Ўзбекистон | 08:20 / 24.04.2021
3620
2 дақиқада ўқилади

Нукус ва Амударёда кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди

Нукусда 18 нафар шахс номига 390 млн сўм, Aмударёда 2 нафар фуқарога 37 млн сўм кредит чиқарилган. Aммо кредит номига чиққан шахсларнинг бундан хабари йўқ.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нукус шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилди. Унда АТ «Ипотека банк» Қорақалпоғистон Республикаси филиали масъул шахслари ва фуқаро М.Д.нинг 18 нафар қариндоши номига сохта маълумотномалар орқали ажратилган 390 млн сўм кредит маблағларини ўтказгани аниқланган. Маблағлар 3 та МЧЖга ўтказилиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.

Худди шундай ҳолат АТБ «Агробанк» Амударё филиалида ҳам қайд этилган. Банк масъул шахслари 2 нафар фуқаро номига уларнинг хабардорлигисиз сохта ҳужжатларни расмийлаштиришган. Шу орқали 37 млн сўм кредит маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид