Жамият | 10:47 / 27.04.2021
4741
3 дақиқада ўқилади

Ёшлар йилида хўжаободлик ёшлар биносиз қолмоқда: муаммо қандай ҳал этилади?

Андижон вилояти Хўжаобод туманидан бир гуруҳ ёшлар тумандаги Ёшлар агентлиги ва Ёшлар иттифоқи биносиз қолиб кетгани хусусида таҳририятга мурожаат қилишди.

2017 йилда президент томонидан «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати тугатилиб, ўрнига Ёшлар иттифоқи ташкил этилган эди. Иттифоқнинг маҳаллий кенгашларига эса тумандаги коллежлардан жой ажратилганди.

Бинобарин, Хўжаобод тумани ёшлари билан ишлайдиган икки ташкилот «Саноатчилар» МФЙ ҳудудида жойлашган собиқ Қишлоқ хўжалиги коллежида 2017 йилдан фаолият юритиб келаётганди.

2021 йилда текстил соҳасида алоҳида олийгоҳ ташкил этилиши муносабати билан Қишлоқ хўжалиги коллежи хусусий тадбиркорга берилади.

Биносиз қолган ёшлар иттифоқи ва агентлик вақтинча Хўжаобод суғурта маркази биносидаги икки хонага жойлаштирилди. Икки ой давомида ижара шартномасисиз ўзаро келишув асосида бинодан фойдаланиб келинмоқда.

Бироқ шундай бўлса-да, бу бинодаги икки хонада ёшлар билан ишлаш учун қулай шароитлар етарли эмас. Тўғри, хоналар таъмирдан чиққан, бироқ лойиҳалар ўтказиш, тадбирлар ташкил этиш, тўгаракларга ёшларни жалб этиш борасида бу ерда шароит мавжуд эмас.

Биламизки, жорий йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилингани боис, ёшлар билан ишлаш учун етарли шароитлар талаб этилади.

Шунингдек, тумандаги ёшлар етакчиларини мувофиқлаштириш, сардорлар билан ишлаш, ўқувчиларни турли лойиҳаларга жалб этиш ва бошқаларни амалга ошириш учун сардорлар хонаси, тўгарак хоналари, компьютер марказлари мавжуд бўлиши керак. Аммо бутун бошли бир туманда ёшлар билан ишлаш учун бундай шароит яратилмаган.

Энг қизиқ жиҳати — туман ёшлари ўзларини қўллаб-қувватловчи ташкилот қаерда жойлашганини ҳам билишмайди. Негаки, эшик пештоқида на Ёшлар агентлиги, на Ёшлар иттифоқини эслатувчи бирор нарса бор.

Туман ҳокими ўринбосари Рустамжон Эгамбердиевнинг таъкидлашича, кейинчалик туман марказидан алоҳида ёшлар маркази сифатида бино ажратилиши режалаштирилган. Аммо бу йил ёшлар билан ишлаш йилида икки ташкилот қандай фаолият олиб боради, деган савол кишини ўйлантиради.

Рустамжон Эгамбердиев, Хўжаобод тумани ҳокими ўринбосари

 

Суғурта идораси биносининг эгаси ёшлар ташкилоти бу йилча шу ерда тураверишини таъкидлаган бўлса-да, бундай вақтинчалик ечим билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Муаммо кун сайин катталашса катталашадики, аммо бартараф бўлмайди.

Хўжаободлик ёшлар тумани ҳокимлиги мазкур масалага эътибор қаратиб, уни ижобий ҳал қилиб, туман ёшлари учун етарлича шароит яратиб беришидан умидвор.

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид