Ўзбекистон | 22:10 / 22.04.2021
7440
2 дақиқада ўқилади

Сўровнома: 85 фоиз талаба хусусий ётоқхоналар қурилишини хоҳлайди

U-Report платформаси Ёшлар ишлари агентлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда 9,2 минг талаба ўртасида сўровнома ўтказди. Сўровда қатнашганлардан 4,5 минг нафари ижарада яшашини билдирган. Уларнинг 43 фоизи ижара учун ойига 200 минг сўмдан кўп, 26 фоизи эса 500 минг сўмдан кўп тўлайди.

Фото: U-Report

Респондентларнинг 85 фоизи хусусий ётоқхоналар ташкил қилинишини қўллаб-қувватлайди, шулардан 33 фоизига у ерда яратиладиган шароитлар қандай бўлиши танлов қилишлари учун муҳим.

Респондентларнинг 92 фоизи хусусий ётоқхона нархи талабабоп бўлса, уларда яшашини билдирган. Иштирокчи талабалар ётоқхонада, албатта, кутубхона, спортзал ва компьютер хоналари бўлиши керак, деб ўйлайди.

Респондентларнинг 53 фоизи ётоқхоналарнинг ҳар бир қаватида умумий ҳаммом, ҳожатхона ва ошхоналар бўлишини етарли деб ҳисоблайди.

Агар хонанинг нархи ундаги ижарачилар сонига боғлиқ бўлса, унда:

  • 42 фоиз респондент икки кишилик;
  • 31 фоиз респондент уч кишилик;
  • 15 фоиз респондент эса тўрт кишилик хонада яшашга тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев йил бошида ҳукуматга талабалар уйларини қуриш бўйича дастур ишлаб чиқиш топшириғини берганди.

Шунингдек, президент фармони билан 1 майдан бошлаб ижара ҳуқуқи асосида яшаётган 60 фоиз талабанинг 50 фоиз ижара пули давлат томонидан қоплаб берилади. Биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари, ўрнак кўрсатган ва фаол ёшлар рўйхатга киритилади.

Ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари (245 минг сўм), қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 бараваридан (122,5 минг сўм) ошмаслиги лозим.

Мавзуга оид