Иқтисодиёт | 14:49 / 23.04.2021
11215
8 дақиқада ўқилади

Давлат харидларидаги шаффофлик қандай таъминланади? — Молия вазирлиги расмийлари билан суҳбат

Ўзбекистонда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Kun.uz қонундаги янгиликлар юзасидан Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Сарвар Назаров ва вазирлик бошқарма бошлиғи ўринбосари Жасур Умаров билан интервью ташкил этди.

— Дастлаб қонунни янги таҳрирда қабул қилишнинг зарурияти ҳақида гаплашсак. Аввалги қонун бундан 3 йил илгари қабул қилинганди. Давлат харидлари тизимидаги қонунчиликни янгилашга нима сабаб бўлди?

Сарвар Назаров: — Қонунни ишлаб чиқиш президент фармони билан амалга оширилди. Бу вазифа Молия вазирлигига юклатилганди. Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, шу билан бирга, хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳ ташкил қилдик. Ҳужжатнинг янги таҳририни тайёрлашда давлат харидларида иштирок этадиган вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам қатнашди.

Бундан 3 йил олдин қабул қилинган қонун норматив ҳужжатларни бирлаштиришга қаратилганди. Лекин иқтисодиёт ривожланиши, шаффофлик оширилишига бўлган талаб ва ахборот технологиялари ўрни ўзгариб бораётгани натижасида бугунги замонда давлат харидлари тўғрисидаги қонунни янгилашга эҳтиёж туғилди.

Бунда асосий ўзгаришлар ахборот технологияларини ривожлантириш ва коррупциянинг олдини олишга қаратилди.

Давлат буюртмачиларининг (бюджет ва корпоратив ташкилотлар) давлат харидлари тизимида харидларни соддалаштирилган тартибда амалга оширишларига урғу берилди. Уларга осонроқ ва тезроқ харид қилиш учун имконият яратилди. Қонунга 50 фоиздан зиёд ўзгартиришлар киритилди.

Бевосита қонундаги асосий ўзгаришларга тўхталсак. Ҳужжатга нима ўзгартиришлар ва янгиликлар киритилди?

Жасур Умаров: — Янги қонун 12та боб, 85та моддадан иборат. Ҳужжатда давлат буюртмачилари ва тадбиркорлик субъектлари учун кенг имкониятлар яратилган.

2020 йилда 124 трлн сўмдан кўп давлат харидлари амалга оширилган бўлса, шунинг 30 фоизи стратегик аҳамиятга эга корхоналар улушига тўғри келади. Янги таҳрирдаги қонун билан стратегик аҳамиятга эга корхоналар ҳам давлат харидлари тўғрисидаги қонун талаблари билан харидларни амалга ошириши кўзда тутилган.

Уставида давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган ҳамда давлат корхоналари ва давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналар улушининг йиғиндиси 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахслар корпоратив буюртмачилар рўйхатига киритилмоқда.

Қонун билан тизимни рақамлаштириш мақсадида давлат харидларининг барча турлари электрон шаклда амалга оширилишига катта эътибор қаратилди.

Танлов, тендер савдоларини ҳам тўлиқ электрон шаклда амалга ошириш режалаштирилган.

Яна бир муҳим жиҳати, давлат харидларида очиқлик, шаффофлик ва жамоат назоратини таъминлашга жуда катта эътибор берилган.

Ушбу қонун билан давлат харидларида иштирок этадиган тадбиркорлик субъектларининг таъсисчиси ким, бенефициар мулкдори кимлигини бевосита очиқлаш орқали кенг жамоатчиликка етказилади.

Харидларни амалга оширишда режалаштиришдан тортиб, охирида шартнома тузиб, товарларни етказиб берганлик бўйича барча маълумотларни махсус ахборот порталида жойлаштириш кўзда тутилган.

— Давлат харидлари – 12 млрд долларлик бозор. Айрим давлат ташкилотлари ноқонуний битимлар эвазига давлат бюджетидаги маблағларни ўзлаштириш ҳолатлари кўп учраяпти. Янги қонун билан мазкур тизимдаги шаффофлик қандай таъминланади?

Сарвар Назаров: Илгариги қонунда 5та харид тури мавжуд бўлган эди. Яъни электрон дўкон, аукцион, танлов, тендер ва ягона етказиб берувчи билан тузиладиган шартномаларга бўлинган эди.

Ўша пайтда фақатгина электрон дўкон ва аукцион электронлаштирилган. Эндиликда барчаси тўлиқ электронлаштирилди. Ҳар бир тадбиркор таклифлари тизимда туради, у ўзи баҳолаб, ғолибни ҳам аниқлаб беради. Бу ўз-ўзидан харид қилиш тартиби очиқлиги таъминланишига олиб келади.

Кейинги йўналишлардан бири Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан алоҳида давлат харидлари бўйича марказлашган ахборот портали яратиш устида ишлаяпмиз.

