Ўзбекистон | 12:41 / 29.04.2021
3729
3 дақиқада ўқилади

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги метро хизматлари юзасидан ўрганиш ишларини бошлади

Фото: KUN.UZ

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги метрополитен хизматлари хусусидаги ҳолатларни назоратга олмоқда. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабарида айтилди.

Кеча, 28 апрел куни Тошкент метрополитенининг «Новза» бекати яқинида поезд вагони техник носозлик оқибатида тўхтаб қолди. Метродаги носозлик туфайли шаҳар жамоат транспортида юқори даражадаги тирбандликлар юзага келди. «Чилонзор» йўлида ҳаракат тўхтаб қолгани туфайли бекатларда тўпланиб қолган йўловчилар ташқарига чиқишга мажбур бўлишган.

Шунингдек, 18 март куни «Олмазор» (Чилонзор йўли) ва «Бекат-1» (Сергели йўли) орасидаги туннелда иккита поезд тўқнашуви юз берган бўлса, 9 апрел куни ижтимоий тармоқларда поезднинг очиқ эшиклар билан ҳаракати туширилган видео тарқалди. 

Шу билан бирга, метрополитендаги ер ости ва ер усти поезд ҳаракатларининг бир нечта бошқа видеолари ҳам ижтимоий тармоқларда кўп бора муҳокама қилинди. Кеча эса туннелда тўхтаб қолган поезд ҳақидаги видео тарқалди, унда йўловчилар рельслар орқали ҳаракатланиб бекатга етиб олишгани тасвирланган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси маълумотига кўра, «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги қонун 8-моддасида йўловчи ташишнинг асослари белгилаб қўйилган, жумладан:

  • шаҳар йўловчилар транспортининг бир маромда ишлашини ташкил этиш;
  • йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш;
  • йўловчилар ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини, транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини, шунингдек атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талаблари бажарилишини таъминлаш.

«Аммо, «пойтахт ер остидаги» воқеалар хизмат кўрсатувчининг ўз мажбуриятларини бажармаётганидан далолат бермоқда. Ушбу ҳолатлар ва ҳар бир йўловчи истеъмолчи эканини ҳамда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун билан ҳимояланишини эслатган ҳолда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги юқорида келтирилган муаммоларни ўз назорати остига олиб, метрополитен хизматлари юзасидан ўрганиш ишларини бошлаганини маълум қилади», дейилади қўмита хабарида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид