Жамият | 18:47 / 21.04.2021
12295
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги Анҳор каналидан жасад топилди. Ўлим сабаби ҳозирча номаълум

20 апрел куни Тошкент шаҳридаги Анҳор каналининг Шайхонтоҳур тумани Лабзак маҳалласи Зулфияхоним кўчасидан оқиб ўтувчи қисмидан номаълум эркакнинг жасади топилган. Маълум бўлишича, каналда одам жасади оқиб кетаётганини Халқ таълими вазирининг матбуот котиби Лайло Рустамова кўриб қолган.

«Ҳамкасбим Гулюз опа билан соғлом турмуш тарзига риоя қилиб, тушлик вақтида Анҳор бўйлаб сайр қилишга ҳаракат қиламиз. Бугун навбатдаги сайр давомида сувда оқиб кетаётган инсон жасадини кўриб қолдик. Аввалига кўзимизга ишонмадик, лекин бунга амин бўлгач, хаёлимизга келган илк қарор Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 1050 Қутқарув хизматига мурожаат қилиш бўлди. Уларга қўнғироқ қилиб жасад анҳорнинг қайси жойида эканлигини амаллаб тушунтирдик.

Энг ҳайратланарли томони Қутқарув хизматидагилар бизни GPS орқали топиб, зудлик билан ёрдамга ошиқишди. Ярим соат давом этган жасадни кўздан йўқотмаслик жараёнида хаёлимизга келган ягона ўй – бу инсон кимнингдир оила аъзоси, кимнингдир отаси, турмуш ўртоғи ва фарзанди эканлиги ва унинг бу аҳволда эканлигини ҳали улар билмаслигида бўлди», деб ёзади Лайло Рустамова Facebook’даги саҳифасида.

«Воқеа жойига етиб борган Шайхонтоҳур тумани прокурори раҳбарлигидаги тезкор тергов гуруҳ томонидан мурдани кўздан кечириш жараёнида унда куч ишлатиш ҳолатлари ва тан-жароҳатлари аниқланмаган.

Марҳумнинг ўлими сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат юзасидан тергов олди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов томонидан берилган баёнотда.

Қайд этилишича, суриштирув ҳаракатлари давомида жорий йил 21 апрел куни қўл бармоқ изларини текшириш орқали мурданинг шахси аниқланган. Жасаддан олинган бармоқ излари Юнусобод туманида яшаган 42 яшар эркакка тегишли экани аниқланган.

Аввалроқ Наманганда мактаб ўқувчиси бўлган қизнинг жасади каналдан топилгани, уни келинойиси сувга итариб юборгани гумон қилинаётгани, Катта Фарғона каналида чўкиб кетган 16 ёшли йигитнинг жасади 2,5 ойдан сўнг топилгани, Қибрайда саёҳат жомадонидан эркак кишининг жасади топилгани хабар қилинган эди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид