Иқтисодиёт | 12:02 / 23.04.2021
8252
2 дақиқада ўқилади

«UzAuto Motors» халқаро молия бозорига илк қимматли қоғозларини чиқармоқда

Мазкур транзакция Ўзбекистон корпоратив эмитентлари орасида чиқарилаётган биринчи халқаро облигация ҳисобланади.

22 апрел куни «UzAuto Motors» АЖ жаҳон молия бозори иштирокчиларига 300 млн АҚШ доллари миқдоридаги халқаро облигациялари чиқарилишини ва инвесторлар билан телеконференциялар ўтказилишини эълон қилди.

Компания матбуот хизмати хабар беришича, жараён Ўзбекистон Молия вазирлиги ёрдамида амалга оширилади.

Савдоларни банк-андеррайтерлар Citi (АҚШ), MUFG (Япония), Natiksis (Франция) ва Raiffeisen Bank Internationl (Австрия) каби халқаро миқёсдаги етакчи банклар ташкиллаштиради.

Компанияга кўра, «UzAuto Motors»АЖ халқаро облигацияларни чиқариш мақсадида «С&П» ва «Фитч» халқаро рейтинг агентликларидан «Б+» (барқарор кутилма билан) баҳосига эга бўлди.

«Жорий йилнинг 22-27 апрел кунлари халқаро инвесторлар учун телеконференция (Global Investor Call) ўтказиш ва «яккама-якка» (one-on-one) форматида телеконференциялар давом этиши режалаштирилган ҳамда мазкур тадбирларда бир қатор давлатлар халқаро инвесторларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Халқаро инвесторлар қизиқишлари ва молия бозорларининг ҳолатидан келиб чиқиб, кейинги кунларда буюртмалар китоби очилиши ва халқаро облигацияларнинг фоиз ставкаси белгиланиши кутилмоқда», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, 2018-2020 йилларда Молия вазирлиги, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ, «Ўзмиллийбанк» АЖ ва «Ипотека банк» АТИБ томонидан халқаро облигациялар чиқарилиб, 2,65 млрд АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар хорижий инвесторлардан жалб қилинган.

Мазкур транзакция Ўзбекистон корпоратив эмитентлари орасида чиқарилаётган биринчи халқаро облигация ҳисобланади.

Аввалроқ, «Ипотека банк» Ўзбекистон банклари орасида биринчилардан бўлиб халқаро молия бозорига миллий валютада еврооблигация чиқаришга муваффақ бўлгани хабар қилинганди.

Унда 785 млрд сўм (75 млн AҚШ доллари эквиваленти) миқдоридаги еврооблигациялари халқаро Вена фонд биржасида йиллик 16 фоиз (16,5 фоиз эффектив) купон ставкаси асосида муваффақиятли жойлаштиришга эрилишилгани билдирилган.

Мавзуга оид