Жамият | 15:10 / 02.05.2021
57071
11 дақиқада ўқилади

«Мудҳиш хатога йўл қўйганман» – 8 йилдан бери ватандан узоқдаги маҳкума ҳикояси

Нигора Умарова, 30 ёшда. Тожикистонлик. 2014 йилда Россияда қамалган. Кейин у ердан Ўзбекистонга олиб келинган. ЖКнинг 160-моддаси бўйича айблов қўйилган. 8 йилдан бери Зангиотадаги қамоқхонада, яна 6 йил муддати қолган. Бу ердаги маҳкумаларга энг кўпи билан 13 йил-у 4 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси берилган.

Бу ҳаётда ҳар бир инсоннинг ўз миссияси бўлади. Дунёга келишдан асосий мақсадини англаб олган инсон умри давомида инсониятга фойдаси тегадиган ишлар қила олади. Тўғри йўлдан адашганлар эса синовларга дош беролмай, қайта-қайта хато қилаверади. Зангиота туманидаги 24-сон аёллар жазосини ижро этиш муассасасидаги маҳкумалар билан гаплашиб, шу каби ҳаётий хулосаларни олиш мумкин. «Маҳкума» лойиҳасининг навбатдаги сонида ҳаётда адашиб, муҳим хулосаларга эга бўлган аёлнинг тақдири ҳикоя қилинади.

«Мудҳиш хатога йўл қўйдим»

17 ёшимда турмушга чиққанман. Турмуш ўртоғим билан 3 кун яшаганман, автоҳалокатга учраб, вафот этган. Қизлик уйимга қайтиб борганман. Отам бошқа аёлга уйланган эди. Ўз онам анча йиллар олдин вафот этганди, уни кўрмаганман. Уйга қайтганимдан бироз вақт ўтиб, ўғил фарзанд кўрдим. Ўгай онамнинг асоссиз жанжаллари туфайли уйни ташлаб кетганман. У дадамнинг учинчи хотини бўлган. Туғишган онам дадамнинг биринчи аёли бўлган. Иккинчи марта оила қургач, отам қамалиб кетди. Иккинчи онам кетиб қолган. Қамоқдан чиққач, учинчи марта уйланди.

Учинчи онамнинг қилиқларини кўтаролмай, уйдан чиқиб кетдим. Боламниям олиб кетмоқчи бўлдим, аммо ўгай онам бермади. Ёлғиз ўзим кетдим. Бу орада бир аёл билан танишдим. У Ўзбекистонда сенга ресторандан иш топиб бераман, пул топиб, болангга жўнатасан, деди.

Ўшанда менинг паспортим йўқ эди, фақат туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бор эди, холос. Эрталаб соат 6:30да Бекободдаги Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидан ўтдик. Кўприк тагидан ўтиб кетдик. 

Сирдарёнинг Ширин шаҳрига етиб бордик. Ўша пайтлари қишлоқнинг содда қизи бўлганман, ким нима деса ишониб кетаверганман. Бир уйга келдик, қизлар жуда кўп экан. Қизлар кириб-чиқиб, ўша ердаги Жамила исмли аёлга пул санаб беришган ҳолатларини кўриб, ҳеч нимани тушунмаганман. Жамила опа олдимга келиб, менга яхши муомала қила бошлади. Унга бошимдан ўтган барча воқеаларни айтиб берганман. Улар менинг соддалигимдан фойдаланишди. 

Жамила опага бу ерга ресторанда ишлаш учун келганимни, тезроқ пул топиб боламга олиб боришим кераклигини айтган заҳотим, атрофимдаги қизлар кулиб юборишди. Жамила опа «Қанақа ресторан? Сен бу ерга фоҳишаликка келгансан», деб айтди. Ўша пайти жойимда қотиб, музлаб қолдим. «Дадам одам ўлдиргани учун қамалиб чиққан. Бу ишим учун мени соғ қўймайди. Ҳеч қачон бу ишни қилмайман», дедим. Қилмаган ишимни барибир қилдим. Ҳозиргача ўйлайман: шу йўлга кирмаганимда, қамалмаган бўлардим.

Жамила опа мени олиб келган Диля опага (у ҳам қамалди) телефон қилиб, «Бу қизга нима учун келганини тушунтирмадингми?» деб сўради. Телефонни шартта олиб, Диля опага бу ишни қилмаслигимни айтдим. У ҳеч нарсани тушунтирмай, ҳозир етиб келишини айтди. Фоҳишалик қиласан, дейишганда, бу иш ёмон иш эканлигини билардим, оёқ-қўлларим қалтираб кетганди ўшанда. Бироздан кейин Диля опа келиб, аввалдан менга фоҳишалик қилишимни айтганини таъкидлади. Ўжарлик қилиб туриб олгач, мени алдаб бозорга олиб боришди. У ерда кийимлар олиб беришди, гўзаллик салонига кирдим. 

«Боламни фарзандсиз оилага беришни ният қилиб юргандим»

У ердан қайтгач, тамадди қилиб олдим. Еган-ичганим таъсирида ўзимни бошқаролмай қолдим. Кейин билсам, овқатимга 2та дори қўшишган экан. Шундан кейин ҳаммаси бошланди. 1 йил давомида шундай яшадим. 

Пул топиб, ўзимни эплай бошлаганимда, Тожикистонга, уйимга бордим. Борсам, болам бешикда, ахлати устида бўлиб ётган экан. Ўгай онам боламга яхши қарамаганди. Боламни бешикдан олиб, ювинтирдим. Кейин дадам келиб, қаерда юрганимни сўради. Аямга бу ердан кетсин, боласиниям олиб кетсин, деб айтибсиз-ку, дедим. Дадамга Ўратепада ресторанда ишлаяпман, деб алдадим. Дадам: «Ўзинг биттасан. Сени боқолмайманми?» деб уришди. Кунларнинг бирида дадам ичиб келди. Менга қарата ўта ҳақоратли гаплар айтди. Табиийки, чидолмай кечаси бўлишига қарамасдан, боламни олдим-да, уйдан чиқиб кетдим. Шаррос ёмғир ёғаётганди.

Боламни олиб ўша жойга қайтдим. Болам 1,5 яшар бўлса ҳам юрмасди. Албатта, бу мени хавотирга соларди. Болам қўлимда ўлиб қолса, ўзимни ҳеч қачон кечиролмасдим. Фарзандсиз оилага боламни беришни ўйлаб юргандим. Кечки вақт уйдан чиқдим. Қайтиб келсам, болам йўқ. Жамила опадан сўрасам, у тушунтирмади ҳеч нарсани. Ўша ердаги қизлардан бири Жамила опа болани яхши оилага бериб юборганини айтди. 

Ўшанда 2010 йил эди. Шу воқеадан кейин Тожикистонга ўтиб кетдим. У ердан Россияга учиб кетдим. Россияда арман аёлнинг боласига энагалик қилдим. Орадан 3 йил ўтиб, Тожикистондан отам телефон қилиб, мени бир аёл сўраб келганини айтди. У болани асраб олган аёл экан. Боламнинг ҳужжатларини тўғрилаш масаласида менга қўнғироқ қилибди. Самолётга чипта олиб, ҳужжатларни тўғрилаш учун Ўзбекистонга қайтдим. Барча ҳужжатларни тайёрлаб, ҳатто нотариусга бориб, оналикни даъво қилмайман, деб қўл қўйиб бердим. 

«Қилмаган жиноятимни тан олдим, чунки ўрнимга дадамни қамашларини айтиб, қўрқитишди» 

2013 йилда мени халқаро қидирувга беришди. Ўзбекистон чегарасини ноқонуний бузиб ўтиш айблови қўйилди. Ундан олдин ҳам Ўзбекистонга келиб-кетиб юрганман. Болалигимизда дадам қамалгач, мени болалар уйига, акамни эса Бекободда яшайдиган тоғамга бериб юборишган. Йиллар ўтиб, акамни, бошқа қариндошларни кўриш учун Ўзбекистонга ўтганман. Онам ҳам ўзбекистонлик бўлган. 

Россияда бўлган пайтимда ўгай онам телефон қилиб, мени соғинганини айтиб, қайтишимни сўради. Мен ҳам уларни соғингандим. Россияда аэропортда милиционер паспортимга қайта-қайта қаради, чеккага ўтиб туришимни сўради. Анча вақт ўтди. Уларга паспортимни беришларини, кетишим кераклигини айтдим. Мени Ўзбекистон халқаро қидирувга берганлигини айтишди. Сабаби сифатида одам савдоси жиноятини содир этганим айтилди. Вояга етмаган болани сотиб юборган эканман. Уни сотиб юбормаганман, ўзим берганман, десам ҳам фойдаси бўлмади. Вояга етмаган қизларни мажбурий ишлатганим айби ҳам қўйилганди. Улар хоҳлагани учун шу ишни қилишган, мажбурламаганман. 

135-модда билан мени суд қилишди. Судда болани ўз хоҳишим билан берганимни айтдим. Лекин шунда ҳам 9 йил муддат беришди. 4 йилдан кейин амнистия берилди, шу билан чиқиб кетишим керак эди. Яна қайта қамоқхонага олиб боришди. Орадан 1 ой ўтиб, мени тергов қилишди. Ўзбекистон чегарасидан биринчи марта қачон ўтгансан, деб сўрашди. 2002 йилда ўтганимни айтдим, чунки дадам 2001 йилда қамоқдан чиққач, 2002 йилда Ўзбекистондан уйланганди. Ундан ташқари, онамнинг қабри, қариндошлари Ўзбекистонда бўлгани учун ўтиб қайтганман. 

Фоҳишалик қилганингда Тожикистон томонга Ўзбекистон прокуратураси, ҳарбий қисмлари чизмасини айтиб берганмисан, деб сўроқ қилишди. Тожикистонга бу нима учун керак, деб сўрадим. Терговчилар шу ишни қилгансан, деб бўйнимга қўйишди. Сенинг шерикларинг ватан хоини бўлиб, турмада ўтирибди, дейишди. Улар ўзини сотган, холос. Охири менга шу айбни қўйишди. 15 йил муддат беришди.

Тан олишга мажбур бўлдим, чунки дадангга шу айбни қўямиз. У сенинг ўрнингга 20 йилга қамалади, дейишди. Қўрқдим, дадамни ўйладим ва айбни тан олдим. Ҳозир умумий муддат 13 йил-у 4 ой қилиб қисқартирилди. Яна 6 йил муддатим қолди. 

«Меҳр кўрмай ўсдим»

Бу ерда ортимдан ҳеч ким йўқлаб келмайди, яқинларим келишини хоҳламайман. Акам Ўзбекистонда яшайди. Унинг келишини, мендай синглисини деб боши эгилишини истамайман. Колонияга биринчи келганимда, дадамга хат ёзгандим. «Ўлмасам чиқаман. Мени йўқлаб келманг», деб хат ёзганман. Хатни балки олгандир, балки йўқ. Унисини билмадим. Дадамни охирги марта 2013 йилда кўрганман. Бу ерда энг кўп турмуш ўртоғимни эслайман. 3 кун яшаганман, автоҳалокатда вафот этган. Турмушга чиқишимдан олдин биз 5 йил гаплашганмиз.

Кўп ўйлаганман: нега менинг дадам бошқалар каби меҳр бермаган? Турмуш ўртоғим билан биринчи марта гаплашганимда, менга жуда яхши муомала қилган. Дадамга қўполлик қилганимда, бирор ишда хато қилсам, менга тўғри йўл кўрсатарди. Дадам хато иш қилсам урарди. Шунақа вазиятларда унга қўнғироқ қилиб дардимни айтардим.

Турмуш ўртоғим менга умуман ёмон гап айтмаган, уришмаган. Балки у ҳаёт бўлганида, бунақа ҳолатлар бўлмасмиди? Инсон ҳаётида меҳр жуда катта рол ўйнаркан. Айниқса, она меҳри. Нимага онам ўгай бўлсаям менга меҳр беришни истамаган, деб ўйлайман. Ахир, боласини жигаридай кўрадиган ўгай оналар ҳам бор-ку? 

«Дадам ҳар қанча ёмон бўлмасин, мен уни яхши кўраман»

Туғишган отам бўла туриб, худди бегонадай яшаганман. Ҳаттоки дадам билан ўтириб тамаки чекардим, ичардим. Қайси ота қизи билан очиқчасига тамаки чекиб ўтиради, ичади? Минг ёмон одам бўлсин, менга меҳр бермасин, барибир у менинг падарим. Бу ердан чиққач, биринчи бўлиб қиладиган ишим – дадамнинг олдига бош уриб бориб, кечирим сўраш. Дискотекада йигитлар билан кайф-сафо қилиб ўтирганимда, дадам ҳол-ахволимни сўраб қўнғироқ қилса, кўтармасдим. Ҳадеб телефон қилаверганидан охири кўтарсам, мендан хавотирланганини айтарди. Мен эса дадамни уришиб, телефонни ўчириб қўярдим. Олдимдаги йигитларни деб дадамни хафа қилардим. 

«Бу дунёда ота-онадан бошқа ҳеч ким дўст эмас»

Колонияга келиб жуда кўп нарсаларни англадим. Ота-онангиздан бошқа ҳеч ким дўст бўлолмас экан. Дўстингман деб алдаб кетадиганлар жуда кўп бўларкан. Ота-она фарзандига ёмон бўл, деб танбеҳ бермас экан. Дадам уришса, хафа бўлардим. Англадимки, дадам қизим мен адашган йўлдан юрмасин, деб койиган экан. Мени кўриб турганларга айтардимки, озодликни, ота-оналарини вақтида қадрлашсин. Ҳар қандай вазиятда ҳам мен каби охири йўқ йўлни танлашмасин. Озодликдан маҳрум бўлгач, афсус қилишдан фойда йўқ. 

Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид