Иқтисодиёт | 21:57 / 23.04.2021
10981
3 дақиқада ўқилади

Банклар 2020 йилда фуқаролардан 445 млн сўм комиссион маблағни асоссиз ундирган

Банклар томонидан асоссиз ундирилган 445 млн сўм маблағ фуқароларга қайтариб берилди, деди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов.

Ўзбекистон Марказий банки банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 2020 йилда 30та тижорат банкидан 730 млн сўмлик жарима ундирган.

Асоссиз ундирилган 445 млн сўм миқдоридаги комиссион маблағлар фуқароларга қайтариб берилган.

Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 23 апрел куни Сенат ялпи мажлисидаги нутқида маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Нурмуродов ўз сўзида аҳолининг молиявий саводхонлиги оғриқли муаммо бўлиб қолаётгани ҳақида тўхталди.

«Аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш – бу бизнинг оғриқли нуқтамиз. Шуни инобатга олиб, Марказий банк томонидан молиявий саводхонликни ошириш бўйича ахборот-таълим ресурси ишга туширилди ва уни молиялаштирган ҳолда «Молиявий саводхонлик асослари» дарслик ўқув-қўлланмасини ишлаб чиқдик.

Буни йўналиши иқтисодий бўлмаган, яъни гуманитар соҳадаги олий ўқув юртларига факультатив тарзда киритиш ниятимиз бор. Шунингдек, бу борада истеъмолчи эслатмаси ҳам чиқарилиб, тижорат банклари орқали 60 минг нуқтада аҳолига тарқатилди.

Даврий сўровлар ўтказиш орқали банкларнинг хизматлар кўрсатиш сифатини баҳолаш услубиётини амалиётга жорий этдик. Бундан ҳали барча банк хизматларидан фойдаланувчи аҳолимиз фойдалангани йўқ. Келажакда буни ҳам кенгайтириб, банкларни баҳолаш бўйича кенг қамровли сўровлар асосида баҳо тизимини жорий қилмоқчимиз.

Бугунги кунда Жаҳон банки билан биргаликда 2021-2023 йилларга мўлжалланган молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилди. 2021 йилда Марказий банк назорат функцияларининг маълум бир қисмини тартибга солувчи махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш ниятимиз бор», – деди МБ раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, капитал бозорини ривожлантиришга оид фармон асосида, «Молия ва инвестиция саводхонлиги» дастури амалга оширилиши хабар қилинганди.

Дастур орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари молиявий саводхонлигини ошириш, мактаб ўқувчилари ҳамда ноиқтисодий йўналишдаги ОТМ талабалари учун «Молиявий саводхонлик» ўқув курсини фан сифатида жорий этиш, Молиявий саводхонлик олимпиадалари»ни ташкил этиш белгиланган.

Мавзуга оид