Ўзбекистон | 19:15 / 06.05.2021
30076
3 дақиқада ўқилади

Кейинги йилдан давлат идораларига ишга қабул қилиш ва янги лавозимга тайинлашда хорижий тилни билиш мажбурий бўлади - Президент

Ҳар бир идорада ҳафтанинг бир куни хорижий тилларни ўрганиш куни этиб белгиланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида чет тилларини ўқитишни такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Ҳар бир вазирлик, идора, давлат компаниялари ва йирик хусусий корхоналарда чет тилларини ўрганишни оммалаштириш мақсадида ҳафтанинг бир куни хорижий тилларни ўзлаштириш ва ўрганиш куни этиб белгиланади.

«Вилоят ҳокимлари нодавлат таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда чет тили олимпиадаларини йўлга қўйсин. Икки ҳафта муддатда, нодавлат таълим ташкилотлари ва хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш бўйича қарор лойиҳаси киритилсин. Бунда, кредит фоизлари харажатларининг бир қисми Тадбиркорликни қўллаб-қуввватлаш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Шунингдек, ижарада турган ўқув марказлари ижара тўлови харажатларининг 50 фоизгача қисмига субсидия ажратилади ҳамда давлат мулки объектларида фаолият юритувчи ташкилотлар ижара тўловидан озод этилади.

Ҳар бир вазирлик, идора, давлат компаниялари ва йирик хусусий корхоналарда чет тилларини ўрганишни оммалаштиришимиз зарур. Бунда ҳафтанинг бир куни хорижий тилларни ўзлаштириш ва ўрганиш куни этиб белгиланади.

Бунинг учун, вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар олийгоҳ ва хусусий таълим ташкилотлари мутахассисларини шартнома асосида жалб қилиб, ходимларга чет тилини ўргатишни ва хорижий тилларда ишлашни йўлга қўяди», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, келгуси йилдан бошлаб давлат идораларига ишга қабул қилиш ва янги лавозимга тайинлашда хорижий тилни билишнинг мажбурий талаби киритилиши маълум қилинди.

«Чет тилини чуқур эгаллаган ходимларнинг иш ҳақига 20 фоизгача қўшимча устама белгилаш тартиби жорий этилади.

Йил якунига қадар хусусий сектор билан ҳамкорликда, тилни ўргатувчи интерактив материалларнинг интернет-платформаси ва мобиль иловаларини яратиб, мактаб ва боғчаларда оммабоп видеодарслардан кенг фойдаланишни йўлга қўйилади.

Кенг аҳоли қатламининг нутқ ва мулоқотини ривожлантиришга қаратилган чет тилларидаги мультфильм, ҳужжатли ва бадиий фильмларни ҳамда эшиттиришларни кўпайтирилади. Бунга таниқли маданият ва санъат вакиллари, спортчи ва блогерларни фаол жалб қилиш зарур.

Уч ой муддатда кўрсатув ва эшиттиришлар 24 соат давомида тўлиқ чет тилларида эфирга узатиладиган янги теле- ва радиоканалларни ишга туширилади. Бунда ҳар куни камида 3 соатлик дастур хорижий тилларни онлайн ўргатишга ажратилади.

Икки ой муддатда хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, жойлардаги 128та IT-марказларида ёшларни чет тилларига «онлайн» ўргатиш курсларини йўлга қўйилсин. Бунда тил ўрганиш харажатларининг бир қисми Ёшлар жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Шунингдек, икки ой муддатда хорижий тилларни ўргатиш юзасидан маҳаллий электрон дастурларни ишлаб чиқиш «стартап» лойиҳалари бўйича танлов эълон қилинсин. Бунда танлов ғолибларига камида 100 миллион сўм маблағ ажратилади ва келгуси 5 йил давомида қўллаб-қувватланади», деди давлат раҳбари.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид