Ўзбекистон | 08:41 / 21.04.2021
4984
2 дақиқада ўқилади

Бухорода қуролли босқинчилик уюштириб, тадбиркорнинг катта миқдордаги пулини эгалламоқчи бўлган шахслар қўлга олинди

Бухоролик тадбиркор ва унинг оила аъзоларига нисбатан қурол қўллаб, босқинчилик йўли билан унинг катта миқдордаги пул маблағлари ҳамда тилла буюмларини эгаллашни режа қилган жиноий гуруҳ ушланди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, вилоят ИИБ, ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида, олинган тезкор маълумотлар асосида кенг қамровли тадбир ўтказилган.

Тадбирда жиноий гуруҳ аъзолари ушбу мудҳиш жиноятни содир этишга тайёргарлик босқичида қўлга олиниб, ўта оғир турдаги босқинчилик жинояти содир этилишининг олди олинган.

Жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинган вақтда бир дона ПМ жанговар қуроли ҳамда унинг 6 дона жанговар ўқи ва бир дона совуқ қурол ҳисобланган ўткир тиғли пичоқ ашёвий далил сифатида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ИИБ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 25, 164-моддаси 3-қисми «в» банди (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган босқинчилик) ва 248-моддаси 3-қисми (қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар Ўзбекистон Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган ҳолда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид