Жаҳон | 20:48 / 03.05.2021
7046
2 дақиқада ўқилади

Сурия президенти лавозими учун 3 киши кураш олиб боради

Сурия конституциявий суди мамлакатда май охирида ўтадиган президент сайловларида иштирок этиш учун 3 киши, жумладан, амалдаги президент Башар Асад номзодини тасдиқлади.

Аввалроқ сайловларда иштирок этиш учун 50дан кўпроқ киши ҳужжат топширган. Бироқ натижада суд улардан фақат 3 нафари давлат раҳбари лавозимига сайлана олиши ҳақида қарор чиқарган.

Гап амалдаги президент Башар Асад, собиқ вазир Абдулла Саллум Абдулла ва Маҳмуд Марий ҳақида бормоқда. Марий Сурияда рухсат берилган мухолиф ҳаракатлар вакили бўлиб, Дамашққа қарши кураш олиб борувчи қувғинликдаги мухолифатга алоқаси йўқ.

Таъкидланишича, аризалари рад этилган номзодлар 7 май кунигача суд қарори юзасидан апелляция беришлари мумкин.

Ғарб ОАВнинг таъкидлашича, Асад бу сафар ҳам ҳеч қандай муаммосиз ғалаба қозонади ва тўртинчи муддатга президент лавозимини эгаллайди.

Сайловлар 26 май куни ўтказилиши режалаштирилган.

Сурияда 2014 йилда ўтган охирги президент сайловларида Башар Асад 88 фоиздан кўпроқ овоз тўплаб, 3-муддатга қайта сайланганди. Сурия конституциясига кўра, у яна бир марта 7 йиллик муддатга сайланиши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид