Ўзбекистон | 17:59 / 23.04.2021
26071
2 дақиқада ўқилади

Бош прокурор ўтган йили Шаҳрисабзда ўзига қўшиб турмуш ўртоғи ва 3 нафар фарзандини ваҳшийларча ёқиб юборган эркак воқеасига тўхталди

Ниғматилла Йўлдошевга кўра, ушбу фожиа эътиборсизлик ва масъулиятсизликнинг аянчли оқибати ҳисобланади. Бу ҳақда у 23 апрел куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисидаги ҳисоботида тўхталиб ўтди.

«Жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлиги, аввало, барча давлат идоралари, маҳалла, кенг жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликка узвий боғлиқ. Афсуски, ҳали бундай ҳамкорликни бекаму-кўст йўлга қўйдик, жамиятда ҳуқуқбузарликка муросасиз муҳитни тўла шакллантирдик деб айта олмаймиз. Шаҳрисабз шаҳрида Наримовлар оиласи билан рўй берган мудҳиш ҳолатдан ижтимоий тармоқлар орқали яхши хабардорсиз деб ўйлайман.

2020 йил 30 июл куни Наримов турмуш ўртоғи билан келишмовчилик оқибатида автомашинасига ўзини, турмуш ўртоғини ҳамда 6, 11 ва 12 ёшли 3 нафар гўдак фарзандларини қамаб, устиларига бензин сепиб, ваҳшийларча ёқиб юборган. Оқибатда, бутун оила фожиа қурбонига айланди.

Жиноят сабаблари ўрганилганда, эр-хотин ўртасида рашк туфайли узоқ муддат ўзаро келишмовчилик, жанжал давом этиб келгани аниқланди. Бунинг устига, Наримов муқаддам содир этган жинояти учун Шаҳрисабз шаҳри пробация хизмати ҳисобида ҳам турган. Бундан қўни-қўшнилар, маҳалла ва қариндош-уруғ тўла хабардор бўлса-да, оиладаги зиддиятларни бартараф қилиш чораларини кўрмаган, профилактика инспектори ҳам, бошқалар ҳам бунга эътибор бермаган. Мана, биргина эътиборсизлик ва масъулиятсизликнинг аянчли оқибати», дея Ниғматилла Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 30 июл куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи эркак шахсий автомобилида кетаётган пайтда турмуш ўртоғи билан тортишиб қолади ва автомобил эшикларини ёпиб, уч нафар фарзанди, турмуш ўртоғи ва ўзига бензин сепиб, ёқиб юборган, оиланинг барча аъзоси куйиш оқибатида вафот этганди.

Шаҳрисабз шаҳрининг «Гулистон» маҳалласида яшаган ушбу оила нотинч оила сифатида рўйхатда турган.

Мавзуга оид