Жаҳон | 09:03 / 04.05.2021
3246
2 дақиқада ўқилади

Колумбияда солиқ ислоҳотига қарши намойишларда 19 киши ҳалок бўлди 

Фото: EPA/Vostock-photo

Колумбияда ўтган ҳафта бошланган солиқ ислоҳотига қарши намойишларда 19 киши ҳалок бўлди, 800дан кўпроқ одам жабрланди.  

Колумбия мудофаа вазири Диего Моланонинг таъкидлашича, жабрланганларнинг ярмидан кўпи куч тузилмалари ходимлари ҳисобланади. Шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб 431 киши ҳибсга олинган.  

Норозилик намойишлари ортида Колумбиянинг молия ва давлат кредитлари вазири Алберто Карраскиля истеъфога чиқди. Мамлакат президенти Иван Дуке Карраскиля ўрнига савдо, саноат ва туризм вазири Хосе Мануэл Рестрепо тайинланишини эълон қилган. 

Мудофаа вазири El Pais нашри билан суҳбатда намойишчиларга қарши куч ишлатилишини ўзини оқлаган деб айтган. Унинг таъкидлашича, баъзи жойларда «тажовузкор одамлар» намойишларга қўшилиб, «вазиятни издан чиқаришга уринган». Уларнинг баъзилари радикал Farc ва ELN гуруҳлари билан боғланган. 

Карраскиля ва Рестрепо муаллифлигидаги солиқ ислоҳоти лойиҳаси Колумбия бюджетини қўшимча 26 трлн песога (6 млрд доллардан кўпроқ) тўлдиришни кўзда тутган. Бунга ҚҚСни кенгроқ қўллаш ва жисмоний шахслардан бошқа солиқ ҳамда йиғимларни ундириш ҳисобига эришилмоқчи бўлган. Бироқ ислоҳот деярли барча сиёсий кучлар томонидан танқид остига олинган ва норозилик намойишларига олиб келган. Шундан кейин Колумбия президенти лойиҳани қайта кўриб чиқишни буюрган, бироқ шунга қарамай намойишлар тўхтамаяпти.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид