Ўзбекистон | 13:14 / 06.05.2021
37659
2 дақиқада ўқилади

Автомобилларга давлат рақами расмийлаштириш ва ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш соддалаштирилмоқда

Яшаш жойидан қатъи назар Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида автомобилларга давлат рақами олиш, ҳайдовчилик имтиҳонини топшириш ва гувоҳнома олиш имконияти берилмоқда.

«Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорида фуқароларга бир қатор енгилликлар берилиши назарда тутилмоқда.

Ҳукумат қарорига биноан қуйидагилар фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳудудидан қатъи назар, республиканинг барча ҳудудларида амалга оширилиши белгиланмоқда:

  • автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш;
  • ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш;
  • миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш, шу жумладан, алмаштириш ёки йўқолгани ўрнига янгисини бериш.

Бунда автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга давлат рақами белгиларини бериш Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида биттадан рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимларида экстерриториаллик тамойили асосида, республиканинг бошқа ҳудудларида фуқаронинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳудудида амалга оширилади.

Шунингдек, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш, шу жумладан, алмаштириш ёки йўқолгани ўрнига янгисини бериш ДЙҲХХнинг барча рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимларида ҳамда камида 20та давлат хизматлари марказларида экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади.

Мавзуга оид