Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Танқиддан сўнг йил ўтди. Асакадаги мактаб муаммоси қачон ҳал бўлади?
Ўтган йил июл ойида Асака тумани, Қоратепа қишлоғи аҳолисидан келган мурожаатни ўрганган эдик. Ҳудуддаги 44-умумтаълим мактаби биносининг ярми 2013 йили давлат ихтисослашган мактаб-интернатига берилган бўлиб, интернат 2018 йилда фаолиятини тугатган коллеж биносига кўчиб ўтади. Маҳаллий аҳоли вакиллари ДИМИдан бўшаб қолган бино хусусий мактаб учун берилганидан норозилигини билдирган эди.

Ота-оналар ўқиш икки сменада ташкил этилган 44-мактабда ўқувчилар учун хоналар етишмаслиги, ДИМИдан бўшаб қолган бино қишлоқ болалари учун зарурлиги ҳақида вилоят, туман мутасаддилари ва халқ таълими вазиригача мурожаат қилгани ҳақида айтишган эди.
Kun.uz сайтида эълон қилинган танқидий материалдан сўнг Халқ таълими вазирлиги тезкор муносабат билдириб, «тузилган ишчи гуруҳ хулосаси ва ушбу ҳудудда яшовчи фуқаролар фикрларини инобатга олган ҳолда, тадбиркорнинг розилиги билан 11-ДИМИнинг бўш турган бино ва иншоотлари 44-умумий ўрта таълим мактабига қайтариб берилади» мазмунидаги расмий ахборот берган.

Орадан йил ўтиб, Қоратепа қишлоғи аҳолиси бизга ҳалигача муаммо ҳал бўлмагани ҳақида мурожаат билан чиқди. Биз яна Асака туманига бориб вазиятни ўргандик.
Маҳалла фаоллари Жўраев Обиджон ва Акрамжон Солиев бинони мактабга қайтариш учун бутун маҳалла ҳаракат қилаётгани, лекин самара бўлмаётганини айтишди.
Маҳалла аҳли дераза ойналари синиб, ўт босиб, қаровсиз ҳолга келаётган бинони ҳашар йўли билан тозаламоқчи бўлишган, лекин тадбиркор киритмаган. Маҳалла вакиллари агар бино 44-мактабга қайтарилса, таъмирлашни ҳам ҳашар йўли билан амалга оширишга тайёр.


Мактаб ота-оналар кузатув кенгаши раиси Ортиқали Солиев масалага вилоят ҳокими ва туман ҳокими эътибор қаратмаса, ижобий ўзгариш бўлмаётганини айтди.
«Мактабимизда ўқувчилар сони йилдан йилга кўпайяпти, қўшиляпти. Шу қўшилиш ҳисобига мактабдаги ўқувчиларга бино сиғими торлик қилиб қоляпти. Лаборатория хоналари етарли эмас. 20 дан ошиқ тўгараклар бор, лекин улар учун алоҳида хоналар йўқ. Дарс жараёни икки сменадан иборат.

Талабимиз – шу бино берилса, болалар бир сменага ўтказилса, тўгаракларга болалар сонини кўпайтириб, жалб қилиб, шу бинодан фойдалансак. Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновдан, Асака тумани ҳокимидан тадбиркорнинг сарф қилган маблағлари масаласини ўрганиб чиқиб, мактабни халқ таълимига ўтказиб беришда амалий ёрдам беришларини сўраб қолардик», – дейди Ортиқали Солиев.
Мактаб директори Ҳамидулло Шодиев ўтган йилги аҳоли мурожаатидан сўнг «Асака билимдонлари» нодавлат таълим муассасаси раҳбари томонидан вазирликка тузилган битимни бекор қилиш ҳамда бинони мактабга ўтказиб беришга қаршилик йўқлиги тўғрисида хат чиқарилганини айтиб, муддат бир йилга яқинлашиб қолган бўлса-да, ҳалигача битим бекор бўлмаганини билдирди.

«Бино қаровсиз аҳволга келиб ётибди. Бир ой муқаддам вилоят ХТБга тадбиркор билан биргаликда бордик. У ерда бизга мутахассислар томонидан тушунтиришлар берилди.

Агар битим бекор бўлган тақдирда, қайси томондан бекор қилинса, ўша томондан битимда кўрсатилган сумманинг 5 фоизигача давлат божи ундирилиши белгилаб қўйилган экан. Энди битимни оладиган бўлсак, унда 1 млрд қанчаям пул киритилган бўлса, 1 млрд сумманинг 5 фоизи 50 млн сўм пул ҳисобланар экан», – дейди у.
Тадбиркор нима дейди?
Мурожаатчилар билан суҳбатлашаётган пайтимизда муаммоли бинога эгалик қилиб турган тадбиркор – «Асака билимдонлари» нодавлат ташкилоти раҳбари Жаҳонгир Темиров ҳам етиб келди.
«Бир пайтлар 11-ДИМИ балансида бўлган бино 2-3 йил қаровсиз қолганди. Халқ таълими йўналишида аукционлар ташкил этилган. Мен шу аукционда талабгор бўлиб қатнашдим. Шу ерда 320 ўринли хусусий мактаб ва 100 ўринли хусусий боғча қилиш мақсадида эдим. Биринчи навбатда маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш, болаларнинг сифатли таълим олиши, келажакда институтларга кириши, яхши касб эгаси бўлишини хоҳлагандим.

Лекин бу ердаги маҳалла қандайдир норозичилик кайфияти билан чиқди. Мактабни иш бошлаб, 10-15 млн сўмлик сарф-харажат қилган жойимда одамлар келиб тўпланди. Шу пайтда ишимни тўхтатганман.
Битим-шартномада шундай келтирилганки, агар мактаб қурилмаса, кунлик пеняси бор, жаримаси бор. Алоҳида бандида белгилаб қўйилган. Агар ҳозир мактабни қурмасам, жаримаси ҳам бор, бу ёқда сарфлаб қўйган маблағим ҳам бор.
Ҳозир бу ердаги маҳалла мактабни 44-мактабга ўтказ деган мақсадда чиқишяпти, агар уни топширсам, ҳам сарф-харажатимга куяман, ҳам жарима тўлашим керак. Ҳозир нима қилишни билолмаяпман.
Туман ХТБ томонидан ҳам, ҳокимият томонидан ҳам келиб туриб, маҳаллага тушунтириш ишлари олиб боришса, бўлар эди», – дейди тадбиркор.
Ҳокимликда
Асака туман ҳокимлигида бўлиб, ҳоким ўринбосари Дониёрбек Расуловга микрофон тутдик.

«Асака тумани собиқ 11-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати биносини ҳозирги кунда 44-умумтаълим мактабининг балансига ўтказиш бўйича тадбиркор билан келишув ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу бино 44-умумтаълим мактаби балансига ўтказилади», – деди у.

Таъкидлаш керак, ўтган йилги ҳолатдан сўнг, раҳбарларнинг ваъдаларига аҳоли вакилларининг ишончи аввалгидек эмас.
Шундай бўлса-да, Халқ таълими вазирлиги ва туман ҳокимлиги масалани тезроқ ижобий ҳал этишига умид билдириб қоламиз.
Элмурод Эрматов,
Жаҳонгир Маҳмудов
Мавзуга оид
14:10 / 20.02.2025
Ўқувчиларни тартибга чақирган “зўравон раис” — Қозирободдаги мактабда ўзи нима бўлди?
18:06 / 19.02.2025
Номаълум шахс Тошкентдаги 71-мактабда «қирғин» уюштириш билан таҳдид қилди
15:15 / 14.02.2025
Ҳар бир туман ва шаҳарда камида биттадан инклюзив мактаб ташкил этилади
14:01 / 13.02.2025