Ўзбекистон | 07:41 / 22.04.2021
19928
4 дақиқада ўқилади

«Обнал иши» бўйича навбатдаги суд мажлиси баҳслар билан якунланди

Тошкент туманлараро маъмурий судида «обнал иши» бўйича тадбиркорнинг солиқ органига нисбатан аризаси юзасидан суд жараёни бошлангани хабар қилинганди. Навбатдаги суд мажлиси бир ой ўтгач, 2021 йил 20 апрел куни бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳрида фаолият юритадиган тадбиркор Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси битимларни кўзбўямачилик учун тузган деб ҳисоблаб, ҚҚС солиғи бўйича 691 миллион сўм солиқ мажбуриятини юклашини қонунга хилоф, деб топиш тўғрисида ариза билан судга мурожаат қилган.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, навбатдаги суд мажлиси томонларнинг солиқ органи тадбиркорнинг савдо операцияларини кўзбўямачилик учун тузган деб топиши далилларга асосланган ёки йўқлиги борасидаги баҳслари билан кечди.

Даъвогар даъво талаби аниқлаштирилган аризасини судга тақдим этди. Тадбиркор суддан солиқ органининг далил-исботсиз ҳисобга олинган ҚҚС суммасини бекор қилишда ифодаланган хатти-ҳаракатини ноқонуний деб топишни сўрамоқда. Шунда тадбиркорнинг шахсий кабинетига киритилган ва тўлаш мажбурияти юклатилган солиқ суммаси ҳам бекор бўлади, деб ҳисоблайди у.

Оқибат шундайки, шахсий кабинетда тўланмаган солиқ суммаси тўғрисида ёзув пайдо бўлса, тадбиркорда солиқ тўлаш мажбурияти юзага келади ва ундирув унинг пули ва бошқа мулкига қаратилади. Тадбиркор контрагент билан тузган битимини қалбаки деб топиш ва ҳисобга олинган ҚҚСни бекор қилишда солиқ органи далилларга эмас, балки гумонга асосланганини таъкидламоқда.

«Биз солиқни нотўғри ҳисобладинг деб иқтисодий масалани кўтармаяпмиз, балки солиқ органи далил-исботсиз ҳисобга олинган солиқни бекор қилганидан норози бўляпмиз. Солиқ кодексининг 266-моддасида ҳам битимлар кўзбўямачилик учун тузганликка оид далил ва исботлар мавжуд бўлганда солиқ органи ҳисобга олинган солиқни бекор қилишга ҳаққи бор дейилган. Солиқ органи далилларга эмас, балки гумонларга асосланган», – дейди тадбиркорнинг солиқ маслаҳатчиси.

Солиқ органи вакиллари тадбиркорнинг «далилсиз» деган даъвосини рад қилиб, ҳисобга олишни бекор қилишда етарли далилларга асосланганига урғу берди.

«Даъвогар даъво талабида далил-исботсиз деган жумлани қайта-қайта ишлатяпти. Солиқ кодексининг 14-моддасида аниқ кўрсатилганки, агар тадбиркорнинг контрагенти (у билан ҳамкорлик қилган МЧЖ) ишлаб чиқариш маҳсулотини етказиб беришга қурби етмаса, ҳисобга олинган ҚҚС суммасини солиқ органи бекор қилади.

Тадбиркор шартнома шартларида белгиланган шартларни бажариш имкониятига эга бўлмаган МЧЖлар билан ҳамкорлик қилгани учун ҳисобга олиш бекор қилинди. МЧЖ шартларни бажариш имкониятига эга бўлиши учун маҳсулот ишлаб чиқарадиган цехи, омбори бўлиши ва бошқа талабларга жавоб бериши керак. Даъвогар ҳамкорлик қилган МЧЖларда мана шу талабларга жавоб бериш имконияти мавжуд эмас.

Имкони йўқ одам қарз бера олмаганидек, имкони йўқ МЧЖ билан савдо операциясини амалга ошириш имконияти йўқ. Солиқ органининг бундай хулосаси инсон омилидан йироқ бўлган, ДСҚ томонидан ишлаб чиқилган «таҳлика-таҳлил»  дастури томонидан аниқланган», – деди солиқ органи вакили.

Бунга тадбиркорнинг солиқ маслаҳатчиси: «Таҳлика-таҳлил» дастури фақатгина «аломатлар, тахминлар» каби гумонларни аниқлайди, бу гумонлар эса солиқ текшируви ва суд қарорлари билан тасдиқланган ҳолатдагина далил-исбот тариқасида тушунилади», дея эътироз билдирди.

Тадбиркор далил-исботсиз ҳисобга олишни бекор қилганини таъкидлагач, солиқ органи тадбиркорга ҳақиқатан битимларни кўзбўямачилик учун тузмаганини исботлаши лозимлигини айтди.

Тадбиркор томон бу даъво предметига кирмаслиги ва буни исботлашга мажбур эмаслигини, аксинча, Солиқ кодексига биноан, исботлаш мажбурияти солиқ органи зиммасида эканини таъкидлади.

Суд мажлиси 27 апрелга қадар танаффус эълон қилди.

Мавзуга оид