Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
432 млн сўмлик таклиф турганда 655 млн сўмлик давлат хариди. Юнусобод мактабгача таълим бўлими тузган битим коррупциядан холими?
Юнусобод боғчаларига 432 млн сўмлик таклиф турганда 655 млн сўмлик давлат хариди амалга оширилди. Эҳтимолий кўзбўямачилик ортидан давлат бюджетига 223 млн сўм зарар етган бўлиши мумкин.
Юнусобод тумани мактабгача таълим бўлими тумандаги боғчаларга канцтовар маҳсулотлари етказиб бериш бўйича ўтказилган танловдан 432 млн сўмлик таклиф берган фирмани тушунарсиз сабабларга кўра чиқариб юбориб, айни шу буюртма бўйича 655 млн сўмлик таклиф берган фирмани танлаб олган. Иқтисод қилинмаган сумма қарийб – 223 млн сўм.
Таҳририятга мурожаат қилган “KANSLER” МЧЖ вакили давлат боғчаларига канцтовар етказиб бериш бўйича ўтказилган танловда ноҳақлик бўлганини таъкидлади.
Танлов ҳақида қисқача
2021 йил 26 март куни Юнусубод тумани мактабгача таълим бўлими dxarid.uzex.uz платформасида тумандаги мактабгача таълим ташкилотларига канцелярия маҳсулотлари сотиб олиш бўйича бошланғич қиймати 763 млн 260 минг сўмлик танлов эълон қилади.
Танловда “GROCERY TRADING” МЧЖ 692 млн 268 минг сўмлик, “EKONOM MAX-TRADE” МЧЖ 723 млн 771 минг сўмлик ва “BARHAYOT HAMKOR BUSINESS” МЧЖ 655 млн 58 минг сўмлик таклифлар билан иштирок этади.


Танлов ўтказувчи комиссия юқоридагилар орасидан энг кам сумма таклиф қилган “BARHAYOT HAMKOR BUSINESS” МЧЖни ғолиб деб топади ва шу куннинг ўзида, яъни 2021 йил 8 апрел куни Юнусубод тумани мактабгача таълим бўлими билан “BARHAYOT HAMKOR BUSINESS” МЧЖ ўртасида умумий қиймати 655 млн 58 минг сўмлик товар етказиб бериш шартномаси тузилади.

“KANSLER” МЧЖнинг “ўйин”дан чиқарилиши
Мазкур танловда иштирок этиш мақсадида таклиф жўнатган бешинчи фирма– канцелярия маҳсулотлари етказиб бериш билан шуғулланувчи “KANSLER” МЧЖ танловга бошқа иштирокчиларга қараганда анча кам – 432 млн сўмлик (!) таклиф жўнатган бўлса-да, фирманинг танловда иштироки рад этилади.
Юқорида тилга олинган танлов баённомасида ушбу фирма бир қатор маҳсулотларни шахсан ўзи ишлаб чиқармай, импорт қилиши, шу сабабли президентнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича 4812-сонли қарори талабларига биноан давлат харидларида иштирок этолмаслиги важи келтирилган.

Дарҳақиқат, президентнинг ушбу қарорида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаш мақсадида хорижда ишлаб чиқилган кўплаб маҳсулот ва хизматларнинг давлат харидларида иштирок этишини чеклаш вазифаси белгиланди. Бироқ, ушбу қарорга асосан Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган хорижда ишлаб чиқарилган товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) рўйхатига назар ташланса, 529 турдаги маҳсулот ва хизматлар қаторида канцелярия маҳсулотларини учратмаймиз.
Нега бундай? Чунки, рўйхатни тузган шахслар яхши биладики, 12 варақли дафтар ва бошқа кам сонли канцтовардан бошқа деярли барча турдаги канцелярия маҳсулотлари ўзимизда ишлаб чиқарилмайди ва хориждан импорт қилинади.
“BARHAYOT HAMKOR BUSINESS” МЧЖ канцтовар ишлаб чиқарадими?
Масаланинг яна бир қизиқ жиҳати шундаки, танловда ғолиб деб топилган “BARHAYOT HAMKOR BUSINESS” МЧЖ сўралган канцтоварларнинг барчасини шахсан ўзи ишлаб чиқаришини таъкидлаган. Бу таъкид асосли бўлса эътироз йўқ, лекин ушбу ҳолатда танлов баённомасида айтилган важлар қанчалик асосли эканига ишонч ҳосил қилиш лозим.
2021 йил 8 апрел куни расмийлаштирилган танлов баённомасида “BARHAYOT HAMKOR BUSINESS” МЧЖ корхонаси танловда қатнашган бошқа ташкилотларга нисбатан керакли бўлган ўқув қуролларини ишлаб чиқариш билан шуғулланиши, танловга қўйилган ҳар бир ўқув қуролларидан намуна тариқасида танловга олиб келиб тақдим қилганлиги, ушбу маҳсулотлар комиссия аъзолари томонидан ўрганилганда сифати танлов талабларига мос келиши таъкидланган.

