Ўзбекистон | 11:03 / 02.05.2021
4965
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда вакцинациянинг иккинчи ойи бошланди, илк куни 58 мингдан ортиқ киши эмланди

Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб 1 май куни жами 58 235 киши COVID-19’га қарши эмланди.

Шу тариқа айни кунгача Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар сони 856 016 нафарга етди.

1 май кунидаги эмлаш кўрсаткичлари бўйича юқори ўринларни

  • Андижон вилояти (8852 нафар),
  • Самарқанд вилояти (7309 нафар),
  • Наманган вилояти (7229 нафар) банд қилди.

Коронавирусга қарши эмланган жами аҳоли сони:

  • Фарғона вилоятида 123 064 нафар, 
  • Наманган вилоятида 92 103 нафар, 
  • Андижон вилоятида 91 120 нафарни ташкил қилмоқда.

Бир ой давомида қайси ҳудудда қанча аҳоли эмланди?

Ўзбекистонда вакцинациянинг биринчи босқичи 1 апрель куни бошланганди. Ўшанда: 

  • биринчи галда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар  марказлари, Тошкент шаҳри ва бошқа катта шаҳарларда оммавий эмлаш тадбирларини амалга ошириш, 
  • кейинчалик туман марказлари ва кичик шаҳарлар аҳолисини оммавий эмлаш тадбирларини амалга ошириш, 
  • ундан сўнг эса бошқа ҳудудларни оммавий эмлаш тадбирлари билан қамраб олиш кўзда тутилганди.

Мабодо кейинчалик эмланиши режалаштирилган хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламида коронавирусга қарши эртароқ эмланишга хоҳиш пайдо бўлса, эмлаш пунктларига мурожаат қилишлари ва белгиланган кунда келиб эмланишлари белгиланган эди. 

Ушбу режа асосида апрель ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар  марказлари, Тошкент шаҳри ва бошқа катта шаҳарларда фақатгина 65 ёш ва ундан ошган фуқаролар ва тиббиёт ходимлари оммавий эмлаш тадбирларига жалб қилинган бўлса, кейинчалик туман марказлари ва кичик шаҳарларда яшовчи аҳоли ҳам эмлашга жалб этилди. 

27 апрель кунидан бошлаб хавф ости гуруҳига киритилган яна учта аҳоли қатлами (мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ходимлар, сурункали касаллиги борлар) ҳам эмлана бошланди.

Вакцинациянинг илк кунида кунлик ҳисобда Тошкент шаҳридан 1651 нафар фуқаро эмланиб, ҳудудлар бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этган бўлса, кейинчалик вакцина олиш бўйича мутлақ етакчиликни Фарғона вилояти эгаллади. 

Жумладан, 12 апрелда бир куннинг ўзида Фарғонада 18 минг нафардан ортиқ фуқаро эмланиб, кунлик кўрсаткичлар бўйича рекорд қайд этилди. 

Вакцинациянинг иккинчи ўн кунлигида Фарғона, Наманган, Андижон ва Самарқанд вилоятларида эмланиш кўрсаткичи 40 минг нафардан ошган эди. Ҳозирда ҳам ушбу ҳудудларда аҳолининг эмланиш кўрсаткичи бошқа ҳудудлардан сезиларли даражада юқори экани эътиборга лойиқ. Улардан кейинги ўринларни Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари эгаллаб келмоқда.

Апрель ойи якунига келиб, Фарғона вилоятида  ҳудудлар орасида биринчи бўлиб 100 минг нафардан ортиқ аҳоли эмланиб, яна бир рекорд қайд этилди.

30 апрель куни мамлакат бўйлаб эмланиш бўйича кунлик рекорд ҳам янгиланиб, 79 310 нафар аҳоли вакили коронавирусга қарши вакцина олди.

Мавзуга оид