Менталитетга айланган иллат — Ўзбек зиёлилари ва диний уламолар коррупцияни камайтириш бўйича ҳукуматга тавсиялар берди
Коррупция – Ўзбекистонда менталитет даражасига чиқиб улгурган иллат. Менталитетлигики, унга дуч келинганда оддийгина қилиб «ҳа, энди ўзбекчилик-да», дейилади, ҳолат оддий қабул қилинади. Шу сабаб «ўзбекчилик» сўзи коррупция билан синоним тушунчага айланиб кетган.
Сенат раиси Танзила Норбоеванинг 23 апрел кунги йиғилишда айтишича, турли соҳаларда йўл қўйилаётган коррупция ҳолатлари камайиш ўрнига ҳатто йилдан йилга кўпайиб боряпти...
Ҳар қандай соғлом жамият бошқарувида муаммолар ечимига зиёлилар, уламолардан фикр олинади, ислоҳотлар уларнинг иштироки, маслаҳати билан қилинади.
Хўш, коррупция илдиз отиб кетган бугунги ўзбек жамияти ҳақида зиёлилар нима дейди? Улар муаммонинг ечимларини нималарда кўради?
Kun.uz мухбири бир қатор таниқли диний уламо, жамиятшунос ва ёзувчиларга ўзбек жамиятининг коррупция иллатидан қутула олмаётгани сабаблари ва уни имкон қадар камайтириш учун ҳукумат нима қилиши кераклиги борасида савол билан мурожаат қилди.
«Пайғамбаримиз (с.а.в.) пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатлаган» — Раҳматуллоҳ Термизий, Тошкент шаҳридаги «Бодомзор» жоме масжиди имом-хатиби
Нега коррупция иллатидан қутула олмаяпмиз? Бу иллатга муқаддас динимизда муносабат қандай?
Инсон дунёга синов учун келган бўлса-да, бу дунёмиз беш кунлик синов дунёси, абадий ҳаёт охират ҳаёти бўлса-да, инсон бу дунёдаги ҳаққини ҳам унутмаслиги, яхши яшаш ҳаққига эгалигини билиб оламиз. Яъни динимиз таълимоти бизга шуни ўргатади.
Қуръонда «Дунёдаги насибангни унутма», дейилади. Чунки инсоннинг ҳаёти унга охиратдан дарак беради. Умри поёнига яқинлашаётган ҳар бир мусулмоннинг ўйи охирати қандай бўлиши ҳақида бўлади. Борар жойим дўзахми ё жаннатми, деган маънода.
Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қилинганки, «Дунёда маъруф аҳли бўлганлар (маъруф – ҳамма яхшиликлар) охиратда ҳам маъруф аҳли бўлишади. Дунёда мункар аҳли бўлганлар (мункар – ҳамма ёмонликлар) охиратда ҳам мункар аҳли бўлишади».
Бу ҳадиснинг қисқа маъноси шуки, мўмин-мусулмон инсоннинг ҳаёти охиратдан даракдир. Агар охиратда ўрнингиз қаерда бўлишини билмоқчи бўлсангиз, марҳамат, сиз ҳақингиздаги солиҳ, содиқ гувоҳларнинг гувоҳлигига қулоқ солинг.
Динимиз инсон ҳаётини бузадиган ҳар қандай иллатларни қоралаган, унинг ҳар қандай даражада унвонини баён қилган.
Инсониятга зарар келтирадиган ишларни мутлақ ҳаром деб эълон қилишган. Шундай иллатлардан бири порахўрликдир.
Бугун биз порахўрлик ва шу каби иллатларни тўплаб коррупция деяпмиз. Коррупция жамиятни чиритадиган, уни олдинга юргизмайдиган катта бир иллатдир.
Модомики, жамиятда коррупция бардавом экан, у жамиятнинг ўсишини, гуллаб-яшнашини кутмаса ҳам бўлади.
Порахўрликни ҳадя билан адаштирмаслик керак. Ҳадя бошқа нарса. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳадя бериб туринглар, бир-бирингизга меҳрларингиз ортади» дейди.
Ҳадя инсондан инсонга ҳеч бир сабабсиз, манфаат кўзламасдан берилади. Орада меҳр-муҳаббат, илиқлик уйғотиш учун берилади.
Порада эса бошқача. Унда манфаат ва тамагирлик бор. Пора кўнгилдан чиқариб берилмайди.
Баъзи раҳбарлар мен ҳадя оляпман, дейди. Аслида ҳар қандай мансаб эгасига берилган ҳадя пора ўрнидадир.
Имом Бухорий ва Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) «Қани отасининг ёки онасининг уйида ўтириб қарасин-чи, унга ҳадя берармикан?» дейди.
Яъни уйда ўтирган одамга ҳеч ким ҳадя бермайди. Бирор киши курси, амал ва мансабга чиққандан кейин ҳадя деб олиб келиняптими, демак ҳамма нарса порадир.
Поранинг ҳаромлигига далиллар жуда кўп. Энг аввал Қуръондан келтирамиз.
«Алъ Маида» сурасининг 42-оятида Аллоҳ «Порани еювчилар, ёлғонни эшитувчилар», дейди. Ёки «Бақара» сурасининг 188-оятида «Молларингизни ботил йўл билан емангизлар ва билган ҳолда гуноҳ билан ейишлари учун ҳокимларга уни ҳавола қилмангизлар», дейилади. Мана шу ояти каримани уламоларимиз поранинг ҳаромлигига далил деганлар.
Имом Аҳмад ва Имом Термизийлар абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатлаганлар. Яъни пора шундай улкан гуноҳки, у билан муомала қилувчилар лаънатланган.
Биласиз, унча-бунча одам ёки кичик гуноҳлар лаънатланмайди. Масалан, шайтони лайн лаънатланган. Унинг гуноҳи жуда улкандир. Худди шундай пора олувчи ва берувчи ҳам лаънатлангандир.
Яна бир ҳадиси шарифда пора олувчи ҳам, берувчи ҳам дўзахда дейилади.
Бу ерда нафақат олувчи ва берувчи, балки ўртадаги одам ҳам бор. Ҳадиси шарифларда ўртадаги одам ҳам лаънатланувчилар орасида экани айтилади.
Бундан бошқа далиллар ҳам кўп. Умуман порахўрнинг жазоси оғир. У дўзахга тушади ва дўзахда унинг азоблари жуда катта бўлади.
Нега биз бу иллатдан қутула олмаяпмиз? Чунки унга муккасидан кетганмиз. Шунингдек, одамларда Аллоҳдан қўрқиш ҳисси камайиб кетди. Поранинг гуноҳ эканини билмаймиз. Гуноҳни ва гуноҳни гуноҳ деб атаган Аллоҳни танимаймиз. Агар Аллоҳни таниганимизда эди, қилма дейилган ишни қилмасдик.
Мусулмонликни даъво қилиб, ибодат қиламан, дея даъво қилиб, лекин пора оладиганлар аслида Аллоҳни танимайдилар. Дўзахни танимайдилар.
Биз коррупцияга қарши қонунларни кучайтириш билан бирга, унинг қандай оғир гуноҳлигини, унинг дунёси яхши бўлмаслигини одамларга уқровий, дин-у диёнат ва маънавият тарафдан ҳам уқтиришимиз керак. Аслида ҳар қандай муаммонинг ечими Аллоҳдан қўрқишдадир.
Порахўрликка ҳам дин ва ҳам қонун томондан баробар курашишимиз керак.
Абду Саид Худрий розияллоҳу анҳу орқали қилинган ривоятда Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлар: «Бирортангиз, сизлардан бирингиз мункар, ёмон ишни масалан, порахўрликни кўрсангиз, уни қўл билан қайтарсин. Қўлдан келмаса, тили билан қайтарсин. Тилдан келмаса, қалби билан қайтарсин. У иймоннинг заифлигидандир», дейилади.
Албатта, қўли билан қайтариш қўлида ҳуқуқи борлар учун. Ички ишлар, прокуратура, ДХХ ва шунга ўхшаш идоралар. Тили билан қайтариш зиёлилар, масалан, имомлар, ўқитувчилар, маҳалла оқсоқоллари.
