Ўзбекистон | 16:51 / 30.04.2021
4346
2 дақиқада ўқилади

Франция билан биргаликда фуқаро авиацияси учувчиларини тайёрлаш мактаби ташкил этилади

Президент “Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Транспорт вазирлигининг Франция Фуқаро авиацияси миллий мактаби (ENAC) билан биргаликда Тошкент давлат транспорт университети таркибида Фуқаро авиацияси учувчиларини тайёрлаш мактабини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Белгилаб қўйилишича:

  • мактабда таълим фаолияти 2021/2022 ўқув йилидан бошланади ҳамда дастлаб қўшма таълим дастурлари (double degree) асосида “Ҳаво кемаларининг парвоз эксплуатацияси” бакалавр таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш ташкил этилади;
  • мактабда талабалар ўқиши учун тўлов-контракт миқдори Франциянинг Фуқаро авиацияси миллий мактаби билан келишилган ҳолда Тошкент давлат транспорт университети томонидан белгиланади;
  • мактаб битирувчиларига Франциянинг Фуқаро авиацияси миллий мактабининг белгиланган намунадаги дипломи берилади ва у Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этилади.

“Uzbekistan Airports” АЖ ва унинг таркибига кирувчи аэропортлар:

  • ўз эҳтиёжлари учун махсус технологик ускуналар, махсус транспорт ва ахборот-коммуникация маҳсулотларини етказиб бериш ҳақидаги импорт контрактларини “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКда комплекс экспертизадан ўтказган ҳамда контракт тузилганлиги тўғрисидаги ахборотни махсус ахборот порталига жойлаштирган ҳолда, ишлаб чиқарувчиларнинг энг яхши таклифларини танлаб олиш йўли билан тўғридан тўғри тузишга;
  • фуқаро авиацияси объектларида иш тажрибасига эга бўлган маҳаллий ва хорижий лойиҳа ташкилотлари билан тўғридан тўғри шартномалар тузишга рухсат берилсин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида “Uzbekistan Airports” АЖ таркибидаги халқаро аэропортлар ва “Ўзаэронавигация маркази” ДУК томонидан чет эл авиакомпанияларига хизмат кўрсатиш (экспорт) билан боғлиқ операцияларни, нархларни хорижий валютада белгилаган ҳолда, шунингдек, ташқи савдо шартномалар тузмасдан ва улар бўйича маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан амалга оширилишига рухсат берилсин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид