Ўзбекистон | 18:54 / 28.04.2021
20665
4 дақиқада ўқилади

Коммунал соҳа янги тизимга ўтмоқда. Кўп қаватли уйда яшовчиларни нималар кутяпти?

Ўзбекистонда уй-жой коммунал бошқариш соҳасида янги тизим яратилади: кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш бошқарув компаниялари тасарруфига ўтказилади. Уларнинг харажатлари тийин-тийинигача шаффоф бўлиши маълум қилинди.

Бундан буён янги кўп қаватли уйлар 2 йил давомида қурувчининг тасарруфида қолади. Бу эса қурувчида масъулият ҳиссини оширади. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

Таъкидланишича, бошқарув компанияси томонидан ҳар бир уйга алоҳида ҳисобрақам очилади. Ҳисобга пул тушгандан кейин ушбу маблағ фақат шу кўп қаватли уй-жой учун сарфланади.

Бундан ташқари, бошқарув компанияси турли сервис хизматларини ҳам тақдим этади. Компания томонидан маълум ҳудуд танлаб олинади, ана шу ҳудудда мавжуд уй, боғча, мактаб ёки бирор бир корхона учун индивидуал хизмат кўрсатилади. Барча муассасалар учун шартнома алоҳида тузилади.

Ана шу ҳудуддаги барча коммуникация тармоқлари компания тизимида бўлади ва коммуникация тармоқлари ташкилотлари ҳам бунинг ичидаги амортизация харажатларини қоплаб беради.

Янги тизимда жорий қилинадиган яна бир муҳим жиҳат, ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаш билан боғлиқ. Бунинг учун бошқарув компанияларининг электрон рейтинг рестери юритилади.

Янги электрон рақамли дастур асосида харажатлар бўйича маълумот бериш мақсадида SMS-хабарнома тизими йўлга қўйилади. Смартфон ёки планшетдаги махсус дастур орқали аҳоли ўзининг харажатлар сметаси билан танишиш имконияти яратилади.

«Ҳар бир фуқаро бошқарув компаниясига тўлаётган пули қаерга кетаётганини тийин-тийинигача кўриб туради», – деди вазир Шерзод Ҳидоятов 28 апрел куни журналистларга берган интервюсида.

Ҳидоятовнинг айтишича, республика миқёсида бу тизимга ўтиш учун вилоятлардан биттадан ҳудуд танлаб олинган. 2021 йил якунига қадар Тошкент шаҳри ва вилоятлар шу тизимга ўтказилади.

«Президентимиз коммунал тизими оғир ҳолатдаги кўп қаватли уйларда ҳолатни яхшилаш мақсадида маблағ ажратилишини айтди. Бу борада иш бошладик: бутун республикага хабарнома чиқардик. Олинган маълумотларни ўрганиб чиқиб, кетадиган маблағни аниқлаб, тақдим қиламиз.

Бутун дунёда коммунал соҳа – охирига етмаган, ўрганиш талаб қиладиган соҳа. Бевосита давлат раҳбарининг бу тизимга эътибор қаратиши бизга катта куч берди», – деди вазир.

Маълум қилинишича, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги республикадаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи ширкатлар фаолиятини туркиялик консультантларни жалб қилган ҳолда ўрганиб чиққан.

Ўрганишлар натижасига кўра, 4 430 та ширкатдан 1 351 тасининг молиявий ҳолати яхши,  1 903 тасиники ўрта ва 1 176 тасиники оғир ҳолатда экани аниқланган.

Амалдаги тизимда, шунингдек, коммунал бошқарув соҳасида ҳисоб-китоблар шаффоф эмас, ширкатлар аҳолига уларнинг пули қаерга ишлатилаётганини доим ҳам кўрсатиб бера олмайди. Масалан, Юнусободда 733 млн сўмни 10 та ширкат талон-тарож қилиб юборган. 97 та уйда эса ўтган йили 2,7 млрд сўм (45 фоиз) боқиманда қарздорлик вужудга келган.

Маълумотларга кўра, 25 йилда 2885 та уй қурилган бўлса, сўнгги 3 йилда 3850 та уй қурилган. Бу эса уларни бошқаришда янги тизим яратиш зарурлигини кўрсатади.

Мавзуга оид