Ўзбекистон | 17:41 / 22.04.2021
40959
5 дақиқада ўқилади

«Вилоят ҳокимлари вазиятни силлиққина ўтказяпти» — Президент ҳудуд раҳбарларини яна бир бор огоҳлантирди

Вилоятларда хизматлар кўрсатиш соҳасидаги вазият муҳокама қилинган йиғилишларда 27 нафар раҳбарлар лавозимидан олинди, 54 нафарига интизомий жазо берилди.

Иқтисодиётнинг хизматлар кўрсатиш соҳасига 35 триллион сўмлик кўмак берилди, бу мамлакат тарихида ушбу соҳага ажратилган энг кўп маблағ ҳисобланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилди. 

«Бу соҳага 500 млн доллар пул ажратяпмиз. Қийин пайт бўлишига қарамай шундай қиляпмиз. Энди бу маблағдан самарали фойдаланиш зарур. Ҳар бир раҳбардан шуни талаб қиламиз.

Бугунги селекторда ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича, жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифаларни белгилаб оламиз.
Пандемиянинг салбий таъсири кўпроқ хизматлар ва сервисга тўғри келгани боис, ушбу соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 24та турдаги солиқ имтиёзлари, субсидия ва бошқа преференциялар тақдим этиш орқали 35 триллион сўмлик кўмак берилди. Тарихимизда бунақа маблағ ажратилмаган», дейди давлат раҳбари.

Берилган енгилликлар ҳам тадбиркорлар, ҳам банклар учун катта имконият бўлгани, масалан, ўтган йили тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида хизмат соҳасига 1 триллион сўм имтиёзли кредит ресурслари ажратилгани қайд этилган.

Бундан ташқари, тижорат банклари ўз маблағлари ҳисобидан соҳага қўшимча яна 14 триллион сўм кредитлар ажратгани ҳам аҳолининг хизматлар бозорига қизиқиши юқорилиги, ҳали бу соҳада имкониятлар кўплигидан далолат беради. 

Кенг имтиёзлар берилгани натижасида, сервис соҳаларида ўзини ўзи банд қилган 500 минг нафар фуқаролар расмий рўйхатдан ўтди. Бундай рақам ҳам Ўзбекистон тарихида қайд этилмаган.

«Қайси ҳудуд, шаҳар ва туманлар ушбу имкониятлардан самарали фойдаланган бўлса, ўз натижасини берди. Жумладан, Қўқон ва Ширин шаҳарлари, Кармана туманида аҳоли жон бошига умумий хизматлар ҳажми 6,5 миллион сўмни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан юқори бўлди (6,4 миллион сўм). 

Лекин, 26та ҳудуд, хусусан, Беруний, Шуманай, Чироқчи, Қамаши, Гулистон, Ховос, Олтинсой, Қумқўрғон, Ўзбекистон, Ёзёвон туманларида бу кўрсаткич анча паст (2 миллион сўмдан кам). 

Транспорт хизматлари аҳоли жон бошига Қўнғирот ва Қоровулбозорда – 4 миллион сўмдан, Чирчиқ ва Урганч шаҳарларида – 3 миллион сўмдан тўғри келиб, энг яхши кўрсаткич сифатида қайд этилган (республика бўйича ўртача 1,6 миллион сўм).

Лекин, Тахиатош, Элликқалъа, Арнасой, Зафаробод, Фориш туманларида транспорт хизматлари аҳоли жон бошига атиги 300 минг сўмни ташкил қилган. Бу дегани ўша ерларда транспорт хизмати йўқ дегани, вазир бунга жавоб бериши керак.

Чакана савдо хизматлари Булоқбоши, Қибрай, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл, Олот, Ғиждувон, Когон, Миришкор, Нишон, Конимех, Учқудуқ ва Кармана туманларида нисбатан яхши ривожланмоқда.

Бироқ, Қонликўл, Тахиатош, Оқолтин, Ховос, Оҳангарон, Пскент туманларида ушбу хизматлар республика ўртача кўрсаткичидан 3 баробар паст. Мана шу туманлар ҳокимлари ҳам ойлик олади, селекторда шуларга ҳам топшириқ берилади. «Темир дафтар»ларини кўрсангиз тўла.

Овқатланиш хизматлари жон бошига Қоровулбозор (745 минг сўм), Қўнғирот (455 минг сўм) ва Кармана (270 минг сўм) туманларида юқори кўрсаткичларни қайд этди. Лекин, бу кўрсаткич Бахмал ва Ховосда – 11 минг сўм, Избоскан, Пахтаобод, Янгиариқ, Қўшкўпир, Бўстон туманлари ва Нурафшон шаҳрида – 15 минг сўмдан, Балиқчи ва Янгиқўрғонда – 17 минг сўмни ташкил этади.

Бекобод, Боёвут, Ҳазорасп, Сергели, Оққўрғон туманларида давлат таълим муассасаларида, Паркент, Сирдарё ва Тупроққалъа туманларида тиббиёт муассасаларида тижорат хизматларини кўрсатиш даражаси ўта паст. 

Энг ачинарлиси, жойларда аниқ методология яратилмагани, шунингдек, сектор раҳбарлари эътиборсизлиги оқибатида, кўрсатилаётган хизматлар ҳажми, объектлар сонини аниқлаш ва ҳудудлар салоҳиятини тўғри баҳолашнинг бугун ҳам имкони йўқ.

Ҳар бир вилоят ҳокими соҳадаги аҳвол ва мутасадди раҳбарларнинг масъулиятини кеча ўз ҳудудидаги селектор йиғилишларида танқидий муҳокама қилди. 27 нафар раҳбарлар лавозимидан олинди, 54 нафарига интизомий жазо берилди. Шундаям вилоят ҳокимлари вазиятни силлиққина ўтказяпти, вазият шундай давом этса, ҳокимларни ўзим ишдан оламан», – деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид