Ўзбекистон | 11:42 / 01.05.2021
400
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 83,5 фоизга етказилади

Хоразм вилоятида 2021 йил апрель ойи ҳолатига аҳолининг 75,9 фоизи ичимлик суви билан марказлашган тарзда таъминланган, қолган 22,8 фоизи муқобил ичимлик сув манбаларидан фойдаланади, 1,3 фоизига ичимлик суви махсус транспорт воситалари орқали етказилмоқда.

Бу ҳақда «Хоразм сув таъминоти» МЧЖ томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

Вилоятда ичимлик суви тармоқларининг умумий узунлиги 7471,3 км бўлиб, шундан 1439 км қисми таъмирталаб аҳволда.

2020 йилда 234,3 млрд сўм бюджет маблағлари ҳисобидан 112та объектда 1784 км ичимлик сув тармоқлари, 57та насос станцияси  қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган ҳолда, 99та объектда 1602км тармоқлар ўтказилди, 49та насос станцияси қурилиб, фойдаланишга топширилди. 

Хоразм вилояти аҳолисини ичимлик сув хизматини яхшилаш учун барча манбалар ҳисобидан 161,4 млрд сўм ажратилган. 2021 йилда ушбу маблағлар ҳисобидан 53та объектларда 730,6 км ичимлик сув тармоқларини қуриш ва реконструкция ишлари амалга ошириш режалаштирилган.
Натижада йил якунига қадар аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 83,5 фоизга етказилади.

Шунингдек, вилоятнинг Урганч, Хива ва Питнак шаҳарларида умумий қуввати 102 минг м3 оқова сув тозалаш иншоотлари, 33 та оқова сув ҳайдаш насос станциялари, 214 км тармоқлар бор. 

Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида умумий қиймати 74,6 млн доллар бўлган «Хоразм вилоятининг ичимлик ва оқова сув тизимини модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида 2020-2024 йилларда Боғот, Гурлан, Қўшкўпир, Шовот, Хонқа, Ҳазорасп ва Урганч туманлари аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш, Питнак ва Урганч сув тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш, жами 323,0 км узунликдаги ичимлик сув қувурлари ва тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, Урганч, Хива ва Питнак шаҳарларидаги мавжуд оқова сув тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш ишлари режалаштирилган.

Натижада, Урганч шаҳрида канализация хизмати кўрсатиш қамрови 80 фоизга, Хива ва Питнак шаҳарларида 70 фоизга етказилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид