Ўзбекистон | 14:18 / 23.04.2021
11441
3 дақиқада ўқилади

2020 йилда 106 минг гектар ер ҳокимликлар томонидан ноқонуний ажратилган – Бош прокуратура

2020 йилда ҳокимларнинг 106 минг гектар ер майдонини ажратиш тўғрисидаги қонунга зид қарорлари бекор қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Сенат ялпи мажлисидаги ҳисоботида маълум қилди.

«Айни пайтда қонунни бузган 547 нафар мансабдор интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди. Ерларни талон-торож қилиш билан боғлиқ 359та жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи қатъий ҳал қилинди.

Мисол учун, Қибрай тумани ҳокимининг ўринбосари Машрабов “Flower City” жамияти раҳбари Аҳмедовга қарийб 10 гектар ер ажратиб бериш эвазига 15 минг доллар пора олган. Бундан ташқари, Машрабов ўзи ташкил қилган “Sano Mega Stroy” жамиятига туманнинг турли ҳудудларидан жами 10 гектар ерни гўёки иссиқхона учун ажратиш ва сабзавотчиликни йўлга қўйиш мақсадида ажратилишига эришиб, кейинчалик ушбу ер майдонларини 60 минг долларга сотиб юборган.

Ёки Зангиота туманида “Семурғ” фермер хўжалиги бошқарувчиси Тоҳиров фуқаро Петряковга 70 сотих суғориладиган ерни 380 минг долларга сотишга келишиб, 50 минг долларни олганида жиноят устида ушланди. Албатта, қонунни бузган шахслар қилмишига яраша жазоланади. Ердан фойдаланишдаги мавжуд аҳвол ўтган йили парламент, президент администрацияси ва ҳукумат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари иштирокида кескин танқидий муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди», дея Ниғматилла Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, 2020 йил 15 октябр куни ўтказилган президент селекторида ер сотаётган вақтида ушланган амалдорлар ҳақида маълумот берилган, жумладан, Қибрай тумани ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Ж.Машрабов 11 июн куни Қибрай туманидан 9 гектар бўш ер майдонини 60 минг долларга сотишни таклиф қилиб, 35 000 долларга сотаётган вақтда қўлга олингани айтилган эди.

Шунингдек, «Семурғ» фермер хўжалиги бошқарувчисининг жиноий қилмиши ҳақида Ниғматилла Йўлдошев Бош прокуратурада 2020 йил февралда бўлиб ўтган Ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам айтиб ўтганди.

Эслатиб ўтамиз, 2018-2019 йилларда 56 минг гектар ер ҳокимликлар томонидан ноқонуний ажратилгани маълум қилинган эди. Бу йилги рақамлар бир йил ичида бу борадаги қонунбузарлик кўрсаткичи салкам икки баробарга ошганини кўрсатмоқда.

Мавзуга оид