Қалбида ёмон кўриб, қаршилик қилиш эса омма, халқ учун бўлади. Аммо қалб билан ёмон кўриб, порахўрликка рози бўлиб кетавермаслик керак. Бирор бир гуноҳга розилик, ўша гуноҳни қилиш билан тенгдир.
Ҳукумат, энг аввалги ўринда, бу гуноҳга норозиликни халқимиз қалбига тарқатиши керак.
«Коррупциянинг бунчалик илдиз отиб кетгани унга қарши фақат оғизда курашилаётгани, амалда жуда оз иш қилинаётгани билан боғлиқ» — Фахриддин Низомов (Фахриёр), шоир
Коррупциянинг бунчалик илдиз отиб кетгани унга қарши фақат оғизда курашилаётгани, амалда жуда оз иш қилинаётгани билан боғлиқ. Токи Сардоба сув омбори ўпирилишига ўхшаш фожиаларнинг ҳақиқий айбдорлари топилиб жазоланмас экан, у янада илдиз отаверади, саратон каби жамиятнинг соғлом ҳужайраларини ҳам шикастлаб, нобуд қилиб бораверади ва оқибатда даволаб бўлмайдиган метастаз ҳолатига ўтади.
Ўтган йили Юнусобод метросида ер ўпирилиб тушиб, одамларни босиб қолганида, оиласини рози қилдик, деб, иш бости-бости қилиб юборилди. Тошкент шаҳри эса бизнесмен қўлига топширилди. Аслида бунинг ёмон жойи йўқ, маданий жамиятларда ҳам бу – нормал ҳолат. Бироқ маданий жамиятларда, биздан фарқли ўлароқ, манфаатлар тўқнашуви (conflict of interests) қонун йўли билан белгилаб қўйилган ва тартибга солинади, у ёқларда бизнесмен шаҳар мэри ёки президент бўлган вақти бизнеси билан шуғулланмайди, лавозимидан фойдаланиб, турли монополиялар ташкил қилмайди ёки бюджет пулини пудратчи бўлган қариндошлари корхоналарига тарқатмайди. Бизда эса манфаатлар тўқнашувини тартибга соладиган қонун йўқ. Демак, сиз-у биз бунга кўра-била туриб, йўл қўйиб беряпмиз.
Ваҳоланки, Сингапурни мамлакат сифатида оёққа турғизган ва дунёнинг энг илғор давлатларидан бирига айлантирган биринчи бош вазири Ли Куан Ю, ишни нима жиноят қилганини сиз ҳам, ўзлари ҳам биладиган уч нафар дўстингизни қамашдан бошланг, деб бекорга айтмаган. Албатта, бу гапда қонун устуворлигидан кўра, авторитаризм риторикаси баландроқ. Лекин бугунги кунда ким Сингапурни қонунларга амал қилмай яшаётган мамлакат деб айта олади?
Бугунги фақат пул билан куч тан олинадиган, қадриятлар, ахлоқ меъёрлари оёқости бўлиб кетаётган жамиятда адабиётнинг вазифаси бундай аҳвол янада оғир инқирозларга олиб келиши мумкинлигини ишонарли образлар талқинида кўрсатиб бериш ва унинг сўзи огоҳ қўнғироғи бўлиб янграши керак. Немис ёзувчиси Ҳерманн Ҳессенинг «Чўл бўриси» қаҳрамони, ўзини зиёли ҳисоблайдиган Ҳарри Ҳаллернинг ваҳшийлашиб, турли қиёфаларга киришини бир эсланг. Зиёлининг – бизнинг ҳозирги жамиятдаги тадбиркорнинг – ичида ахлоқ меъёрларига риоя қилишга мажбур этувчи стержен бўлмаса, у жамиятда қарор топган қадриятларни тан олмай, ҳеч қандай жиноятдан тап тортмаса, бутун мамлакатни ҳалокатга етаклайди, кейин ҳеч бир илож қолмагандан сўнг унинг эгаменлигини «катта оғалар» қўлига қўшқўллаб тутқазади. Унинг учун на миллат, на она тили тақдирининг сариқ чақалик аҳамияти йўқ. Эртага мустақилликдан воз кечиб бўлса ҳам, ўғирлаб, бировдан тортиб олиб, бюджетни ўмариб орттирган 3-4 тангасини сақлаб қолса бўлди. Ҳозирги кунда атрофимиздаги йирик давлатлар Марказий Осиё мамлакатларининг табиий бойликларини қўлга киритиш учун миллий элиталарни қўлга олиш йўлида ўзаро рақобатлашаётганини эсдан чиқармайлик.
Бу иллатни имкон қадар камайтириш учун ҳукумат нима қилиши керак, деяпсиз.
Мен бу масалага сал кенгроқ қараб, саволни ҳукумат эмас, ҳокимият нима қилиши керак, деб қўйган бўлар эдим. Жавоби оддий: ўйин қоидаларини ҳамма учун тенг ва адолатли этиб, жазони катта-ю кичикка муқаррар қилиб қўйиб, шунга амал қилинишини қаттиқ назорат қилиб турса бўлди.
«Амалдорларнинг ўзи ва оила аъзолари даромадларини декларация қилиш вақти аллақачон келган» — Баҳром Фарфиев, социология фанлари доктори
Ривожланган мамлакатлар тарихини таҳлил қилсак, уларнинг барчаси ўз тараққиёт йўлини амалга оширишда коррупция деган жиддий социал муаммога рўпара бўлишган. Мажозий маънода коррупция – бу жамият бўйнига ёпишган улкан, баҳайбат бўғма илондир. Бу иллат таъсиридан халос бўлган жамиятлар тараққиётнинг юқори даражасига эришган.
Албатта, йиллар давомида урчиб кетган бу иллатни бир зумда бартараф қилишнинг иложи йўқ. Лекин бу ҳолат мазкур муаммо бўйича бемалолхўжа бўлиб ўтиришни англатмаслиги керак.
Муаммони бартараф қилишда маълум ютуқларга эришган мамлакатлар тажрибасини чуқур ўрганиш ва улардан танқидий равишда фойдаланиш зарур. Аммо ушбу хорижий тажрибанинг айрим жиҳатларини биз астойдил хоҳласак ҳам, ўз миллий ижтимоий шароитларимизга сермаҳсул тарзда татбиқ эта олмаймиз.
Масалан, айримлар Сингапур собиқ бош вазири Ли Куан Ю томонидан ишлаб чиқилган ёндашувни мамлакатимиз шароитларига тўлиқ жорий қилиш зарурлигини илгари суряпти, лекин бунинг иложи йўқ. Жумладан, унинг ўз мамлакати фуқароларидан коррупция билан шуғулланадиган қариндошлари ва яқин танишлари ҳамда дўстларини фош қилиш талаби жамиятимиз шароитларида мутлақо натижа бермайди. Зеро, ўзбеклар миллий менталитетимиз хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳеч қачон ўз яқинлари ҳақида ҳеч қандай маълумотларни бегонага, айниқса, давлатнинг жазоловчи органларига тақдим этмайдилар.
Коррупция билан курашда қонунчилик омилининг ролини ошириш, хусусан, мансабдорлар ва уларнинг оила аъзолари учун даромадларни декларация қилиш мажбуриятини амалиётга татбиқ этиш вақти аллақачон келган. Лекин бу ҳам тўлиқ сермаҳсул натижа бериши гумонли. Зеро, амалдорлар ҳар қандай шароитларга тез фурсатларда кўникишлари ва ноқонуний фаолиятлари учун белгиланган жазодан қутулиб қолиш механизмларининг «илғор схемалари»га эгадирлар.
Фикримча, хоҳлаймизми, хоҳламаймизми, барибир муаммонинг ечими тарбия омили асосида таъминланиши муқаррардир. Ҳозирги авлод онгида ўз шахсий манфаатлари мақсадида фойда олиш, яъни халқ ва давлат мол-мулкига тажовуз қилишдан ҳазар қилиш кайфияти ва тасаввурларини шакллантириш лозим.
Ушбу авлод амалдорлари халқ ва давлат мулкида етим-есир ва бева-бечораларнинг ҳам улуши борлигини доимо ҳис қилиб туришсин. Шу нуқтайи назардан ёш авлодни ушбу масалага йўналтирилган ислом қадриятлари ҳақидаги маълумотлар билан чуқурроқ таништириб бориш давр талабидир. Ана шундагина бу масаланинг сермаҳсул ечими ўз тасдиғини аниқ тарзда топади деб ҳисоблайман.
«Жиноятни фақатгина жазолаш билан йўқотиб бўлганда эди, айрим давлатларда коррупция ҳолатлари умуман учрамасди» — Нуриддин Муродов, судья
Коррупцияга қарши жазони кучайтириш билан курашиш яхши самара бермайди. Бу усул худди касалнинг касаллигига аниқ ташхис қўймай туриб, унда нуқул жарроҳлик амалиётини ўтказаверишга ўхшайди.
Чунки коррупция – бу иллат, уни даволаб бўлмайди. Бу иллатга чалиниш омилларини қирқиш керак:
Яъни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлигини ўз вақтида таъминланмаётган электрон ҳукуматни амалда кенг, изчил, тизимли, оғишмай жорий этиш, онлайн давлат хизматлари сонини ошириш, очиқ танлов ва электрон аукцион ҳудудларнинг кўп йиллик ривожлантириш дастурини очиқ-ошкор муҳокамага қўйиш, эълон қилиш тизими бўлиш керак. Масалан, қайси ер участкаси қачон сотилади, қачон бузилади ва ҳоказо;
Давлат ва хўжалик бошқарув органларининг ходимлари учун даромад декларациясини яхлит ҳуқуқий механизм асосида амалда тизимли, бир хилда жорий этиш керак.
Узоққа бормайлик, масалан, МДҲ давлатларида коррупцияга қарши курашда маълум ютуқларга эришган Грузияда ушбу иккита ислоҳот ҳаётга бирмунча самарали жорий этилди.
- Давлат органлари фаолиятидан кенг жамоатчиликнинг хабардор бўлиш тизими айниқса, улар фаолиятини ёритиб бориш бўйича ОАВга максимал ҳуқуқ ва имконият яратиш, электрон ОАВ майдонида соф хусусий ва нодавлат сектори майдонларини кўпайтириш муҳим;
- Яширин бизнес ва қора бозорга қарши муросасиз кураш концепциясини ҳамда қонунчиликда қатъий чораларни белгилаш;
- Ҳар қандай имтиёз коррупцияга йўл деган тамойилларни қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш;
- Давлат бюджети маблағларини йўналтиришда ҳар қандай даражадаги раҳбарнинг ваколатсиз аралашувига йўл қўймаслик, парламент томонидан тасдиқланган давлат бюджети маблағларининг ҳукумат томонидан фақатгина мақсадли сарфланишига эришиш;
- Офшор бизнес субъектларини аниқлаш тизими ва рақобатни амалда таъминлашни йўлга қўйиш;
- Судларнинг мустақил бюджетини парламент томонидан тасдиқлашни йўлга қўйиш;
- Энг асосийси, аҳоли орасида охирги нуқтани суд қўяди, деган ишончга эришиш лозим;
- Суд мустақиллиги, эркин ҳамда бедор ОАВ ва сўз эркинлигини, очиқлик, самарали жамоатчилик назоратини ва чинакам парламент назоратини амалда таъминлаш;
- Кадрлар сиёсатида, кадрларни саралашда объективка, биография, кўп гапириш, гапирмаслик, итоаткорлик, камтарлик хусусиятларига баҳо бериш тизимидан бутунлай воз кечиб, кадрларнинг жамият учун натижадорлик, илм ва салоҳияти, уларнинг таҳлил-мониторинг қилиш, бошқарувчилик қобилияти, ғоялар ташаббускорлиги, креатив ёндашуви, адолатли, объектив хусусиятлари, маънавияти, халқ ва ватанга садоқати каби жиҳатларига устуворлик бериш;
- Коррупцияга қарши кураш агентлигини том маънода коррупцияга қарши курашга илмни олиб кира оладиган, коррупцияга қарши кураш назарияси ва амалиётини бошқалардан бир қадам олдин ҳаётга татбиқ эта оладиган илм маскани, ташаббуслар, ғоялар макони институтига айлантириш;
- Яна бир муҳим жиҳат, агар таҳлилларга асослансак, жамиятимизда коррупция ҳолатларидан бири бўлган поранинг энг ёмони – «поранинг каттаси» – мақтовдан, кўзбўямачиликдан қутулиш давр талабидир;
- Биламизки, поранинг маъноси «ширинкома – ҳақ, мукофот» .
Яъни пора – ваколатли кишининг ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда бирор бир ишни пора берган иккинчи кишининг фойдасига бажариши ёки бажармаслиги эвазига моддий қимматликлар олиши, мулкий манфаатдор бўлишидир.
Ва худди шундай иккинчи томоннинг ҳам берган мулки эвазига бажарилган ишдан ёки унга зиён келтирувчи бажарилмаган ишдан манфаатдор бўлишидир.
Бунда учинчи манфаатдор томон – «воситачи» ҳам бўлиши мумкин. Барчасининг таг-замирида манфаат, мулк, моддий қимматлик ётади... Энди бу тушунарли...
Олди-берди, ўртада турди. Жазо ҳам моддий қимматлик-мулк – манфаат (пора предмети)ни олган, берган ва ўртага турган... шу омиллар, шу каби асослар ўлчовида берилади. Оқибатини ҳам эшитгансиз, кўп такрорланади – мавжуд тизимни емиради, тараққиётга ғов бўлади ва ҳоказолар...
Аммо «поранинг ёмони»да эса моддий қимматлик ҳам, мулк ҳам йўқ. Бунда пора берувчи пора олувчига ҳеч нарса бермайди. Аксинча... ҳамма бало ҳам ана шунда, Саййид Бурҳониддин Термизий ҳазратлари айтганларидек, «Мақтовдан ҳам кўра каттароқ пора борми? Мақтов бу поранинг каттасидир».
Албатта, мақтов – моддий қимматлик эмас, уни ушлаб бўлмайди. Шундай экан, уни олганни ҳам, берганни ҳам, «Сизга содиқ ит аслида шу, сизни номингиз тилидан тушмайди», – деб воситачилик қилганни ҳам жазога тортиб бўлмайди.
Лекин коррупция тараққиётга ғов деганимиз каби, манфаатли ва асоссиз мақтов ҳам тараққиётга энг катта ғовлардан биридир.
Оқибати эса биз юқорида айтиб ўтган пора оқибатидан анча каттароқ...
Демоқчи бўлганим эса жамиятда қараш ўзгариши шарт, қонун жамиятни, ислоҳотларни етакловчи ягона устувор куч бўлиши, қонуности ҳужжатлар, топшириқ ва кўрсатмаларда фақат ва фақат қонун асосларига таяниш мақсадга мувофиқ.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, қонунни ҳурмат қилган, қонунни ҳурмат қилиш руҳида шаклланган онг жиноят қилишга мойил бўлмайди, коррупция эса оғир жиноятдир.
Жиноятни фақатгина жазолаш билан йўқотиб бўлганда эди, айрим давлатларда коррупция ҳолатлари умуман учрамасди...
Илёс Сафаров тайёрлади.
Мавзуга оид
19:53 / 10.09.2024
Коррупцияга қўл урган 566 нафар шахс давлат ишига қайтадан кириб, яна коррупцияга қўл урган
19:11 / 23.08.2024
Қозоғистонда 10 миллион долларлик «тушунарсиз бойлик» давлатга қайтарилди
09:46 / 23.08.2024
Тошкентда коррупциявий жиноят содир этган мансабдорлар асосан қайси идораларда ишлагани айтилди
12:59 / 19.08.2024