Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ноқонуний «снос»лар ва адолатсиз аукционлар: Самарқандда қурилиш соҳасида жиддий назорат керак
Kun.uz Самарқанд минтақавий бўлимига келиб тушаётган ва ўрганилаётган аризаларни кўриб, «наҳотки Самарқандда қурилиш соҳасидаги қонунчиликларга амал қилинмайди?» деган ҳақли савол уйғонади.
Шаҳарда бирор-бир бино ё иншоот қурилиши режалаштирилар экан, албатта у ерда яшаётган уй-жой эгаларининг мулк ҳуқуқи бўйича югур-югур ва шикоятлари бошланади. Аксарият аризаларда улар ҳали уй-жойи учун компенсация масаласи ҳал бўлмасдан туриб, уйлари бузилиб кетганидан норози бўлишади.
Аслида, маълум бир бино қурилиши олдидан ҳудуддаги уй-жой эгалари кўчирилиши, мулк қиймати баҳоланиб, фуқаро рози бўлгачгина унинг мулки бузилиши ва қурилиш бошланиши шарт экани – ҳамма биладиган қоида. Аммо фуқаронинг ана шу оддий ҳуқуқи топталиши Самарқандда кўп учраяпти.
Хўп, фуқаронинг мулкини баҳолашда, рози қилишда келишмовчилик бўлди, дейлик. Бундай ҳолатда низони ҳал қиладиган суд органлари бор аслида. Аммо кўряпмизки, баъзи ҳолатларда аввал бино бузилиб, кейин суд бўлмоқда.
Ҳатто нуфузли Президент мактаблари қурилишида ҳам шаҳар ҳокимлиги фуқаронинг мулк ҳуқуқини писанд қилмаган кўринади. Бу ҳақда мулк эгаси шундай дейди:
«Самарқанд шаҳри, Мир Саид Барака кўчаси, 50-уйда жойлашган уй-жойим ҳали суд жараёнлари якунига етмасдан туриб, мулк ҳуқуқим таъминланмасдан туриб хўжасизларча бузиб ташланди, – дейди Довур Собиров. – 2020 йил 3 июль куни шаҳар ҳокими ва ўринбосарлари келиб уйимни бузишга тўлиқ асослари борлигини ва бузишларини айтишди. Менга эса ёрдам сифатида уйимнинг омон қолган материалларини беришаркан. На розилигим ва на суд қарори бор эди. Ўша куниёқ ярим кечаси уйимни бузмоқчи бўлиб, деворларнинг бир қисмига шикаст ҳам етказишди».
Шундай сўнг Довур Собиров бу ноқонуний буздириш бўйича ўнлаб идораларга мурожаат қилган. Аммо ижобий ечим топа олмаган.
«Мен қурилишларга қаршимасман, аммо уйим учун сал ҳақиқатга яқинроқ нархда компенсация берилиши керак-ку?! Бировнинг мулкини унинг рози қилмасдан, шунчаки бузиб юборилмайди-ку?
Ҳокимлик дастлаб ўзлари топган баҳоловчи хулосаси билан шаҳарнинг қоқ марказидаги уйим учун 70 миллион сўм пул ва чекка ҳудуддан 1,5 сотих ер ажратилганини маълум қилди. Ҳолбуки, бошқа бир мустақил баҳоловчи уй учун 170 миллион сўм хулоса берди», – дейди шикоятчи.
Қоидага кўра, олиб қўйилаётган жой эвазига ер шаҳар марказидан берилиши керак эди, аммо бунга ҳам амал қилинмаган.
«Менга шаҳар марказида жойлашган 1,5 сотих жойим учун бугун деярли шаҳардан ташқарида бўлган, қаровсиз ҳудуддан ўшанча жой таклиф қилишди. Бу таклифни қабул қиламанми-йўқми, бу кейинчалик судда ҳам инобатга олинмади. Дастлабки суд қароридан норози бўлиб апелляцияга берганимга қарамасдан, ҳали суд жараёнлари якунига етмаган бўлса-да, менинг уйим тамоман бузиб ташланди», – дейди уй эгаси Д.Собиров.

Афсуски, Самарқанддек шаҳарда бунга ўхшаш ҳолатлар бўйича шикоятлар оз эмас. Афтидан, мулк ҳуқуқига вилоятда жиддий қаралмаяпти.
Худди шунга ўхшаш иккинчи ҳолат:


Сиз кўриб турган, остидан чуқур кавланган уйда ҳали одам яшайди. Чуқур эса шу ерда кўп қаватли уй қурилиши учун ҳамон қазилмоқда. Махсус техниканинг шундоққина уй остида берган ҳар зарбасидан эса хонадонда яшовчиларнинг ҳаловати йўқ, «ишқилиб, уй қулаб тушмасмикин», деган қўрқув уларни таъқиб қилади.
Самарқанд шаҳри, Боғибаланд маҳалласидаги юқоридаги хонадонда яшовчи Икром Мардоновнинг айтишича, қурувчи – «Registon ishlab chiqarish» МЧЖ уй эгаси билан келишмай туриб, бемалол қурилишни бошлаб юборган. Суд жараёнлари эса кейин бошланган ва ҳамон давом этмоқда.
Агар кўп қаватли уй қурмоқчи бўлган фуқаро иккинчи бир фуқаронинг ҳуқуқларини бузса, мулки хавф остида қолган фуқаро асло ҳокимликка бормаслиги лозим. Чунки мана бу ишда ҳокимликнинг ўзи қурувчи манфаатини кўзлаб, фуқаро устидан судга ариза киритган. Уй эгаси ана шу ҳолатдан ҳам норози бўлмоқда. Чунки у ҳам шу шаҳар фуқароси ва унинг уйи қонунга хилоф ҳаракатлардан зарар кўрган.
Учинчи ҳолат
Бугун Самарқанд шаҳрини безаб турган қатор фаввораларни қурилиш ва сув таъминоти соҳасидаги машҳур олим Ўткир Соатов лойиҳалаб берганини кўпчилик билади. Ҳатто вилоят ҳокимлиги рўпарасида жойлашган хиёбондаги, ёз кунларида аҳоли бориб атрофида дам оладиган учта йирик фавворани ҳам ана шу олим лойиҳалаштириб, қуриб бергани айтилади.
Умуман, ундан кейин ҳам Самарқанддаги жуда кўп фавворалар айнан Соатовнинг лойиҳалари асосида, ҳозирда унинг ўғли Акмал Соатов бошқараётган – «АKVA TEXNOLOG» МЧЖ томонидан ўрнатиб келинади.
Бугун вилоятнинг қурилиш соҳаси раҳбарлари соҳанинг оддий меъёрларини ҳам таъминлаб беролмагани сабабли Самарқандда ягона фаввора ишлаб чиқарадиган ана шу корхона фаолияти ҳам хавф остида қолмоқда. Яна қўшимча катта лойиҳалар ҳам амалга ошмай қолмоқда.
Чунки, қурилиш меъёрларига зид равишда, мазкур корхона дарвозаси рўпарасидаги умумий фойдаланувдаги ер кўп қаватли уй қурилишига сотиб юборилган. Ана энди корхона биносига юк машиналари кира олмайди. Бунинг оқибатида иш тўхтаб қолган.


«Сотилиши мумкин бўлмаган ер майдонининг аукционда сотилиши ҳамда ноқонуний олиб борилган қурилиш ишлари сабабли 3 ойдан бери корхонамиз ҳудудига юк машиналарининг кириб чиқишига имкон йўқ. 200 минг АҚШ долларлик эҳтиёт қисмларни Хитойдан олиб кириб ўзимизда импорт маҳсулот ўрнини босувчи қурилма ишлаб чиқаришни йўлга қўйишимизга тўсқинлик бўляпти.
Ғоямизни амалга ошириш учун махсус контейнерларни жиҳозлаб, қурилма ишлаб чиқарувчи ускуналардан иккитасини туманларга ҳам кўчириш ниятимиз бор эди. Учта контейнерни жиҳозлаб тайёр қилганмиз, аммо қолганларини энди корхонамиз ҳудудига олиб кира олмаймиз, йўлимиз сотиб юборилган.
Аслида, сотилиши мумкин бўлмаган ер майдонининг аукционга чиқарилиши ҳамда ноқонуний қурилиш бўлаётгани кўриниб турган бўлса-да, вилоят бўйича бирор бир мутасадди арзларимизга қулоқ тутмайди. Корхона ҳудудига оддийгина контейнер ва қурилиш молларини олиб кира олмасак, қандай қилиб ишлай оламиз?
Ҳолбуки, энг қийин масалалар: карантин даврида муҳим ишлаб чиқариш технологияларини етказиб келиш, юкларни карантинга олинган шаҳарлардан чиқариш... бу каби ишларни бизнинг маҳсулот импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп бўлгани учун оддий интернет мессенжерлар орқали ҳал қилгандик. Аммо ўз шаҳримизда лоақал тинчгина фаолият юртишимиз учун шароит бўлмаяпти», – дейди Акмал Соатов.
Юқоридаги муаммо Қурилиш вазирлиги томонидан тасдиқланган қурилиш меъёрлари ва қоидалари (ҚМҚ II-89-80)да назарда тутилган қоидаларга зид. Мазкур ҳужжат 3.49 бандига кўра, мазкур турдаги корхоналар бинолари дарвозасидан йўлнинг четигача бўлган масофа 12 метрдан кам бўлмаслиги шарт этиб белгиланган. Яъни, уч ўқли машиналар кириши учун шароит бўлиши керак.
Умуман, бу ҳолатда қатор меъёрлар бузилганини мутасаддилар жуда яхши билишади. Ушбу корхонага кириш жойининг аукционга қўйиб сотиб юборилиши ноқонуний экани ҳақда ёнғин хавфсизлиги бўлимларидан ҳам эътирозлар бўлган. Афсуски, мутахассислар буни билишса-да, битта йирик корхона таназзулга учраши хавфи юзага келаётган бўлса-да, барибир кўз юмишгани хавотирли ҳолат, бизнингча.
Тўртинчи ҳолат
Самарқанд шаҳридаги Даҳбед кўчасида жойлашган «Aziz Stomo Lux» МЧЖга қарашли хусусий тиш даволаш клиникасини самарқандликлар яхши билади. Қисқа қилиб айтганда, бугун тадбиркорга тегишли, майдони 2000 квадрат метр ана шу мулкни ҳам шаҳар ҳокимлик ҳеч қандай компенсациясиз буздириб юбормоқчи. Ҳеч қандай!
«Мен бинони қонуний олди-сотти шартномаси билан сотиб олганман. Ўз ҳисобимдан хусусий тиш даволаш килиникасини қуриб, 40 нафар одамни иш билан таъминлаб, фаолият кўрсатяпман. Шаҳар Архитектура ва қурилиш бўлими рухсатномаси, Самарқанд шаҳар бош давлат санитария врачи ижобий хулосаси ва бошқа барча тегишли ташкилотларнинг берган ижобий хулосалари асосида, вилоят бош архитектори билан қонуний келишган ҳолда, реконструкция ва бино қурилиш ишлари олиб борганман.
Ҳужжатларда бирор бир камчилик ёхуд билмасдан бўлса ҳам бирор хатога йўл қўйганимда бошқа гап эди. Энди эса ҳокимлик вакиллари «бинони бузасан, тамом», деб ўтирибди.
Мен қатъий қаршилик кўрсатганимдан кейин бу бино ноқонуний қурилган деб топилгани яна ҳам аламли. Бино остида «Чашма» коллектори ўтган деган важ кўрсатиляпти. Аммо Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш бошқармасининг маълумотномасига асосан, ҳозирги кунга қадар «Чашма» дренаж коллекторининг паспорти мавжуд эмаслигини аниқладим. Бу тармоқнинг соҳилбўйи минтақаси ҳам белгиланмаган. 2020 йил апрел ойида содир бўлган ёғингарчиликдан сўнг бизга тегишли бино ва иншоотлар сув босиши натижасида чўкиш содир бўлди. Шундан сўнг мутахассислар келишиб, бу ердан коллектор ўтганини билиб, мен томондан қурилган стоматология биноси коллектор ўтган жойдан узоқда жойлашганини кўрди.
Бу бўйича судда ҳокимлик вакилларидан товон пулини сўраганимда, улар бюджетда пул йўқлигини ва шаҳар ҳудудидан ер майдони беришлари мумкинлигини айтишди. Ҳеч қандай қонунбузарлик қилмаганим ва қўлимда барча ҳужжатлар бўлгани учун Пайариқ туман маъмурий суди менинг фойдамга ҳал қилиб берди.
Аммо, Самарқанд вилоят маъмурий суди аппеляция инстанциясининг қарорига асосан, Пайариқ туман маъмурий судининг ҳал қилув қарори бекор қилинди. Ҳали ҳамон судма суд сарсон бўлиб юрибмиз», – дейди тадбиркор.
Бу тадбиркор ҳолатни ёритишимизни, муаммодан республика даражасидаги раҳбарлар огоҳ бўлишидан умидвор эканини айтди.
«Чунки менинг икки йилдан бери Самарқандда соҳа мутасаддиларига заррача ишончим қолмади», дейди тадбиркор.
Бешинчи ҳолат
Яқинда таҳририят филиалига Самарқанд шаҳар Сартепа масканида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилишди. Унда қурувчиман, дея ташриф буюрган «азаматлар» кўп қаватли уйлар орасидаги болалар майдончасида ҳеч қандай ҳужжатсиз қурилиш бошлаб юборгани айтилади.
Аниқроғи қурувчининг қўлидаги ҳужжат – шаҳар ҳокими қарори, аслида, Сартепа масканидаги 180-уй ва МТМ ўртасидаги ҳудудга тегишли бўлган. Қурилиш эса 180-уй эмас, 18-«А» уй биқинида бошланган экан. Ҳолбуки, бу икки манзил, бир-биридан анча йироқда. (Kun.uz бу масалани аввал ҳам ёритган эди).

Умуман, юқорида айтилганидек, қурилиш соҳасида таҳиририятга келаётган шикоятларнинг охири кўринмайди. Худдики соҳани назорат қилиши лозим бўлган мутасаддилар ёппасига узоқ муддатга сафарга кетгандек.
Бундай пала-партишликлар давом этавериши фуқароларда амалдорларга нисбатан ишончсизликни ошириб бораверади, боз устига мулк ҳуқуқининг таъминланмаслиги – иқтисодий ривожланишни секинлаштириш гаровидир.
Анвар Мустафоқулов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
23:09 / 23.05.2025
Самарқандда машинасида шер боласини олиб юрган шахс аниқланди
21:06 / 22.05.2025
Самарқанд шаҳрига янги прокурор тайинланди
18:43 / 16.05.2025
Самарқандда мактаб ўқувчиларининг жанжали улардан бирининг ўлими билан тугади
12:02 / 11.05.2025