Бу ҳар бир жисмоний ёки юридик шахсга ўзига керакли маълумотларни олиш имконини беради. Мўйноқдами, Томди туманидами, қанақа харидлар қилиняпти, бюджет ташкилоти қанча маблағ сарфлаяпти ва нималар харид қилди, ҳаммаси очиқ бўлади.

Агар очиқ бўлса, жамоатчилик ва органлар томонидан шаффофлик таъминланади. Ўша бюджет ташкилотлари ҳам харидларни ўйлаб амалга оширади.

— Янги таҳрирдаги қонун билан давлат харидларидаги бюджет харажатларини қисқартириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилганми?

Сарвар Назаров: Бунинг учун давлат харидларида тадбиркорлик субъектларининг кўпроқ қатнашиши масаласини кўриб чиқиш керак бўлади. Ҳозирги кунда давлат харидларида атиги 4 фоиз кичик бизнес субъектлари қатнашяпти. Бу жуда паст кўрсаткич. Яъни кўпчилик тадбиркор бу тизимни билмайди ёки билса ҳам қатнашгиси келмайди. Баъзилар коррупция бор, деб ўйлаб қизиқиш билдирмайди.

Лекин ҳамма маълумотлар очиқ бўлганидан кейин тадбиркорда давлат харидига киришга хоҳиш бўлади. Яъни биринчи навбатда ўзи ишлаб чиқарган товарларини бозорда сотиш учун тайёр тизим турган бўлади. Унга кириб, ишлаб чиқараётган маҳсулотини реклама қилиши ҳам мумкин. Харидларда қатнашиб, ўз маҳсулотини сотиши ҳам мумкин. Шундай имконият яратилади.

Ҳозирда биз ҳудудларга чиқиб тадбиркорларни давлат харидларида қатнашишлари учун тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Талабгорлар кўпайганидан кейин бюджетдан ажратилган маблағ иқтисод қилинади. Натижада қўшимча маҳсулотлар харид қилиш ёки моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун маблағ ортади. Бу тизим маблағларни тежашга олиб келади.

Юқорида 24та стратегик ташкилот харидлари ҳам очиқ тарзда амалга оширилишини айтдингиз. Бу бўйича қандай тартиб йўлга қўйилади?

Жасур Умаров: — Стратегик аҳамиятга эга корхоналар янги қонун талаби бўйича корпоратив харидларни амалга оширади. Бунда харидларнинг турлари ва мезонлари белгиланган.

Буюртмачи нималар харид қилишини электрон порталга чораклик ёки йиллик режасини олдиндан жойлаштиради.

Тадбиркорлик субъекти ҳам қайси товар сотиб олиниши режалаштирилганини олдиндан билган ҳолда, ишлаб чиқаришини ўшанга қараб мувофиқлаштириб боради. Стратегик корхоналар ҳам ўзлари харид қилмоқчи бўлган маҳсулотлар рўйхатини очиқ порталга жойлаштиради.

Сарвар Назаров: — Аввал стратегик корхоналар учун алоҳида қарор бўлган ва ўша ҳужжат асосида харидлар амалга оширилган. Энди харидлар янги қонун асосида олиб борилади. Уларнинг харид қилиш тартиблари соддалаштирилди. Муддатлар ва суммалар қисқартирилди.

Бюджет ташкилотларининг ҳам тўғридан тўғри харидлар қилишига имконият яратилди. Стратегик меъёрлар белгиланди.

— Қонун билан давлат ташкилотлари ва тадбиркорларга харидларда қандай енгилликлар берилади?

Жасур Умаров: Тезкор ва кутиб бўлмайдиган ҳолатларда харидларни тўғридан тўғри амалга ошириш имконияти яратилди. Энг яхши таклифларни танлаш янги тур сифатида қўшилди.

Қонун билан харид турини танлаш имконияти яратилади. Яъни бюджет ташкилотлари БҲМнинг 6 минг баробаридан юқори нархдаги харидларни тендер савдолари асосида амалга оширади.

Электрон дўкон туридаги савдолар эса БҲМнинг 2 500 баробари қилиб белгиланди. Ташкилот шунгача бўлган харидларни 3 та туридан бирини ўзи танлайди. Хоҳласа аукционда энг яхши таклифларни танлаш орқали харидларни амалга оширади ёки электрон дўкон орқали харидларни амалга ошириш мумкин.

Муддатлари қисқартирилди, ихчамлаштирилди. Бундан ташқари, энг яхши таклифларни танлаш орқали харидларни амалга оширишда Харид комиссияси таклифларни кўриб чиқиб баҳолаганидан кейин шартнома тузишдан олдин икки кун муддатга халқ муҳокамасига қўйиш режалаштириляпти.

Ҳеч қандай эътироз ёки таклифлар келиб тушмаган ҳолдагина шартнома тузиш имконияти яратиб бериляпти.

Тадбиркорларга офисдан туриб товарларини электрон портал орқали етказиб бериш, сотиш имконияти яратиляпти.

Исломбек Умаралиев суҳбатлашди.

Тасвирчи – Дониёр Якубов.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид