Андижон шаҳар ҳокимининг ер ажратиш ҳақидаги ноқонуний қарори бекор қилинди. Бу биринчи марта эмас
Kun.uz 5 май куни «Андижон шаҳри ҳокими президент қарорига зид равишда ер ажратиш бўйича қарор чиқарди. Маҳаллий кенгаш уни кворумсиз тасдиқлаб юборган» сарлавҳали мақола эълон қилганди.
Мақоладаги ҳолатларни Андижон вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳ тузиб ўрганиш ўтказди. Ўрганиш якунига кўра, Андижон шаҳар ҳокимининг 2021 йил 10 апрелдаги 80-сонли қарори қонун талабларига зид экани сабабли бекор қилинди.
«Вилоятимизда ер тақчиллиги, шунингдек, Андижон шаҳар Мангулик кўчасида автотураргоҳнинг мавжуд эмаслиги аҳолига, қолаверса ҳайдовчиларга ноқулайликлар туғдириб келаётганлигини инобатга олган ҳолда жорий йилнинг 10 апрель куни «ELEVADA UT GROUP» МЧЖга ушбу ҳудудда замонавий лойиҳалар асосида 5 қаватли, биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, юқори қаватлари автомобиллар вақтинча тўхтаб туриш жойи (автостоянка) биносини қуриш мақсадида Андижон шаҳар ҳокимининг 80-қ сонли қарори чиқариб берилган.
Аммо, ўрганишлар жараёнида, президент қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида онлайн-аукцион орқали берилиши белгиланган бўлса-да, тадбиркор ҳеч қандай онлайн-аукционда қатнашмасдан шаҳар ҳокимининг қарорига асосан қурилиш ишларини бошлаб юборган.
Вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганишлар якунига кўра, Андижон шаҳар ҳокимининг 2021 йил 10 апрелдаги 80-Қ сонли қарори қонун талабларига зид эканлигини инобатга олган ҳолда қарор бекор қилинганлигини маълум қиламиз», – дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров таъсис этилганига энди 1 ой бўлган фирмага шаҳар марказидан 14 сотих ер участкасини тўғридан тўғри ажратиб берган.
Kun.uz суриштируви ер ажратиш ҳақидаги бу қарор қатор сабабларга кўра ғайриқонуний бўлиши мумкинлиги, бундан ташқари, у маҳаллий кенгаш депутатларининг кворуми бўлмаган ҳолда тасдиқланганини кўрсатганди.
Вазиятга Адлия вазирлиги ҳам расмий муносабат билдириб, президент қарори, Шаҳарсозлик кодекси ва Андижон шаҳар бош режасига зид равишда ер участкасини ажратиш тўғрисидаги ҳоким қарорини бекор қилиш юзасидан тақдимнома киритилганини маълум қилганди.
Бундан ташқари, Андижон шаҳар адлия бўлими томонидан 2021 йил 19 апрел куни қонун ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш бўйича Андижон шаҳар ҳокимига, Давлат кадастр палатаси Андижон шаҳар филиалига ва Андижон шаҳар қурилиш бошқармаларига ҳуқуқий маслаҳат ҳамда огоҳномалар киритилган.
Прокуратура ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳолатга муносабат билдирмади.
Баҳром Ҳайдаров 2020 йил сентябр ойида 200 квадрат метр ер майдонини якка тартибда уй-жой қуриш учун ноқонуний тарзда ажратиб берганди.
Ўшанда унинг аукционсиз ер ажратиш ҳақидаги ноқонуний қарори вилоят адлия бошқармасининг тақдимномаси ва шаҳар прокурорининг протести асосида бекор қилинганди.
- Бош прокуратура маълумотига кўра, 2020 йилда 106 минг гектар ер ҳокимликлар томонидан ноқонуний ажратилган.
Мавзуга оид
21:10
Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
10:19 / 08.11.2024
“Таниш-билиш ўтмайди” – Кадастр агентлиги директори ерга эгалик ҳуқуқини олишда фирибгарларга алданмасликка чақирди
14:41 / 06.11.2024