Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқанд давлат тиббиёт институтида навбатдаги халқаро анжуман: замонавий лазер технологиялари назариядан амалиётга
Самарқанд давлат тиббиёт институтида “Тиббиёт ва биологияда лазерлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Замонавий лазер технологияларини тиббиётнинг турли соҳаларида қўллаш, фундаментал фанлар инновацион ютуқларини амалий соғлиқни сақлаш тизимига жорий қилиш, соҳа учун мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда миллий олийгоҳларнинг хорижий ҳамкорлар билан алоқаларини мустаҳкамлашга бағишланган халқаро анжуманда Россия, Италия, Исроил, Қозоғистон, Польша ва Ўзбекистоннинг бир қатор тиббиёт олий ўқув юртлари, илмий-амалий марказларидан 200дан ортиқ етакчи мутахассислар иштирок этди.


Илмий-амалий конференциянинг очилиш маросимида СамДТИ ректори, профессор Жасур Ризаев, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика дерматовенерология ва косметология ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт маркази директори Улуғбек Собиров, Бошқирд давлат тиббиёт университети ректори Валентин Павлов (Уфа, Россия), DEKA LASERнинг Ўзбекистондаги вакили Гулнара Расулова ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори Ҳабибулла Акилов сўзга чиқди.
Ялпи мажлисда маърузалар эшитилгач, тадбирнинг асосий иши «Хирургияда лазерлар», «Дерматология ва косметологияда лазер технологиялари», «Касалликларни диагностика ва даволашда лазер технологияларини қўллаш» шуъбаларида давом этди. Шуъбаларда лазер технологиялари ва уларни амалий соғлиқни сақлашда, шу жумладан, хирургия, дерматология, гинекология, косметология, неврология, стоматология ва бошқа соҳаларда қўллашнинг долзарб масалаларига бағишланган 50дан ортиқ маъруза тингланди.



Шунингдек, конференцияда дори воситалари, диагностика ва даволаш ускуналари кўргазмаси ҳам ташкил қилиниб, форум иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.


Самарқанд давлат тиббиёт институтида ўтказилган мазкур халқаро конференция, шубҳасиз, республикамиз тиббиётида замонавий лазер технологияларини қўллаш, тиббиёт соҳасини энг замонавий илмий ютуқлар билан бойитиш, малакали тиббиёт кадрларини тарбиялаш, тиббиёт олийгоҳларининг чет эл университетлари ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Самарқанд давлат тиббиёт институти матбуот хизмати
Мавзуга оид
15:41 / 28.01.2022
Самарқанд давлат тиббиёт институти Туркия олийгоҳлари билан ҳамкорликни кучайтиради
20:00 / 16.11.2021
Самарқанд давлат тиббиёт институтининг янги музейидан мингдан ортиқ экспонат ўрин олди
09:00 / 19.10.2021
Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 800 ўринли биноси фойдаланишга топширилди
10:29 / 18.10.2021