Жамият | 16:31 / 24.04.2021
7511
3 дақиқада ўқилади

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар педагогларига қўйиладиган талаблар маълум қилинди

АОКАда ўтказилган брифингда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова агентлик тизимидаги мактабларга ўқитувчиларни саралаш жараёнига аниқлик киритди.

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ҳамда ҳудудларда қурилаётган президент мактабларига малакали педагог кадрларни жалб қилиш, уларни саралаш мақсадида агентлик томонидан job.piima.uz сайти ташкил этилди.

Унга кўра, танлов қуйидаги уч босқичда ташкил этилади:

  • веб-сайтда ариза бериш ва ҳужжатларни тақдим қилиш;
  • тест синовлари;
  • суҳбат (онлайн/офлайн).

Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар мувофиқ шаклда job.piima.uz веб-сайт орқали мурожаат қилиши лозим.

Тест Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тузилган тест синовлари асосида ўтказилади. 

Номзод онлайн тест-платформаси орқали ёки қоғоз варианти шаклида 40 саволдан иборат тест топширади. Тест синовлари 100 баллик тизимда бўлиб, ундан 50 ва ундан юқори балл олган номзод суҳбатга чақирилади.

Суҳбат жараёнида берилган саволлар ва уларга берилган баллар махсус шаклда қайд этилади.

Суҳбат якунлари бўйича комиссия аъзолари томонидан номзодга қўйилган баллар автомат тарзда умумлаштирилади ва ўртача балл ҳисоблаб чиқарилади.

Суҳбат жараёнида 65 баллдан юқори олган номзод ишга таклиф қилинади.

Тенг натижалар юзага келган ҳолда, яъни бир нечта номзод бир хил умумий балл тўплаган вазиятда, номзодни танлаш танлов комиссияси ихтиёрига қолдирилади.

Номзод танлов жараёнида узрсиз сабабга кўра иштирок этмаган бўлса, унга нисбатан «танловдан ўтмади», деган қарор чиқарилади.

Агентликка кўра, талабгорлар қатъий белгиланган мезон асосида танлаб олинади. Саралаш босқичма-босқич ўтказилиб, барча маълумотлар номзодлар қайси босқичда, қандай натижа кўрсатганликларини кузатиб бориш учун job.piima.uz сайтига жойланади.   

Бундан ташқари, сайт базасида малакали педагог кадрларнинг ўзига хос захираси ташкил этиш режалаштирилган. Кейинчалик тизимдаги мактабларда кадрлар заруратига қараб улар жараёнга жалб этилиши мумкин.

Бундан аввал Президент мактабларига кириш имтиҳонлари саволлари намунаси эълон қилинган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид