Ўзбекистон | 15:39 / 05.05.2021
15103
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «тиббиёт бригадалари» учун 20 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штати ажратилади

Фото: Shutterstock

Президент “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармонни имзолайди.

Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда “тиббиёт бригадалари” фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалар томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалар эҳтиёжидан келиб чиқиб, уларнинг янгиланган штат нормативларини тасдиқлайди;

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, 2021 йил 1 августга қадар ўрта тиббиёт ходимлари мақомини ошириш нуқтайи назаридан уларнинг малака талаблари, вазифалари, ваколатлари, жавобгарлиги, ихтисослик йўналишларини кенгайтириш, лавозимларини, шунингдек, ўқув дастурлари ва режаларини тўлиқ қайта кўриб чиққан ҳолда, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштиради ва уни 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тўлиқ жорий қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид