Спорт | 13:11 / 28.04.2021
22172
10 дақиқада ўқилади

«Реал» — «Челси»: Турлича бўлимлар. Бензема финал масаласини кейинга қолдирди

Зиданнинг биринчи бўлим учун кутилмаган қарори «Реал»га халал берди, аммо Бенземанинг голидан сўнг ўйин тенглашди.

Фото: Angel Martinez/Getty Images

Мадридликлар ва лондонликлар кучли ёмғир остида ва кўклар жамоасининг франциялик таянч яримҳимоячисининг кучли ўйини билан кечган ўйинда бир-бирига биттадан гол урди. Чемпионлар лигаси финалчиси масаласи кейинги ўйинга қолдирилди.

Чемпионлар лигаси. 1/2 финал. Биринчи ўйин
«Реал» — «Челси» — 1:1 (1:1)
Голлар: Пулишич, 14 (0:1). Бензема, 29 (1:1).
«Реал»: Куртуа, Марсело (Одриосола, 77), Варан, Начо, Карвахаль (Асенсио, 77), Эдер Милитао, Модрич, Кроос, Каземиро, Бензема (Родриго, 90+2), Винисиус Жуниор (Азар, 66).
«Челси»: Менди, Тиагу Силва, Аспиликуэта (Жеймс, 67), Рюдигер, Кристенсен, Чиллуэлл, Жоржинью, Канте, Маунт, Вернер (Ҳаверц, 66), Пулишич (Зиёш, 66).
Огоҳлантиришлар: Винисиус Жуниор, 27. Пулишич, 38. Кроос, 60. Марсело, 65. Варан, 78. Одриосола, 89.
Ҳакам: Маккели (Нидерландия).
27 апрел. Мадрид. «Альфредо ди Стефано» стадиони.
Жавоб ўйини 5 майга белгиланган.

Чемпионлар лигасида бу икки жамоа илк бор тўқнашди. Бу ҳам Суперлига қанчалик ёмон ғоя эканини кўрсатади. Бу турнирда бу жамоа ўзаро ўйнайвериб, мухлисларни зериктириб юборган бўларди. Ҳозирги ҳолатда эса бу тўқнашувга қизиқиш катта эди.

Кадрлар муаммоси «Реал»нинг нафақат таркиб борасидаги, балки схема бўйича танловига ҳам таъсир кўрсатди. Зинедин Зидан Рамос, Менди, Васкес ва Вальверде каби футболчилардан фойдалана олмасди, бу футболчиларнинг йўқлиги эса мураббийни тажрибалар қилишга мажбур қиларди.

Зидан беш нафар номинал ҳимоячини ва фақат икки ҳужумчини туширди. Аммо шу билан бирга «Реал» прессинг учун 3-4-3 схемасини танлади, худди «Челси» каби. Винисиус, Бензема ва Модрич прессингнинг илк чизиғидан ўрин олишди, Каземиро ва Кроос бир чизиқда жойлашишди. Бундай ноодатий жойлашув футболчиларга ноқулайлик келтириб чиқарди.

Томас Тухель ўз одатига кўра 3-4-3 схемасини танлади, аммо унда сюрпризлар ҳам бор эди. Прессинг вақтида ҳужум учлиги вакили бўлган Маунт позицион ҳужумларда ортга қайтиб, Канте билан бир чизиқда жойлашди ва схема 3-5-2 кўринишига ўзгарди. У ҳам, Канте ҳам тўпни орқароқдан олиб чиқишди, ҳужумнинг якуний босқичида олдинга ўтишди.

Таркибда ҳам кичик сюрприз бор эди. Одатда марказий ҳимоя учлигида ўйнаган Аспиликуэта фулбек ролида тушди. Қолган ҳолатларда Тухелнинг танлови олдиндан маълум эди. Ковачич йўқлиги туфайли таянч зонасини Канте ва Жоржиньо жуфтлиги банд этди, Пулишич ва Вернер жуфтлиги ўйинни бошланғич таркибда бошлади.

«Челси» биринчи бўлимнинг биринчи ярмида тўлиқ устунлик қилди. Асосий сабаб — иккита: лондонликларнинг ўзи аъло ўйин кўрсатгани ва «Реал» футболчиларининг позицион тушунмовчиликлари. Меҳмонлар тўпни жуда яхши ҳаракатлантиришди, уни осонлик билан ҳужум вакилларига етказиб беришди, тўп йўқотилганда тезда прессинг уюштирилди ва бу ҳам навбатдаги хавфли вазиятлар манбайи бўлди. Ўйинни назорат қилишдаги сифатни қайд этиш керак: Маунт ўйиннинг 41-дақиқасигача бирорта ноаниқ пас бермади! У ва Пулишичда биринчи бўлим якунларига кўра паслар аниқлиги 90 фоиздан юқори бўлди — Пулишич уч марта шерикларини зарба бериш нуқтасига чиқарди.

Яна бир футболчини эътироф этиш керак — Канте. Лэмпард даврида захира ўриндиғига ўтириб қолган бу футболчи яна порлай бошлади. У таянч яримҳимоясидаги ишини тўхтатмаган ҳолда, кутилмаганда Ковачичнинг вазифаларини ўз зиммасига олди ва тўпни олдинга етказиб бериш билан шуғулланди, у нафақат олдинга паслар узатди, балки рақиб жарима майдони атрофида тўп билан фаол ҳаракатланди ҳам. Ўйин давомида у олти марта рақибларни муваффақиятли алдаб ўтди. У ўз зонасида барча тўп учун курашларда ютиб чиқди, меҳмонларнинг майдон марказида марказий ҳавбеклар сони бўйича камлигини сездирмади - бу орқали майдон марказини рақиб назорат қилишига йўл қўйилмади.

Фото: David Ramos/Getty Images

«Реал» биринчи бўлимнинг катта қисмини янги схемага мослашиш учун сарфлаб юборди. Унинг устига, бу схема ўхшамади. Масалан, Модрич, Бензема ва Винисиус ҳар доим ҳам ҳимоячиларни ўз вақтида зарарсизлантиришга улгурмади. Гол урилган вазиятда Модрич шунчаки вазиятдан узилиб қолди ва Рюдигердан бир неча қадам масофада унга халал бермай турди, ундан ташқари мезбон футболчилар олдинроқда жойлашган ҳамда ҳимоячилар ортида катта бўшлиқ юзага келганди. Рюдигер бундан фойдаланди ва Пулишичга тўпни етказиб берди.

«Реал»нинг иккинчи заиф томони — айнан шу зоналар масаласи бўлди. Марсело ва Кроос позициялари туташган жой. Бу зонага Канте доимий равишда ёриб кираверди, Кроос ва Марсело эса Модричнинг гибрид позицияси ва 3-4-3 схемасидан 3-5-2 схемасига ўтиш мураккаблиги шароитида Кантени ким кутиб олиши борасида келиша олмай, сонияларни йўқотишарди.

«Челси» биринчи соат ичида кўпроқ гол уриши ҳам мумкин эди. Бунга Вернернинг вазиятлардан фойдалана олмаслиги омилидан ташқари (у яна бир неча қулай вазиятларни йўққа чиқарди, вазиятлардан бирида бир неча қадам масофада туриб тўпни Куртуанинг ўзига тепди), қарши ҳужумларда совуққонлик етишмагани ҳам сабаб бўлди. «Челси» тўпни рақибдан олиб қўйгач, ҳужумга ўтишга шунчалар шошилдики, ҳужум вакиллари тўпга етиб бора олмай қолишди ва гол уриш мумкин бўлган қарши ҳужумлар баъзида зарба беришгача ҳам етиб бормади.

