Жамият | 18:00 / 04.05.2021
9763
3 дақиқада ўқилади

“Ўзтрансгаз” АЖ 315 км магистрал газ қувурлари қуради

Айни кунларда “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан республика бўйлаб магистрал газ қувурларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари кенг кўламда амалга ошириляпти.

2021-2023 йилларда газтранспорт тизими самарадорлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, 315 км магистрал газ қувури қуриш кўзда тутилган. Жумладан, “САЦ-II” магистрал газ қувури бўйлаб янги, узунлиги 80 км, “Газли-Когон” магистрал газ қувурида узунлиги 140 кмга тенг, шунингдек, “Янгиер-Оҳангарон” магистрал газ қувури бўйлаб 95 км узунликдаги магистрал газ қувурларини қуриш режалаштирилган.

Газтранспорт тизими самардорлиги шунингдек, магистрал газ қувурларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш орқали ҳам таъминланади. Айни йўналишдаги тадбирлар доирасида 189 км узунликдаги магистрал газ қувурларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳам режалаштирилган. Ҳозирда айни йўналишдаги йирик лойиҳалардан бири, диаметри 1020 мм бўлган “Бухоро-Урал” магистрал газ қувурининг II тармоғи 472-528 км участкасида яъни 56 км узунликдаги газ қувурини реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилган. Қувурларнинг 27 километри 142 та махсус вагонда Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани Олтинкўл темир йўл станциясига олиб келинди. Тез кунларда яна 29 км қувурнинг манзилга етказиб берилиши кутилмоқда. Бухоро-Урал 1-, 2- тармоқ оралиғидаги траншеяларни қазиш, қувурларни монтаж қилиш учун махсус техникалар ёрдамида ер текислаш ишлари олиб борилди. Айни жараёнга 300 дан ортиқ малакали мутахассис ва ишчи ходим ҳамда 30 дан ортиқ махсус техника жалб қилинган. Ҳозирда қувурларни пайвандлаш ишлари юқори суръатларда олиб бориляпти. Шу ўринда айтиш жоизки, мазкур газ қувури 1960 йилларда ишга туширилган. Бу эса қувурнинг лойиҳавий қувватига нисбатан рухсат этилган ишчи босими деярли икки баробар тушиб кетишига олиб келган. Амалга оширилаётган тадбирлар натижасида тармоқнинг ишчи босими лойиҳавий ҳужжатларда кўзда тутилган кўрсаткичга етказилади.

Шунингдек ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, “Газли-Нукус” магистрал газ қувурининг 43 км, “Газли-Когон” магистрал газ қувурининг 61 км, Жарқоқ-Бухоро-Самарқанд-Тошкент магистрал газ қувурининг 29 км қисмини капитал таъмирлаш режалаштирилган.

Шу билан бирга Газли магистрал газ қувурлари бошқармаси станцияларидаги “ДКС-4” ва “ДКС-5А” каби газ ҳайдаш агрегатларини капитал таъмирлаш, “КС-0 Муборак” компрессор станциясидаги газ ҳайдаш агрегатларининг ишлаб чиқариш қувватини лойиҳа кўрсаткичларига етказиш кўзда тутилган.

“Ўзтрансгаз” АЖ Ахборот хизмати

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид