Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инвесторлар ер участкасини олиб қўйиш ташаббуси билан чиқа олмайди – Адлия вазирлиги янги қонун лойиҳасини эълон қилди
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун лойиҳасида фақатгина «жамоат эҳтиёжлари» ибораси қўлланилиб, Ўзбекистон ҳуқуқ тизимида ўрнашиб қолган «давлат ва жамоат эҳтиёжлари» тушунчасидан воз кечилмоқда. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Суҳроб Юсупов маълум қилди.
«Жамоат эҳтиёжлари тушунчаси нима эканлиги аниқ ва тугал белгилаб қўйилмас экан, уни турлича талқин қилиш, хусусий эҳтиёжларни ёки тижорат эҳтиёжларини жамоат эҳтиёжи сифатида талқин қилишга уринишлар бўлиб туради. Шу боис, қонун лойиҳасида ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин бўлган аниқ ҳолатларнинг тугал рўйхати келтирилиб, «бошқа ҳолатлар» каби мужмал қоидалардан буткул воз кечилди.
Энг муҳими, «инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш» ер участкасини олиб қўйиш учун асос бўла олмаслиги назарда тутилмоқда ва инвестор ер участкасини олиб қўйиш ташаббуси билан чиқа олмаслиги белгиланмоқда», дея Суҳроб Юсуповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Лойиҳанинг 5-моддасида ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга асос бўладиган ҳолатлар келтирилган бўлиб улар:
- мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, махсус иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни бериш;
- Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
- фойдали қазилма конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш (кенг тарқалган фойдали қазилма конлари бундан мустасно);
- республика ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, туннеллар, энергетика ва алоқа тизими муҳандислик объектлари ва тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, ирригация ва мелиорация тизимларини қуриш (реконструкция қилиш);
- аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига объектлар қуриш қисмида ижро этиш;
- давлат инвестицион дастурларида белгиланган давлат таълим, тиббиёт, маданият ва ижтимоий ҳимоя муассасаларини марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан қуришни назарда тутувчи лойиҳаларни амалга ошириш.
Бошқа ҳар қандай мақсадларда ер участкалари олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш деб талқин этиш тақиқланади.
Шунингдек, лойиҳада ер участкаларини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилингунгача ташаббускор камида 6та босқичдаги жараёнлардан ўтишига тўғри келади. Шу жумладан, мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказиш каби мажбурий шартларни бажариши лозим бўлади.
«Фақатгина шундан сўнг маҳаллий кенгашлар томонидан ер участкасини олиб қўйиш ташаббуси жамоат эҳтиёжларига хизмат қилади деб топилса, мулкдорлар билан музокарага киришади ва уларнинг ҳар бирининг розилигини олмагунча ҳамда компенсациялар тўлиқ берилиб, кўчмас мулклар бўшатиб қўйилмагунча ҳеч ким уни бузиш, яъни «снос» ҳақида гапира олмайди.
Компенсация берилганидан сўнг кўчмас мулк объектини келишув асосида олти ойгача муддатда бўшатиб қўйишга имконият берилади», дея қўшимча қилди вазирлик вакили.
Мавзуга оид
20:09 / 15.04.2025
Афғонистонлик инвесторлар Ўзбекистондаги фирмалар сони бўйича кучли бешликка кирди
11:28 / 08.04.2025
Коррупциявий жиноятлар Адлия вазирлиги тизимида 22 фоизга, ҳокимликларда 43 фоизга камайди – Антикоррупция агентлиги
10:10 / 04.04.2025
Тасвирга олиш учун розилик олиш талаби ОАВ фаолиятига қандай таъсир қилади? Адлия вазирлиги изоҳи
16:09 / 18.03.2025