Ўзбекистон | 08:38 / 04.05.2021
8966
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон шаҳарларида 50 гектардан кам бўлмаган «яшил майдон»лар ташкил этилади

Фото: KUN.UZ

Президентнинг “Шаҳар ва аҳоли пунктлари атрофларида “яшил майдон”ларни кенгайтириш, уларнинг табиий-рекреацион ва иқтисодий салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаши кутиляпти. 

Қуйидагилар:

  • республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилганлиги;
  • давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесиш (санитария мақсадларида кесиш бундан мустасно) экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Давлат экология қўмитаси), Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Қурилиш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда кенг жамоатчиликнинг:

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 50 гектардан кам бўлмаган кўчат экиш майдонлари - “яшил майдон”ларни ташкил этиш;
  • шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари, хиёбонлар, автомобиль ва темир йўллар четлари, ижтимоий объектлар, ташкилотлар ҳудудини ҳамда фермер ва бошқа қишлоқ хўжалиги ерларини янада кўкаламзорлаштириш мақсадида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш кўламини ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда “яшил майдон”лар учун белгиланган тартибда ер майдонларини ажратади ва кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилишини таъминлайди.

Белгиланишича:

  • ўз мажбуриятлари юзасидан юридик ва жисмоний шахслар компенсация тарзида дарахтларни “яшил майдон”ларга ўзлари (шахсан) ёки шартнома асосида учинчи шахсларни жалб қилган ҳолда амалга оширадилар;
  • янги ташкил этилган “яшил майдон” лар ва уларда экилган дарахтлар Давлат экология қўмитаси балансида бўлиб, ташкил йил ўтгандан сўнг ўрнатилган тартибда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси балансига ўтказилиши мумкин;
  • юридик ва жисмоний шахслар томонидан дарахтларни кесганлик учун тўлов ҳамда уларни ноқонуний кесганлик учун табиатга етказилган зарар, шунингдек, жарима тўловлари тўлиқ миқдорда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасига йўналтирилади.

Белгиланишича, “яшил майдон”ларни ташкил этиш, сақлаш ва ривожлантириш тадбирларини молиялаштириш ҳар йили тасдиқланадиган давлат дастури асосида амалга оширилади.

Давлат экология қўмитасининг Жамғарма маблағлари ҳамда давлат бюджети ҳисобига “яшил майдон”ларда дарахтлар экиш, уларни парваришлаш, қўриқлаш ва бошқа ишларни амалга ошириш учун ходимларнинг қўшимча сонини сақлаб туришга розилик берилади.

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Давлат экология қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг туман (шаҳарлари), аҳоли пунктлари, халқ хўжалиги объектлари атрофида яшил ҳудудлар барпо этиш ва 1 миллион дарахт экиш бўйича “1 миллион дарахт” ташаббусига розилик берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид