Жамият | 17:24 / 07.05.2021
23863
15 дақиқада ўқилади

Россияда заҳарланган 26 нафар ўзбекистонлик ишчи ва бу ҳақда сўзлашни истамайдиган миллатдошларим — муҳожир ҳикояси

2018 йил август ойида Москва областида 26 нафар ўзбекистонлик ишчи заҳарланган, бир нафари вафот этганди. Воқеалар ривожига бевосита аралашган муҳожир Бахтиёр Турсун ўша кундаги ҳолат ҳамда миллатдошларимизни ҳамиша қийнаган дард ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Известия

Ярим тунда телефоним жиринглади, куни билан оғир меҳнат қилганимиз сабаб уйқудан кўзимни оча олмадим, сал нарида турган телефонга қўлимни узатишга ҳолим йўқ. Куни билан перфораторда бетон деворни қулатган эдик, ёнимдаги шерикларим бошқа ишлар билан банд бўлганлиги учун асосан ўзим ишлатдим катта перфораторни.

Эрталабдан кечгача тўхтамай перфораторда ишлаш ҳамма жойингни вибрация қилгандек тўкиб ташлайди.

Телефон яна ёқимли мусиқа чала бошлади.

Иложсиз олдим, аввал соатга қарадим, энди тунги ўн иккидан ўтибди.

– Алло, ким бу? – дедим салом ҳам демасдан, ярим тунда безовта қилаётганидан оғринганимни билдириш учун.

– Алло, ассалому алайкум, Бахтиёр ака бу менман.

– Дониёр, сенмисан? Нима гап, тинчмисизлар?

Бу бола ўзимизнинг қишлоқдан, бизларга қўшни бўлади. Москвада қайсидир қурилиш фирмасида ишлар эди, ҳар-ҳар замонда хабарлашиб турардик.

– Ака, мазам бўлмаяпти, бу жойда ёта олмаяпман. Ёнларингизга борсам бўладими?

– Хўп, бемалол ука, келавер, манзилни биласан. Аммо ҳозир кеч бўлиб кетди, ҳадемай метролар ҳам ёпилади. Сен бирорта такси чақир, пулини ўзим бераман. Нима бўлди ўзи? Бунча шовқин атрофларинг, нега мазанг бўлмаяпти, жанжал бўлдими?

– Ака, ачиб кетган овқат еганмиз, жуда кўпчилик. Қорним оғрияпти, бир менмас қолганлар ҳам оғриган. Бир ёши катта одам хонасида вой-войлаб ётиб, ўлиб қолди.

– Ия, чатоқ бўлибди-ку. Сен тезроқ такси чақириб ёнимизга кел. Ўзим дори керак бўлса топиб бераман, – дедим-у, телефонни ўчирдим.

Чарчоқ устун келиб, кўзларим юмилиб кетаётган эди. Бир оз ётдим. Шу бир оз деганим ҳам йигирма дақиқадан ўтган экан. Кимдир бошимга ургандек уйқум очилиб кетди, миям тиниқ ишлай бошлади.

"Овқатдан заҳарландик дедими, кўпчилик экан, бир киши вафот этди, деди. Нимага тез ёрдам чақирмаган, нималар бўляпти? Бир ватандошинг вафот этди, деса, мен бемалол ухлаб ётишимни қара". Хаёлларим чалкашиб кетди.

Жойимдан тез турдим-у, бориб юзимни ювдим. Кейин дуо қилдим. "Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!"

Дониёрга телефон қилдим.

– Алло, келяпсанми? Нима гаплар тўлиқроқ айт-чи? Нега дўхтирга бормадинглар, ёки тез ёрдам чақирмадинглар? Бир киши ўлгунча атрофдагилар қараб ўтиришдими?

– Ака, ҳозир кўп гапира олмайман. Катта жанжал бўлиб кетди бу жойда, ётоқхона бошлиқлари ва фирмадан келган бир икки ходимлар, "Бу жойга тез ёрдам чақириш мумкин эмас, бизга катта муаммо бўлиб кетади", дея рухсат беришмади бошида.

Кейин сизга телефон қилдим-ку, ўша пайтда бояги одам вафот этган эди, шундан кейин ишчилар тўполон кўтаришиб ётоқхона қоровуллари ва фирмадан келганларни уришди. Полиция келди. Кейин тез ёрдам келди. Ҳозир бизлар тўрт кишимиз, тез ёрдам машинасида олиб кетишяпти, қаёққалигини билмайман, тўхтовсиз қанақадир укол қилишяпти, оғриқ қолди, анча яхшиман.

– Унда мен сени ҳозир кўп безовта қилмай, сизларни касалхонага олиб бориб ётқизишади, кейин иложини топсанг телефон қил. Нима бўлса ҳам телефонингни бирортаси сўраса берма, булар ишни бости-бости қилиш учун, ҳеч ким билмасин дея, сизлар билан гаплашишни тақиқлаши мумкин. Мен эрталаб ёнингга бораман. Менга бир иложини қилиб борган жойларинг манзилини юбор,– дедим ва телефонни ўчирдим.

Шу билан чарчоқ ҳам, уйқу ҳам кетди. Номардлар, бир одамнинг жони чиққунча тез ёрдам келишига рухсат беришмаган. Буларга фақат соғлом вақтингда кераксан, сал мазанг кетса ёки бирор фалокат юз бериб қолса, дарров сендан юз ўгиришади. Айнан мана шундай вазиятни ўз кўзим билан учинчи марта кўришим.

2014 йилда бир фирмада ишлаб юрган вақтларимизда бир юртдошимиз кечқурун ишдан чиқиб овқатланишга кетаётган вақтимизда қорнини ушлаб ётиб қолди. Икки кундан бери “ўнг биқиним санчяпти” деб юрган эди. Ғужанак бўлиб ётиб олиб додлайверди.

Дарҳол тез ёрдамга телефон қилдик. Прораблардан биттаси келиб, бу йигитни носилкага солиб катта кўчага олиб чиқиб, кейин тез ёрдам чақиринглар, бу жойга келса бизга жарима солади, дейди.

Бир юртдошимиз ёқасидан олди.

"Бир одам ўламан деб ётибди, сен жаримани ўйлайсан! Ҳозир шундай қиламан, кўзингга жарима эмас, жонинг кўринади" дея бир икки силкилаган эди, мазаси қочиб нари кетди.

Тез ёрдам вақтида келиб олиб кетди, сал кеч қолса кўричаги ёрилиб кетар экан. Апендицит бўлган экан.

Хуллас бунақа воқеалар тез-тез учраб туради.

* * *

Орадан бир соатдан кўпроқ вақт ўтиб Дониёр телефон қилди, анча яхшиман, тўрт киши келдик бу касалхонага, манзилини эрталаб айтаман, деди.

Эрталаб соат саккизлар атрофида яна телефон қилдим.

– Аҳволинг яхшими? – сўрадим салом аликдан кейин.

– Яхшиман ака, роса кўп укол қилишди. Фирма одамлари тайинлаган шекилли, ёнимизга ҳеч кимни киргизишмаяпти, бирга ишлаган шерикларимиз келган экан, эшик ёнида иккита полициячи турибди, киргизмапти.

Бизлар бу касалхонада тўрт кишимиз, ўттизга яқин одамни ҳар жойга тарқатибди тўртта тўрттадан қилиб.

– Мен бир иш қилмоқчиман, қачонгача ўзбек бундай хор бўлиб юради, бу воқеаларни гапириш керак, кўпчиликка етказиш керак. Зора фойдаси бўлса. Мен бир журналист билан бораман, бўлиб ўтган воқеаларни айтиб бера оласизларми?

– Хўп ака, айтаман жондан тўйдирди, бир шеригимиз кўз олдимизда жон берди, тез ёрдам вақтида келганда ўлмай қолиши мумкин экан, аксинча, қолганлар ҳам жим тураверса бизлар ҳам ўлиб кетармидик... Умримда бунақа қаттиқ оғримаганман.

– Ёнингдаги шерикларингдан ҳам сўра, улар ҳам гапирармикан?

– Ҳозир сўраб келаман, биз битта хонада икки кишимиз, яна икки киши нариги хонада.

Орада бир оз жимликдан кейин.

– Ҳа ака, гапирамиз дейишди, ҳозир сизга манзил юбораман.

Телефонимга келган манзилни сақлаб қўйдим.

Кейин BBC ўзбек хизматининг Москвадаги мухбири Соҳиба Ҳаётга телефон қилдим.

Бўлиб ўтган гапларни қисқача тушунтирдим.

– Майли борамиз албатта, фақат ўзингиз ҳам бирга борасиз, чунки бизникилар камерани кўргунча гапираман деб туради, камерани тўғрилаб микрофон тутсангиз, гапиришдан бош тортиб қолишади кўпинча.

* * *

Москвада ҳали ҳам бунақа эски касалхона борлигини энди кўрдим. Тўғри жудаям абгор аҳволда эмас, шарт-шароитлар ҳам яхши экан. Бир қаватли шифохонанинг бир томони ўрмонга туташиб кетган.

Қабулхонага кираверишда икки полиция ходими турибди, аммо бизларга эътибор ҳам қилишмади. Қабул бўлимида ўтирган ҳамширага қариндошларимизни кўришга келдик, дегандик кечаси олиб келинган беморлар рўйхатини кўрсатди. Негадир Дониёр айтган ваҳима йўқ. Бемалол учрашишларинг мумкин, деди ҳамшира.

Яна ўйланиб турди-да, мен бош шифокорни чақириб келай, ўзи рухсат берса кўрасизлар, деди.

"Кимни кўришга келдинглар?" сўради ичкари эшикдан чиқар-чиқмас гавдали бир рус аёли.

