Жамият | 01:34 / 24.04.2021
24366
4 дақиқада ўқилади

«Аёл кишига нисбатан айбсизлик презумпцияси бузилган» — депутат Тошкент туманида мактаб директори устидан очилган жиноят иши ҳақида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова Тошкент туманидаги 26-мактаб директорига нисбатан Тошкент вилоят прокуратурасининг хатти-ҳаракатларини қоралади.

Қизилгул Қосимова / Фото: Халқ демократик партияси

Вилоят прокуратураси тергов эндигина бошланганига қарамай, мактаб директори 173 млн сўм бюджет пулини ўзлаштирган деб баёнот тарқатган. Аввалроқ Kun.uz гумондор жиноят ишини уюштирилган деб ҳисоблаётгани ҳақида хабар берганди:

Ҳолатга ЎзХДП фракцияси аъзосининг муносабати партия сайтида эълон қилинди.

«Аслида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади. Лекин нима сабабдан ушбу ҳолатда туман прокуратураси ва хабарни тарқатган ОАВ вакиллари айбсизлик презумпциясига оид тартиб-қоидага амал қилишмади?

Очиғини айтсам, ўзим ҳам кўп йиллик раҳбарлик фаолиятим мобайнида шунга ўхшаш ҳолатларга тушганман. Биласизми, баъзи прокуратура ходимлари ишни хоҳласа жиноятга, хоҳласа адолатга буриб юборади, тақдирини белгилаб қўяди гўё», – дейди депутат.

Қизилгул Қосимова бу сўзлари билан ҳамма жойда тизим вакиллари шундай ишлайди дейишдан йироқлигини ҳам қўшимча қилади. Албатта, тизим ходимлари орасида адолат, касбига масъулият билан ёндашаётганлар кўпчиликни ташкил этади, дейди у.

«Саида Ҳошимова 20 йил ўқитувчи, 8 йилдан буён мактаб директори лавозимида ишлаган экан. У текширувчилар хулосаси ва далолатномасида келтирилган ҳар бир важни изоҳлашга интилар экан, мактаб директори бўладими, бошқа соҳа вакилими, хуллас, ҳаммамизга иш ҳужжатларини юритишга кўмаклашувчи ҳуқуқшунослар, мутахассисларга эҳтиёж катталигича қолаётганига яна бир амин бўлдим.

Сабаби Саида Ҳошимова тушунтиришича, у ўзи томонидан амалга оширилган ишларнинг хат-ҳужжатини расмийлаштириш, уларни рисоладагидек юритишга етарлича эътибор қаратмаган. Эҳтимол, бу борада унда малака, тажриба етишмагандир. Оддий мисол, қўшимча машғулотлар учун ота-оналар томонидан тўланган маблағларга махсус ҳисобрақам очишдек кичик масала бир неча ойлаб пайсалга солингани, бу масалада ҳеч ким мактаб директорига ёрдам бермаганини оқлаб бўлмайди.

Агар прокуратура ходимлари тергов-суриштирув жараёнларида тоталитар режимдан қолган қоғозбозликка муккасидан кетиб қарор қабул қилса, фуқароларнинг қонун ҳимоячиларига, қолаверса, давлатга ишончига путур етиши мумкин», – таъкидлайди у.

Қосимовага кўра, Халқ демократик партияси зиёлилар, ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлаган партия сифатида Саида Ҳошимова иши ва тақдири билан боғлиқ воқеалар тафсилотига томошабин бўлиб қараб турмайди.

«Партиямиз ўқитувчи ва педагогларнинг ўқувчиларга таълим-тарбия беришдек хайрли фаолиятига асоссиз аралашувларни қоралайди. Биз ҳар қандай ҳолатда қонун устуворлиги таъминланиши тарафдоримиз. Қонунни бузган, ўз фаолиятида қонунни четлаб ўтишга интилган ҳар кимга тегишли жазо чораси қўлланилиши лозим.

Лекин қонун ҳимоячилари ҳам қонунда белгиланган тарзда хатти-ҳаракат қилиши лозим, айни ҳолатда аёл кишига нисбатан айбсизлик презумпцияси бузилган, деб ҳисоблайман», – дейди Қонунчилик палатаси депутати.

Эслатиб ўтамиз, директорнинг шикояти Kun.uz'да эълон қилингач, ҳолатга Бош прокуратура эътибор қаратиб, жиноят ишини ўз назоратига олди.

Мавзуга оид