«Туркияга кимга ишониб келяпсиз?» — Кастамону университети магистранти билан суҳбат
Туркияга келишдан олдин нималарга эътибор бериш, нималарга тайёр бўлиш керак? Uzbek.Life шу мавзудаги саволлар юзасидан Кастамону университети магистранти, блогер Санжар Саид билан интервью ташкил этди.
«Туркияда ишлаш рухсатномасини олиш осон эмас»
— Ҳар бир давлатнинг миграцион қонунчилиги бор. Агар бу ерга талаба сифатида келсангиз, бир қанча имтиёзларга эга бўласиз. Ҳужжат расмийлаштириш, яшаш рухсатномасини олиш, ҳаракатланиш – хуллас талабаларга етарли имтиёз бор.
Яшаш ва туризм мақсадида келганлар учун ҳам қатор имкониятлар бор. Аммо, ишлаш учун келиш бироз қийин. Мамлакат, аввало, ўз фуқароларини иш билан таъминлайди. Шундан сўнггина хорижликлар учун эшиклар очилади. Баъзида эса ишлашга келувчилар сони ортиб кетмаслиги учун сунъий тўсиқлар ҳам қўйилади.
Туркияда расман ишлаш учун рухсатнома («Чалишма изни») олинади. Ва шу жараённинг ўзи ҳам бир қанча мураккаб босқичлардан иборат. Масалан, иш берувчининг талаблари, давлатга тўланадиган солиқлар шулар жумласидан. Баъзан иш берувчилар шу каби масалалардан қочиш учун ўз фуқароларини ишга олишни афзал кўради ёки муҳожирлар ноқонуний ишлашга мажбур бўлади.
«Муҳожирлар чет элдаги ҳаётининг қийинчиликлари ҳақида кўп ҳам гапираверишмайди»
— Биз чет элда яшар эканмиз, ўша мамлакатнинг яхши томонларини кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Муаммолар, қийинчиликлар ҳақида гапирмаймиз. Яъни улар ҳақидаги тасаввурни ўзимиз шакллантирамиз. Яна бир жиҳати шуки, кўпроқ эришган нарсаларимиз ҳақида гапирамиз. Масалан, уй, автомобил оламиз, одамларда чет эл ҳаёти гўзал деган тушунчани шакллантирамиз. Лекин унинг ортидаги меҳнат, машаққатни яширамиз.
Мавзунинг яна бир жиҳати бор. Моддий тарафдан қийин аҳволга тушиб қолган инсон ёрдам олиш учун атрофидагиларга мурожаат қилади. Аслида буни нотўғри тушуниш керак эмас. Сиздан кимдир ёрдам сўраётган бўлса, аввало, моддий аҳволини тушунтиради. Яъни унга ҳам осон эмас. Бу масалада ёрдам бериш лозим. Агар ёрдам бера олмасангиз ҳам, вазиятингизни тўғри тушунтиришингиз керак.
«Чет элга келаётганда «Б» режангиз ҳам бўлиши шарт»
— Биринчи навбатда тил билиши керак. Энг камида, бошланғич билимлари бўлиши зарур. Масалан, турк тили ўзбек тилига яқин бўлгани учун қийинчилик туғдирмайди. Сўнгра, мавжуд қонун-қоидаларни ўрганиши ҳам керак. Ҳеч бўлмаса, тасаввурга эга бўлиши лозим.
Энг муҳими, чет элга келаётган барчанинг иккинчи режаси бўлиши шарт. Агар иш топа олмасам, нима қиламан, деган савол бўлиши керак. Тўғри, чет элда ишлаб, муваффақиятга эришганлар ҳам бор, лекин, афсуски, умрининг энг гуллаган даврини хазон қилганлар ҳам етарлича. Шу жиҳатларни инобатга олиш лозим.
- Тўлиқ видеони Uzbek.Life'нинг YouTube'даги каналида томоша қилинг.
Uzbek.Life'нинг Туркиядаги мухбири
Исфандиёр Бургутбоев суҳбатлашди.
Мавзуга оид
00:32 / 04.12.2022
Туркиянинг биринчи учувчисиз қирувчи самолёти синов парвозини муваффақиятли амалга оширди
00:54 / 03.12.2022
Туркиялик шарҳловчи ЖЧ-2022 ўйини танаффусида эфирдан четлатилди
11:10 / 28.11.2022
Ўзбекистон ва Туркия йирик логистика инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга оширмоқчи
17:10 / 25.11.2022