Бироқ, очиқ манбалардан олинган маълумотда “BARHAYOT HAMKOR BUSINESS” МЧЖнинг фаолият тури сифатида канцелярия маҳсулотлари ишлаб чиқариш эмас, балки ихтисослашмаган улгуржи савдо кўрсатилган.

Танлов комиссияси раисининг изоҳи шубҳали
Ушбу ҳолат бўйича Юнусубод тумани мактабгача таълим бўлими бошлиғи, айни давлат хариди бўйича танлов комиссияси раиси – Нигора Аҳмедовадан изоҳ олдик.
Н.Аҳмедова “KANSLER” МЧЖ таклифининг рад этилганига унинг маҳаллий ишлаб чиқарувчи эмаслиги, қолаверса, ушбу фирма қолган фирмаларга нисбатан анча кам нарх билан таклиф жўнатгани комиссия аъзоларини шубҳалантиргани, хусусан, 12 варақли дафтарга ва шарикли ручканинг донасига 500 сўмга яқин нарх берилаётгани уни ҳайратлантирганини таъкидлади.
У ўз фикрини “бозорда шарикли ручка энг ками 1000-1500 сўмдан экани, 500 сўмга ручка топиб бўлмаслиги” билан изоҳлади. Н.Аҳмедованинг қўшимча қилишича, арзон таклиф ортидан сифатсиз маҳсулот етказиш эҳтимоли ҳам мавжуд бўлади ва “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 50-моддасида танловда нафақат нархни, балки сифатни ҳам инобатга олиш талаби қўйилгани сабабли ҳам “KANSLER” МЧЖнинг таклифи рад этилган.
“KANSLER” МЧЖнинг маҳсулотларининг сифатсизлиги факти комиссия томонидан аниқланган ё йўқлиги хусусидаги саволимизга Нигора Аҳмедова ушбу фирма бошқа иштирокчилардан фарқли равишда танловга маҳсулотлардан намуна бермаганини билдирди.
Шунингдек, Нигора Аҳмедова танловда ғолиб деб топилган “BARHAYOT HAMKOR BUSINESS” МЧЖ маҳсулотларни шахсан ўзи ишлаб чиқаришини, комиссия аъзолари ушбу корхонага бориб, ишлаб чиқариш ускуналарини ва маҳсулотлардан намуналарни кўриб, бу ҳақда алоҳида далолатнома тузилганини таъкидлади.
Бундан ташқари, у “KANSLER” МЧЖ томонидан танлов комиссиясига 1-шакл ҳисобот (бухгалтерия баланси) тақдим қилинмаганини, ушбу ҳужжат фирманинг қанчалик ишончли эканини билишда муҳим эканини таъкидлади.
“KANSLER” МЧЖ вакили бу фикрларни рад этмоқда
“KANSLER” МЧЖ вакили танлов шартларида маҳсулотлардан намуна бериш шарти назарда тутилмаганини, комиссияга ҳужжатларни тақдим этаётганида, башарти зарур бўлса маҳсулотлардан намуна бериши мумкинлигини билдирганини, бироқ комиссия раиси Нигора Аҳмедова томонидан намуна бериш шарт эмаслиги айтилганини таъкидлади. Шунингдек, у нархлар шубҳали эмаслигини, аксинча маҳсулотлар устига юқори нарх қўйиб юборилмагани туфайли арзон нархлар таклиф этилаётганини маълум қилди. Бундан ташқари, фирма томонидан танлов шартларида қайси ҳужжатлар сўралган бўлса, барчаси тақдим қилинганини билдирди.
12 варақли дафтар ва шарикли ручкани ростдан ҳам 500 сўмга топиб бўлмайдими?
Нигора Аҳмедованинг нарх масаласидаги фикрларини текшириб кўриш мақсадида 12 варақли дафтар ва шарикли ручкани 500 сўмдан топиш мумкинми, деган савол асосида кичик изланиш ўтказдик.
Натижалар:
12 варақли дафтар – 500 сўм;

“DIP STYLE” русумли шарикли ручка – 500 сўм;

“ALFA 2015” русумли шарикли ручка – 470 сўм.