«Челси»нинг тўлиқ устунлиги ярим бўлим давом этди ва бу устунлик тактик ўзгаришлар туфайли эмас, тасодифий эпизод туфайли якунланди. «Реал» бурчак зарбасини амалга оширди, Марсело (у бўлим давомида сезилмаётганди) узоқ бурчак томон тўпни узатди, у ерда Каземиро ҳавода тўп учун курашда устун келди ва тўпни марказ томонга ташлаб берди, бу ерда Милитао тўп учун курашда ютиб чиқди, якунда тўп ундан бир метр масофада турган Бенземага келиб тушди, унда вазиятни баҳолаш учун бир лаҳза бор эди. Бу яққол голли вазият эмасди, аммо Бензема уни голга айлантирди. У иккинчи қаватда учиб юрган тўпни боши билан ўзига бўйсундириб, чалқанча ҳолатда зарба берди.

Фото: Gettyimages.ru/Susana Vera; 

Бензема голдан кейин дарҳол майдон маркази томон чопди. У майдоннинг ўз жамоаси қисмига биринчи бўлиб етиб борди.

Бу голнинг «Челси» футболчиларидаги ишончга қай даражада таъсир кўрсатганини аниқ баҳолаш қийин, аммо тўп ҳаракати тезлиги ҳисоб тенглашгандан кейин кескин тушиб кетди. Шу голдан кейин «Реал»нинг прессинги самарали бўла бошлади. Голдан кейин ўйин тенглашди ва бўлим охиригача томонларда яққол голли вазиятлар юзага келмади.

Танаффусда Зидан прессинг-режани ишлаб чиқди. Аниқроғи, олдинги чизиқда бирма-бир прессинг қилишдан воз кечилди. Модрич ва Кроос вазиятдан келиб чиқиб ҳаракатлана бошлади,  Каземиро эса бутун майдон кенглиги бўйлаб уларни ортдан қўллаб-қувватлаб турди. Бундай ўйин бу учлик учун одатий ўйин ҳисобланади, шу туфайли «Реал» эндиликда майдон марказида назоратни қўлга олди.

Иккинчи бўлим ўйин бошидан кутилган тарзда кечди. «Челси» эҳтиёткорлик билан ўйнаб, рақибга ҳатто бурчак зарбаси ижро этиш ҳуқуқини бермасликка ҳаракат қилди, «Реал» эса тўпга эгалик қилишда устунлик қилди, лекин жамоага функционал тайёргарлик етишмади.

Мураббийларнинг секин ўйинини футболчи алмаштиришлар бироз тезлаштирди. Зидан аввал Винисиус ўрнига Азарни, кейин Карвахал ва Марсело ўрнига Одриосоло ҳамда Асенсиони туширди. Тухель ўйиннинг бир соатдан ортиқ қисми ўтганида бирданига уч футболчини алмаштирди Зиёш, Ҳаверц ва Жеймс Вернер, Пулишич ва Аспиликуэтанинг ўрнини эгаллади.

Танаффусдан кейин «Челси»да ягона хавфли вазият бўлди — қарши ҳужумни Варан Ҳаверцни жарима майдонига киришда йиқитиб тўхтатди. Танаффусдан кейин «Реал»да биттагина хавфли вазият бўлди — бурчак зарбасидан кейин Начо зарба берди, уни Каземиро дарвозага тўғрилаб юбориши мумкин эди, аммо улгурмади.

Иккинчи бўлим томошабоп кечмади. Тухелнинг «Челси»си бўлим бошиданоқ ҳисобни сақлаш учун ўйнаб, қарши ҳужумлар уюштириш имкониятини пойлади. «Реал» ҳам ярим ҳимоядаги Кроос ва Модрич, қанотлардаги Карвахал ва Марсело билан ҳали юқори темпли ўйин намойиш этишга тайёрмаслигини кўрсатди.

Биринчи бўлим кутилмаган тарзда ёқимли бўлганди. «Челси» илк 20 дақиқаликда шундай футбол намойиш этдики, миллионлаб мухлислар шундай лаҳзалар учун бу ўйинни яхши кўришади. Бензема эса икки сонияда ўйинда бурилиш ясади. Финал масаласи ҳал бўлмади. Бу эса — ўйиннинг энг яхши якунидир. «Реал» ва «Челси»нинг имкониятлари ҳали ҳам тенглигича қолмоқда, бу эса бир ҳафтадан кейинги ўйинни қизиқарли қилади.

Мавзуга оид