Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тадбиркор Гюнел Алиева иши бўйича яна бир ноҳақлик барҳам топди. Жиззахлик судьялар ўз хатоларини тузатди
Мавжуд вазият ҳамда ким ҳақ, ким ноҳақлигини кўриб туриб ғайриқонуний қарор ва ажримлар чиқарган судьяларнинг интизомий жавобгарлиги масаласи Судьялар олий кенгашида кўриб чиқилиши керак.
Аввалроқ онлайн аукциондан кўчмас мулк сотиб олиб, Жиззахдаги судьяларнинг мантиқсиз қарорлари сабаб муаммолар гирдобига кириб қолган тадбиркор аёл Гюнел Алиеванинг ҳуқуқлари Олий судда тикланган бўлишига қарамай, Жиззахдаги судларда навбатдаги «кўзбўямачиликлар» бошлангани ҳақида ёзилганди.
Хусусан, мақолада бино низоли бўлиб тургани ҳамда унинг Рустам Аҳатовга сотилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган бўлишига қарамай, ФИБ Жиззах туманлараро суди 2021 йил 19 январ куни ушбу даъво аризасини қисман қаноатлантириб, жавобгарга бинони давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини юклаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаргани, бундан норози бўлган Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилоят бошқармаси низоли бўлиб турган бинони айни вақтда Рустам Аҳатов номига рўйхатдан ўтказиш имконсизлиги туфайли ушбу ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти келтиргани, бироқ вилоят суди ҳам 2021 йил 4 март кунги ажрими билан юқоридаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиргани тўғрисида сўз юритилган.
Шунингдек, бу ерда энг эътиборли жиҳат – Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 16 февралдаги ажримида аукцион ғолиблик баённомасини расмийлаштиришда қонун талаблари бузилгани ҳолатлари мавжуд эмас, дейилган ва бу ажрим ФИБ Жиззах вилоят судига тақдим этилган бўлса-да, вилоят суди ўз билганидан қолмай, Олий суд томонидан чиқарилган ажримнинг мазмунига зид бўлган қарор қабул қилганига алоҳида урғу берилган.
Маълум бўлишича, ушбу воқеалардан кейин Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилоят бошқармаси ФИБ Жиззах туманлараро судининг 2021 йил 19 январ кунги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўришни сўраб шу судга ариза беради.
2021 йил 19 март куни суд ажрим чиқариб, Олий суднинг 2021 йил 16 февралдаги ажримига асосан аризани қаноатлантиради, яъни юқоридаги ҳал қилув қарорини бекор қилади ва ишни қайта кўришга тайинлайди.
ФИБ Жиззах туманлараро суди ишни қайта кўриб, 2021 йил 29 март кунги янги ҳал қилув қарори билан даъвогар Рустам Аҳатовнинг жавобгар Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилоят бошқармасига нисбатан нотурар жой биносини давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантиришни рад этади.
Қизиқ томони, аввалги сафар бинонинг низоли бўлиб тургани ҳамда унинг Қосимжон Ҳусанов томонидан Рустам Аҳатовга сотилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилгани фактига кўз юмиб, бино Рустам Аҳатовга расмийлаштирилиши керак, деган қарорга келган худди шу суд бу сафар қарор чиқаришда ушбу фактларни ҳам инобатга олибди.
Айтмоқчи бўлганимиз, суд адолатли қарор чиқариши учун Олий суднинг 2021 йил 16 февралдаги ажрими чиққан бўлиши шарт эмас эди. Жиноят иши бўйича тергов кетаётганининг ўзи Рустам Аҳатов фойдасига қарор чиқариб бўлмаслигига катта сигнал эди.
Аммо бу на биринчи ва на апелляция инстанция томонидан ўйлаб кўрилмади. Дарвоқе, ФИБ Жиззах вилоят суди ишни кўраётганида Олий суд ажрими мавжуд эди ва суд бу фактни ҳам кўриб чиқишни истамади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, мазкур ишни кўрган ҳар икки инстанциядаги судьялар иш бўйича ҳақиқатни қарор топтиришни хоҳламагани сабабли тадбиркор аёл Гюнел Алиеванинг сарсончилигига сарсончилик қўшилди ва аввалги қарорни янги очилган ҳолат бўйича бекор қилиш уларнинг айбини юва олмайди. Зеро, Олий суд ажримисиз ҳам адолатли қарор чиқариш учун етарлича асослар мавжуд эди.
Судьялар олий кенгаши иш юзасидан чиқарилган суд қарорлари ҳозирда кучда экани, унга фақат Олий суд ҳуқуқий баҳо бериш ваколатига эгалиги, мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, низо Олий судда кўриб чиқилганидан кейингина унинг натижасига қараб ишни кўриб чиққан судья(лар)нинг хатти-ҳаракатлари масаласида ўз нуқтайи назарини билдириши мумкинлигини маълум қилганди.
Гувоҳи бўлганимиздек, якунда Гюнел Алиева иши доирасида судьялар ноҳақ бўлиб чиқди. Шу боис энди Судьялар олий кенгашидан мавжуд вазият ва ким ҳақ, ким ноҳақлигини кўриб туриб ғайриқонуний қарор ва ажримлар чиқарган судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилишига умид билдириб қоламиз.
Аббос Салайдинов
Мавзуга оид
12:02 / 24.05.2025
«Сизга ачинаман, жаноблар!» – Абдураҳмон Ташановнинг шу номли пости камситиш деб топилди
09:35 / 24.05.2025
Суд Трампнинг Ҳарвардга хорижликларни қабул қилишни тақиқлаш қарорини блоклади
11:53 / 22.05.2025
Айрим низоларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади
09:31 / 21.05.2025