Бундан ташқари, “KANSLER” МЧЖ томонидан таклиф этилган бошқа маҳсулотларнинг нархлари ҳам бозордаги нархдан унчалик катта фарқ қилмайди ва бозорда чакана савдо нархлари кўрсатилганини ҳисобга олсак, “KANSLER” МЧЖ қўйган нархлар ҳеч қандай шубҳали эмаслигига гувоҳ бўламиз.
Айтиш лозимки, юқоридаги нархлар чакана савдо учун мўлжалланган бўлиб, бозор қонуниятларига кўра улгуржи савдо қилинганда бундан-да пастроқ нархлар таклиф этилиши мумкин.
Ёлғоннинг умри қисқа...
Очиқ манбадан олинган маълумотда “BARHAYOT HAMKOR BUSINESS” МЧЖнинг нафақат канцтовар ишлаб чиқариш билан шуғулланмаслиги, балки канцтовар савдосига ихтисослашмаганини ҳам кўриб ўтгандик. Бу билан чекланмасдан қўшимча маълумотлар тўплашга уриниб кўрдик.
Юқорида танлов баённомасида “BARHAYOT HAMKOR BUSINESS” МЧЖнинг “маҳаллий ишлаб чиқарувчи” дея мақталганига исбот сифатида Нигора Аҳмедова бизга бир нечта ҳужжатлардан нусхалар тақдим этди.



Бироқ ушбу ҳужжатда “BARHAYOT HAMKOR BUSINESS” МЧЖнинг фаолият тури сифатида офсет усулда чоп этиш (полиграфия) фаолияти кўрсатилган. Бундан ташқари, юқоридаги маълумотномада ва суратларда акс этган ускуналар ҳам канцтовар маҳсулотлари ишлаб чиқариш эмас, кўпроқ полиграфия соҳасида фойдаланиладиган ускуналарга ўхшайди.
Аслида ҳам шундай эканлиги “BARHAYOT HAMKOR BUSINESS” МЧЖ таъсисчиси ва раҳбари Сардор Примов билан суҳбатимиз чоғида янада ойдинлашди. Сардор Примов корхонанинг канцтовар ишлаб чиқаришга алоқаси йўқлигини яшириб ўтирмади. Унинг маълум қилишича, корхона канцелярия молларини ишлаб чиқармайди ва бошқалар қатори хориждан олиб келинган маҳсулотларни сотиш билан шуғулланади.
Мантиқсиз ва қонунга зид қарор билан давлат бюджетига 223 млн сўм зарар етмоқда
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, “KANSLER” МЧЖнинг танловдан асоссиз четлатилиши унинг манфаатларига зид бўлиши билан бир қаторда давлат бюджетига 223 млн сўм ортиқча харажатга тушмоқда.
Танлов комиссияси томонидан баённомага ёлғон маълумотларнинг киритилгани эса бу битимни тузишга эришишда коррупция аломатлар ҳам бўлиши мумкин, деган эҳтимолларга етакламоқда.
Ўйлаймизки, ушбу ҳолат Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, прокуратура ва давлат бюджетининг тўғри ва мақсадли сарфланиши учун масъул бўлган Молия органлари томонидан ўрганиб чиқилиши лозим.
Зеро, гап сиз-у биз каби солиқ тўловчилар тўлаган солиқлар ҳисобига шакллантирилган давлат бюджетига 223 млн сўм зарар етказилган бўлиши мумкинлиги ҳақида кетмоқда.
Масъул ташкилотлардан ушбу ҳолатни ўрганиб чиқишни кутиб қоламиз.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бўлиб ўтган хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселекторда энг кўп коррупция қурилиш, тиббиёт ва мактабгача таълим соҳаларида юз бераётгани таъкидланганди.
Аббос Салайдинов
Мавзуга оид
23:54 / 13.03.2025
Индонезия президенти коррупционерлар учун қамоқхона қурилишини эълон қилди
13:20 / 13.03.2025
Бош прокуратурада жиноятчиликнинг олдини олиш масаласида идоралараро йиғилиш бўлиб ўтди
11:44 / 05.03.2025
Бош вазирга 117 та вазирлик ва идорадаги «коррупцияга қарши ички назорат» тузилмалари раҳбарларини ишдан олиш топширилди
11:30 / 05.03.2025