Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Болаларим учун ҳам соғайишим керак» — тўшакка михлансада, иродасини йўқотмаган аёл ҳикояси
Бу галги қаҳрамонимиз Бухоро шаҳрида яшайди. 2015 йил апрелда у тўсатдан чўлоқланиб юра бошлайди ва тез орада орқа мия кўкрак соҳасида ўсма сабабли операция қилинади. Бунга қадар тўрт мучаси соғлом инсон эди, бугун эса тўшакка михланиб қолган ва сизу биздан кўмак сўрамоқда. Kun.uz’нинг навбатдаги хайрия акцияси бухоролик Дилдора Ҳасановага бағишланади.
У касалликка чалиниб ётиб қолиши, кўрилган чоралар, кўнгилдагидек ўтмаган операцияси, қашшоқликда ўтаётган кунлари ва оиласи ҳақида ҳикоя қилиб берди.
«2015 йилда чап оёғимда чўлоқланиш пайдо бўлди. Бунгача бирор сурункали касаллик ёки оғир касал бўлмаган эдим. МРТ қилдирганимизда айтишдики, орқа мия кўкрак соҳасида ўсма бор экан ва шифокорлар бир-икки ой ичида зудлик билан операция қилдиришни тавсия қилишди, йўқса ҳаётим хавф остида эди.
Биз тезда операция учун Тошкентга етиб келдик. Операциядан кейин эса нафақат оқсоқланиб бўлсада юриб турган оёғим ишламай қолди, балки мен бутунлай тўшакка михландим, ҳатто қўлларим ҳам қимирламасди. Шифокорлар кейинчалик ҳаммаси изга тушиб кетишини, доимий реабилитация қилиш кераклигини, соғлом одамлардек юрмасам ҳам, қўлтиқтаёқда юришим мумкинлигини айтишди.
Менинг асосий қаровчим, ғамхўрим хўжайиним, 3 йил давомида тўшакдан туролмаган вақтларимда ҳам ёнимда бўлди. Касалликка йўлиқишимдан аввал бирга новвойлик қилардик, у нон олиб келиб берар, мен эса бозорда сотардим. Кейин эса... ҳаммаси ўзгариб кетди, хўжайиним ҳам менга ғамхўрлик қилиш, ҳам оила тебратиш учун ишларди. Дард қўшалоқ келадими, билмадим, биз касаллик ортидан қашшоқлик ичида қолдик.

Шундай вақтлар бўлардики, рўзғор учун, егулик учун пул тополмасдик, чунки менга ҳар кунлик дори-дармонлар олиш силламизни қуритганди. Шунда болаларим билан “Аллоҳим ўзинг роббимизсан, ризқимизни ўзинг бер” дея дуо қилардик. Аллоҳнинг қудрати билан эрталаб кимдир эшигимизни тақиллатиб, егуликлар ва пул бериб кетарди.
Лекин ҳеч қачон ўзимга бўлган ишончни йўқотмай келяпман ва ишонаманки, ҳеч бўлмаса, болаларим учун ҳам соғайишим керак. Мактабга мажлисга чақиришганда, ўртоқлари нега сенинг онанг келмади деса, ўғлим менинг онам катта ишда ишлайди, вақтлари йўқ дея асл ҳолатни айтмайди, аслида ҳолатимизни барча устозлари билади. Болаларим бахтини кўрсам дейман.
2019 йилдан қўлларим ҳаракатга кела бошлади, реабилитацион машқлар орқали оёқларимни бироз бўлсада қимирлата бошладим. Ҳиндистондан келган шифокорлар чуқур реабилитация қилишни, ҳаракатдан қолмасликни маслаҳат беришди. Ўтган йили пандемия сабаб шифохонага боролмай машғулотларимиз қолиб кетди. Туркия ёки Ҳиндистонда реабилитацияни давом эттириш учун меҳрибон саховатпеша халқимиздан ёрдам умид қиляпмиз. Аллоҳ барчаларингиздан рози бўлсин», дея азиз халқимиздан ёрдам сўрамоқда бухоролик юртдошимиз Дилдора Ҳасанова.
Умид қиламизки, юртдошларимиз бошига ташвиш тушган ушбу инсон ва унинг оиласи тақдирига бефарқ бўлмайдилар ва имконлари етганча яхшиликка далолат қиладилар. Зеро, Аллоҳ ваъда қилганидек, эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир.
Дилдора Ҳасановага тегишли маълумотлар:
UZCARD: 8600 0417 9632 6370 (Дилдора Ҳасанова номида)
Сбербанк: 5228 6005 4526 2083 (Хамрақулов Холмамат номида)
Телефон: +998 90 7103213 (Дилдора Ҳасанова)
Мавзуга оид
20:18 / 08.05.2025
Билл Гейтс 20 йил ичида деярли барча бойлигини хайрияга йўналтиришига ваъда берди
15:18 / 06.03.2025
“Эзгу Амал” жамғармаси янгиланган низомини эълон қилди
15:30 / 03.02.2025
Ўзбекистонда “Она уйи” хайрия лойиҳаси тақдимоти ўтказилди
13:54 / 31.01.2025