганда, иқтисодиётга сармоя керак, иқтисодиётни ривожлантириш учун локомотив керак. Тўғри, локомотив нефт-газ, кимё, металлургия, энергетика соҳаларидаги йирик корхоналар бўлиши мумкин, лекин у катта маблағ талаб қиладиган ва катта хомашё ресурси билан боғлиқ бўлган соҳалардир. Тадбиркорлик соҳасида ҳам маблағ оз кетади, ҳам бозорга тез мослашувчан бўлади. Агар тадбиркорлар уйғонадиган бўлса, улар ҳақиқий локомотив бўла олади. Ҳозир ҳам кўплаб тадбиркорлар уйғонди, ишонч пайдо бўлди. Ўрта бизнес йўқолмади, бу терминнинг ўзи йўқолди. Ҳозир қонунлар ўзгаряпти, кичик, ўрта, ҳаммаси яна қайта тикланяпти. Фақат термин йўқолган, лекин шунга яраша қонунлар ҳам мослаштирилди: кичик бизнес қанчагача бўлади, ўрта бизнес қандай бўлади.

Чортоқда тўхтаб қолган 30 миллион долларлик лойиҳа

Чортоқ туманида жуда катта лойиҳа қилинган. Бу менинг давримда барибир охирига етказилмади, аммо охирига етказилади. У ерда Жаҳон банкининг 30 млн долларлик лойиҳаси кетяпти. Жаҳон банки пандемия туфайли лойиҳани вақтинча тўхтатиб қўйди. Бироқ, ўша 30 млн доллар қаерга ишлатилиши, бозорнинг ҳам қайта тикланиши тасдиқланган, ҳаммасининг ҳисоб-китоби қилинган. Бозорда бузилган савдо шохобчаларининг ўрнига жой бериш масаласи ҳам ҳал қилинган. Жаҳон банки бозорни тиклаш учун лойиҳада 500 минг доллар ажратган, ундан ташқари маҳаллий бюджетдан ҳам берилади. Битта туман учун 30 млн доллар... бу жуда катта пул. Бу туманнинг фақат марказига, у ерда бозор, йўл, канализация, ичимлик суви, таъмирталаб муассасалар, 12 километрлик экойўлакча бор.

Умуман олганда, 30 млн долларлик лойиҳанинг амалга оширилиши орқали Чортоқнинг маркази мутлақо ўзгариб кетади. Мен бошқа ишга ўтганим билан президент қарори чиққан, Жаҳон банки томонидан маъқулланган лойиҳа ҳам тасдиқланган. У давом этади, фақат Жаҳон банки пандемия туфайли лойиҳани секинлаштириб қўйди. Энг асосийси, ҳужжатлари ва лойиҳаларининг ҳаммаси бут бўлган, дастлабки иш бошланган вақтда пандемия кучайиб кетиб қолди.

Бундан олдин, Хайрулла Бозоров Фарғонани кутаётган ўзгаришлар ва аҳоли муаммолари ҳақида гапирганди.

Тўлиқ видео:

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид