АҚШ Ўзбекистонда ўз ҳарбий базасини қайта очиши мумкинми?
Американинг икки нуфузли нашри Wall Street Journal ва The New York Times’да жорий йилнинг 15 апрелида чоп этилган мақолаларда АҚШ ва НАТО кучлари қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши ёки улар сонининг кескин қисқартирилиши муносабати билан минтақада келгусидаги ҳарбий амалиётларни ўтказиш ҳуқуқини олиш учун Пентагон расмийлари теварак-атрофдаги қўшни давлатлар бўлмиш Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида маълум қилинган.
АҚШ президенти Жозеф Байден 14 апрелда қилган нутқида Американинг Афғонистонга интервенциясидан кўзланган бирламчи мақсад бўлмиш Усама бин Лодин 2011 йилда йўқ қилинишидан кейин ўтган сўнгги 10 йил мобайнида америкаликларнинг Афғонистонда ортиқ қолиш сабаблари борган сари мавҳум бўлиб бораётганини таъкидлаган. Байденнинг сўзларига кўра, 2001 йил 7 октябрда президент кенжа Жорж Буш томонидан бошланган «Маҳв этилмас озодлик» ҳарбий амалиётидан бери 2,448 нафар америкалик ҳарбий ва фуқаро ҳалок бўлиб, 20,772 киши ярадор бўлган.
«Ҳозирда мен Афғонистонда америкалик қўшинларга қўмондонлик қилаётган тўртинчи президент бўламан: икки республикачи, икки демократ. Ушбу масъулиятни 5-президент гарданига юкламоқчи эмасман», деган Байден. Бу сўзларини у рамзий маънода Оқ уйнинг Жорж Буш уруш бошланишини эълон қилган хонасидан туриб айтган.
The New York Times газетаси токи АҚШ қўшинларини шу йил 11 сентябрга қадар Афғонистондан олиб чиқиб кетар экан, Пентагон Ғарб иттифоқчи давлатлар билан баҳамжиҳатликда минтақада кўзга кам ташланувчи, аммо ушбу мамлакатнинг яна бир бор мутаассиблар қўнимгоҳига айланишини бартараф этиш салоҳиятига эга қуролли кучни жойлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режасини тузиб чиқаётганини маълум қилган. Унда хабар берилишича, 10 йил аввал Барак Обаманинг Америка қўшинларининг Ироқдан олиб чиқиб кетиш қарори ортидан уч йил ўтиб юзага келган ИШИД билан боғлиқ оғир сабоқлардан хулоса чиқарган ҳолда АҚШ ҳарбий расмийлари қуролли кучларни қаерга, эҳтимол Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда жойлаштириш фикрини иттифоқчи давлатлар билан муҳокама қилган. Бунда давлатларнинг кетма-кетлиги инглиз тили алифбосига зид равишда айнан шу тарзда – Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон, деб берилган. Wall Street Journal газетаси эса The New York Times’дан ўша куни бир неча соат аввал чоп этилган бўлсада Қозоғистонни умуман зикр этмаган.
Шубҳасиз Американинг Форс кўрфази, Ҳинд уммони ҳамда АҚШнинг ўз ҳудудида жойлашган энг сўнгги техника билан жиҳозланган жанговар шунқор ўчоқлари исталган нишондаги объектларга зарба беришга қодир. Гарчи, Араб денгизи сатҳидаги кемалардан муқаддам отилган ракеталарнинг муваффақиятлик даражаси паст бўлган бўлса-да. Маълумки, АҚШнинг Марказий қўмондонлик (CENTCOM) маконига мансуб Иордания ва Қатарда ҳарбий ҳаво базалари бор. Яқингача махсус амалиётлар тарихида нишонни нотўғри пойлаш оқибатида саноқсиз бегуноҳ фуқаролар талафот кўриб, нобуд бўлган. Аммо мавжуд инфратузилманинг жисмонан мавжуд бўлмаслиги НАТО кучларининг Афғонистондаги ҳамкор дала қўмондонлари ҳамда АҚШ генералларининг «Ал-Қоида»га хайрихоҳлар «Толибон» назоратидаги ҳудудларда янги руҳ билан қайта бош кўтаришига олиб келиши тўғрисидаги хавотирларига сабаб бўлмоқда.
The New York Times суҳбат қурган собиқ юқори мулозимли америкалик ҳарбий Афғонистондан чиқиш оқибатларидан хавотирларини билдирган.
«Ушбу мамлакат тўғрисидаги разведка маълумотлари тарк этганимиздан сўнг ҳам келишда давом этади. Шу билан бирга, бу маълумотлар у ерда жисмонан мавжуд бўлишнинг ўрнини асло боса олмайди, пировардида Америка хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича самарадорликни анча камайтиради», деган у.
Газета мухбирлари келтирган Пентагон расмий статистик маълумотига кўра, ҳозирда Афғонистоннинг ўндан ортиқ нуқталарида шартнома асосида 16,832 нафар киши хизматни адо этишга сафарбар этилган. Улардан 6147 нафари АҚШ фуқаролари, 6399 нафари учинчи давлат фуқаролари, 4286 нафари эса маҳаллий афғонистонликлардир. Байден фармонига кўра, АҚШ Афғонистондан 2500 нафар аскарни олиб чиқиб кетмоқчи, бироқ Пентагон аввал очиқламаган маълумотга кўра яна мингга яқин, яъни жами 3500 нафар хизматчиси бор. Ушбу ғализ ҳисоб-китоб ведомостлардан ташқаридаги махсус хизмат аскарлари ҳисобланиб, уларнинг сафида Обама маъмурияти даврида ҳам жамоатчилик назоратидан панада бўлган жанговар фронтларга йўлланганлар бўлган. Мазкур рақам тағин ҳам анча паст, зиддият ўз чўққисига чиққан пайтлари 100 мингдан ортиқ қўшин ўз хизматини ўтаган. Айрим таҳлилчиларнинг фикрига кўра, 100 миллиардлаб долларлар сарфланиб, героин ишлови каррасига ошиб кетган Афғонистонда хориж қўшинлари олиб чиқиб кетилгандан сўнг мамлакатдаги вазият кескин беқарорлашиб, тамагирлик чулғаб олиб, қатъият ва малака савол остида бўлган амалдаги афғон хавфсизлик кучларининг қаршилик кўрсатиш салоҳияти янада сустлашади.
Wall Street Journal газетаси АҚШ мудофаа вазири Ллойд Жорж ҳозирда Вашингтон ўз иттифоқчи ва шерик давлатлари билан биргаликда аксил-мутаассиб кучларни Афғонистоннинг теварак-атрофидаги муайян давлат ё давлатларга жойлаштириш бўйича янги режасини тузаётганини тасдиқлаган, шу билан бирга, унинг тафсилотларини маълум қила олмаслигини баён қилган.
Жо Байден АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши юзасидан қабул қилинган қарор муҳокамага мутлақо ўрин қолмаган ҳақиқатдир деб айтган. У ўз нутқидан сўнг пойтахт Вашингтондаги Ироқ ва Афғонистонда ҳалок бўлганлар дафн этилган Арлингтон қабристонини зиёрат қилган. Афғонистон президенти Ашраф Ғани твиттерда қолдирган хабарида мавзу юзасидан Жо Байден билан мулоқотда бўлгани, «Афғонистон Ислом Республикаси АҚШ қарорини ҳурмат қилишини ҳамда ўтиш даври талафотларсиз бўлишини таъминлаш учун АҚШ ҳамкорлари билан биргаликда ишлаши»ни билдирган.
«Толибон» эса хабар яшин тезлигида тарқалиши заҳотиёқ Вашингтон шафеълигидаги ҳар қандай тинчликни ўрнатиш конференцияларида АҚШ ва НАТО қўшинлари буткул олиб чиқиб кетилмагунига қадар иштирок этмаслиги тўғрисида баёнот берган. Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Америка ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш муддатининг узайтирилиши АҚШ ва «Толибон»нинг 2020 йил 29 февралдаги битимига зид бўлиб, афғонлараро бевосита музокараларини бошлаш бўйича саъй-ҳаракатларни издан чиқариши тўғрисида огоҳлантирган.
Маълумки, АҚШ ҳарбий кучлари Афғонистондаги ҳарбий амалиётларни амалга оширишда Қирғизистоннинг «Манас» аэропортидан 2001-2014 йиллар ҳамда Ўзбекистоннинг «Қарши-Хонобод» ҳарбий базасида 2001-2005 йиллар мобайнида фойдаланган. Афсуски, Афғонистонда ҳалок ва ярадор бўлган, хонавайрон бўлган, мамлакат ичи ва ташқарисида мажбурий муҳожир мақомида саргардон бўлганларнинг аянчли статистикаси мавжуд эмас.
АҚШ расмийлари ва даврий нашрлари келтирган хабарларда жон бўлиши мумкин. Чунки жорий йил апрель ойининг бошида АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлигининг Стратегия, режалаштириш ва сиёсат бошқармаси директори ўринбосари бригада генерали Дюк Пирак Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатимиз Мудофаа вазирлиги ҳамда Миллий гвардиясида учрашув бўлиб ўтган. Мазкур учрашувларда томонлар «икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиб, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янада самарали йўлга қўйиш, шунингдек, ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича долзарб масалалар»ни кўриб чиқишган.
Гап шундаки, АҚШ ва НАТО кучлари нафақат ўз ҳарбий ва фуқаро хизматчиларини, балки қурол-аслаҳа ва жиҳозларни ҳам мамлакатдан олиб чиқиб кетиши кутилмоқда. Ўзбекистон қуролли кучлари ўз ҳарбий салоҳияти бўйича GlobalFirePower 2021 ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи ўринда, ўрганилган 140 дунё мамлакатлари умумий рейтинги бўйича 51-ўринда туради. Тегишли равишда Қозоғистон 62, Туркманистон 86, Қирғизистон 93, Тожикистон эса 99-ўринни эгаллайди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепциясига кўра, мамлакат ҳудудида хорижий давлат ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўйилмайди. Тошкент халқаро миқёсда ўз ҳарбий эҳтиёжларини қондириш ҳамда ортиқча мажбуриятлардан холи туриш учун аксарият дипломатик мулоқотини икки томонлама муносабатлар асосида қуришни афзал, деб билади. Шу билан бирга, Афғонистонни ташқи дунё билан боғловчи ягона темир йўли Ўзбекистон билан боғлангани унинг Марказий Осиё хавфсизлик масалаларида етакчи ўрин ва ролни бажаришини табиий равишда кафолатлаши мумкин.
Афғонистонга аслаҳа ва қўшинларни олиб кириш ва олиб чиқиш бўйича 2000-йилларда Шимолий тақсимот тармоғи (NDN) амалда мавжуд бўлиб, у Мозори-Шариф-Термиз-Қозоғистоннинг Актау-Боку ва Грузиянинг Поти бандаргоҳи орқали синалган маршрут йўлга қўйиб келинган. АҚШ Ўзбекистонда ўзининг тўлақонли ҳарбий базасини очмаса-да, томонлар миллий манфаатларига мос келган тақдирда, минтақавий хавфсизликни таъминлаш мақсадида эҳтимол аввалги NDN йўлагидан яна фойдаланишни тақозо этиш-этмаслигини вақт кўрсатади.
Забихулла Саипов,
сиёсий фанлар номзоди, мустақил тадқиқотчи.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
16:34 / 08.11.2024
Россия Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини истайди — Путин
18:05 / 06.11.2024