Жаҳон | 23:15 / 02.05.2021
14554
6 дақиқада ўқилади

Эпидемия даврида қайси мамлакат ўз фуқароларига қанча миқдорда иқтисодий ёрдам кўрсатмоқда?

Тўлиқ ёки қисман ёпилишга дучор бўлган дунёнинг кўплаб мамлакатлари даромадларни қўллаб-қувватлаш, моддий ёрдам ва солиқларни камайтириш каби амалиётлар билан аҳолининг коронавирус эпидемиясидан жабр кўриш даражасини камайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Хўш, қайси давлат ўз фуқароларига қандай ва қанча миқдорда иқтисодий ёрдам кўрсатмоқда?

АҚШ

АҚШ президенти Жо Байден январь ойида лавозимига киришгандан сўнг 1,9 триллион долларлик иқтисодий рағбатлантириш пакетини имзолади. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, АҚШ ушбу ёрдам учун ўз миллий даромадининг 25,4 фоизини ажратган.

Рағбатлантирувчи пакет доирасида оилаларга жами 1 триллион доллар тарқатилди, барча америкаликларга киши бошига 1400 доллардан берилди.

Уй-жой, озиқ-овқат ва тиббий ёрдамдан ташқари, болали оилаларга солиқ имтиёзлари ҳам таклиф этилмоқда.

Қайд этиш жоиз, ушбу мамлакатда ўтган йил баҳорида коронавирус чекловларидан сўнг 11 миллиондан ортиқ одам ишсиз қолганди.

Англия

Миллий даромаднинг 16,3 фоизини ёрдамга ажратган Буюк Британияда даромадларни қўллаб-қувватлаш режасига мувофиқ, пандемия туфайли ишлай олмаганларнинг ишлай олмаган соатига кўра маошнинг 80 фоизи давлат томонидан қоплаб берилди.

Ойига максимал 2 минг 500 фунт стерлинг миқдорида иш ҳақи ёрдами кўрсатилди.

Шунингдек, ҳукумат етказиб бериш хизматлари билан чекланган кафе ва ресторанлардан озиқ-овқат сотиб олишни рағбатлантириш учун «Ташқарида овқатлан, ёрдам бер» шиори билан кампания бошлади. Ушбу корхоналар август ойида давомида мижозларга қилган 50 фоиз чегирмани ўзи қоплашга рози бўлди.

Буюк Британияда якка тартибдаги иш билан банд бўлган 600 мингдан ортиқ кишига даромадни қўллаб-қувватлаш режаси таклиф қилинди, аммо бундан кўзланган натижага эришилмади. Товар айланмасининг 30 фоизи ёки ундан кўпроғини йўқотувчи корхоналарга улар фойдасининг 80 фоизигача грантлар берилиши мумкин.

Декабрь ойида қўйилган сўнгги чекловлар апрель ойидан бошлаб аста-секин бекор қилина бошлади. 12 апрель куни чора-тадбирлар юмшатилиши ортидан дўконлар, сартарошхоналар, спорт заллари ва кутубхоналар қайта очилди, ресторан ва паблар очиқ ҳаво майдонларида хизмат кўрсатишни бошлади. 21 июндан бошлаб барча тармоқларнинг ишга туширилиши кутилмоқда.

Буюк Британия ҳукумати 9 миллиондан ортиқ одамга фойда келтиргани маълум қилинган режани сентябрь ойигача узайтирди.

Германия

Германияда коалицион ҳукумат пандемия бошланганидан бери 156 миллиард евро, 130 миллиард евро ва 60 миллиард евро миқдоридаги учта молиявий рағбатлантириш пакетини эълон қилди. Мамлакат миллий даромадининг 11 фоизи ёрдам учун ажратилди.

Рағбатлантириш доирасида озиқ-овқат маҳсулотларининг ҚҚС ставкаси 7 фоиздан 5 фоизга, истеъмолни ошириш учун қўшимча қиймат солиғи вақтинча 19 фоиздан 16 фоизга туширилди.

«Барча учун рағбатлантирувчи пакет» шиори остида эпидемиядан зарар кўрган оилалар, ишсизлар, қариялар ва ёшларга қўшимча моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Кичик бизнес эгалари ва якка тартибдаги ишчилар ҳам 50 миллиард евролик ёрдамдан фойдаланмоқда.

Февраль ойида оилаларга ҳар бир бола бошига аввалги 300 евролик ёрдамга қўшимча сифатида 150 евро миқдорида бир марталик ёрдам берилиши маълум қилинди. Санъат ва санъаткорларни қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан 2 миллиард евро ажратилди.

Россия

Миллий даромадининг 2,9 фоизини моддий рағбатлантиришга ажратган Россияда иқтисодий рағбатлантириш тўплами доирасида турли дастурлар мавжуд.

Ишсизлик нафақасини 5 ой давомида энг кам иш ҳақи даражасига келтирилиши, карантинда бўлган шахсларга касаллик таътиллари берилиши, моддий ёрдам кўрсатилиши, болали оилалар учун бир марталик пул ёрдами, энг кўп зарар кўрган тармоқларга давлат кўмаги ва солиқларни кечиктириш шулар жумласидандир.

Ишсизларга ёрдам миқдори 8 минг рубл (107 доллар)дан энг кам иш ҳақи миқдори 12 минг 130 рубл (162 доллар)га кўтарилди.

Ҳиндистон

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 2020 йилда эпидемиянинг иқтисодий таъсирига қарши курашиш учун 20 триллион рупия (265 миллиард доллар) миқдоридаги илк ёрдам пакетини эълон қилди. Мамлакатда молиявий ёрдам кўрсатиш миллий даромаднинг 3,1 фоизи даражасида.

Молиявий пакет доирасида янги объектлар учун солиқларни камайтириш, хорижий компаниялар учун эса инвесторларни рағбатлантириш ва кичик бизнес учун кредитни қўллаб-қувватлаш каби чоралар кўрилди.

Шунингдек, Ҳиндистон ҳукумати ноябрь ойида 35 миллиард долларлик молиявий рағбатлантириш пакетини эълон қилди.

Муҳожирлар, деҳқонлар, кўча сотувчилари каби кам таъминланганларга махсус ёрдам кўрсатилди. 8 миллиондан ортиқ фермерга 26,25 доллар миқдорида ёрдам берилиши эълон қилинди.

Мамлакатда ҳар ой камбағалларга 5 кг буғдой ёки гуруч ёрдами, нафақахўр, ногирон ва бева аёлларга 13 доллар, аёлларга 19,6 доллар тўғридан тўғри пул ёрдами берилмоқда.

Ҳиндистон ҳукумати ва Жаҳон банки декабрь ойида камбағалларни қўллаб-қувватлаш учун 400 миллион долларлик ёрдам лойиҳасини имзолади.

Туркия

Туркияда ҳукумат 2020 йил март ойида 100 миллиард лиралик «Иқтисодий барқарорлик қалқони» деб номланган рағбатлантирувчи пакетни эълон қилди.

Молиявий пакет доирасида ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйган иш жойларида ишловчиларга вақтинчалик даромадни қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилаларга 2 миллиард лиралик маблағ ўтказиш, қисқа муддатли иш ҳақидан фойдалана олмайдиган ёки ишдан бўшатилганда ишсизлик нафақасини ололмайдиган ишчиларга кунлик 39,24 лира миқдорида ёрдам кўрсатиш белгиланди.

Ички ишлар вазирлиги томонидан чиқарилган сўнгги кўрсатмада 29 апрель оқшомидан 17 майгача давом этадиган узлуксиз комендантлик соатидан таъсирланувчиларга мўлжалланган молиявий қўллаб-қувватлаш режасининг ўрин олмагани танқид қилинмоқда.

Инқилобий касаба уюшмалари конфедерацияси (DİSK) тадқиқот марказинıнг Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига асосланган тадқиқотида Туркия коронавирусга қарши курашиш учун энг кам пул сарфлаган ва молиявий ёрдам ажратган давлатлардан бири эканлиги таъкидланди.

Ҳисоботда Туркия Covid-19’га қарши курашиш учун миллий даромадининг атиги 1,1 фоизини ажратгани таъкидланди. Халқаро валюта жамғармасининг апрель ойидаги ҳисоботида эса ушбу кўрсаткич 1,9 фоиз деб эълон қилинди. 

Мавзуга оид