– Кечаси олиб келинган тўрт бемор билан гаплашишимиз керак, – деди Соҳиба.

– Бунинг умуман иложи йўқ, ана ТВдан ҳам келишган экан киришга рухсат берилмади,– дея деразадан ташқарига имо қилди бош врач.

Ҳақиқатан ҳам ташқарида ёнига ТВ эмблемаси туширилган қайсидир телеканал машинаси турган экан.

Гап тамом, дегандек ичкарига йўл олди бош врач, ичкари хонадан эса, "Нимага киргиздинг, нега кеча келган беморлар билан гаплашиш мумкин дединг, бор жавобини бериб юбор", дея ҳамширага бақирган овози эшитилди унинг.

Ранги оқариб чиқиб келган ҳамшира кетинглар, сизларни дея гап эшитдим, дея бизни кетишга ундай бошлади.

Соҳиба Ҳаёт беморлар рўйхатини кўрсатган вақтида бир йигитнинг фамилиясини эслаб қолган экан.

– Бир боланинг фамилияси Турсунов экан, укам бўлади, кўрмасам кетмайман, деб туриб олинг,– дея шивирлади у менга.

Мен бу жойга олиб келинган юртдошларимиздан фақат Дониёрни танир эдим, бу йигитлар ичида менга фамилиядош борлигини энди билдим.

– Укам бор бу жойда, аҳволи қандай, нима бўлган унга кўрмасам кетмайман, деб туриб олдим.

Ҳамшира кўнгли бўш аёл экан, бир оз кутинглар бош врачимиз кетади, кейин гаплашасизлар деди.

Ишонқирамасдан турган ҳамширага паспортимни кўрсатдим, энди беморлар рўйхатига қара, дедим.

Ҳамшира ёрдам қиламан, орқа томондан келинглар, ўрмон тарафдан келсангиз деразадан гаплашасизлар деди.

Хуллас, бир амаллаб топиб гаплашдик. Аввалига сўрадик, эртага бу видео бутун ижтимоий тармоқлар бўйлаб тарқалади, шунга розимисизлар дея. Икки йигит юзимизни кўрсатмайсизлар, деди.

Икки киши бўлса, тўғриси, бу аҳвол бу шароитда ишлаш яшаш жонга тегди, агар шу гапиришимиз озгина фойдаси бўладиган бўлса гапирамиз, камерага қараб гапираман деди.

Улар ичкарида биз ташқаридан микрофон тутиб суҳбат қилдик.

Дастлаб, нима учун чиқиб кетмайсизлар, яшаш шароити яхши бўлмаса, еб ичиш яхши бўлмаса нега кетиб бошқа жойдан иш изламайсизлар, дея сўрадик.

Фирма бир ойлигимизни доимо гаров сифатида ушлаб туришади, қачонки ўзлари кетишимизга рози бўлишмаса, шу бир ойлик иш ҳақимизни беришмайди.

Яъни агар биздан бирор бир ножўя иш содир бўладиган бўлса ҳам жавобимиз беришади ва бир ойлик иш ҳақимизни беришмайди.

Шунинг учун ҳам кўпчилик уларга қарши бирор нима дея олишмади, қора рўйхатга тушиб қолишдан қўрқиб, оғрисак ҳам, тез ёрдам чақиришга рухсат беришмаса ҳам, оғриқ ўтиб кетар дея чидабмиз-да.

Кейин кўпчилик янги келганлар, бошқа жойдан иш топишга кўзи етмайди, мажбур чидаймиз-да.

Хуллас, видеолавҳада шунақа мазмунда анча гап-сўзлар бор.

Бу хабарларни барибир ҳеч ким яшира олмади, эртаси куни Kun.uz сайтида эълон қилинди.

Кейин бизлар олган видеолавҳалар BBC ўзбек хизматида қўйилди, анча шов-шувли бўлганди ўша кунлар...

* * *

Уч йилдан кейин бу воқеаларни эслашим сабаби бошқа нарса. Ўшандан кейин фирмада ҳам шарт-шароитлар озми-кўпми яхшиланди, кейинчалик ҳам тортишувлар рўй берди. Аммо бир нарса ўзгармади, ҳозиргача бу ҳолатга кўп гувоҳ бўламан. Шунинг учун бу воқеаларни эсладим.

Ўша видеолавҳа ижтимоий тармоқларда қўйилгач, эртаси куни биз учрашган йигитлардан бири менга телефон қилди.

“Сиз менга ёрдам қилиш учун келганмидингиз? Ёки шарманда қилиш учунми?”, – деди кутилмаганда қаттиқ гапириб.

Ҳайрон бўлдим.

– Мен журналист билан бирга бордим, журналист сизга тўғридан тўғри ёрдам бера олмаслиги мумкин, унинг вазифаси муаммони ёритиб, кенг жамоатчиликка етказиш, муаммони ҳал қила оладиган одамлар эътиборини шу томонга қаратиш, нима бўлди ўзи? – дея сўрадим.

– Ютубга кириб кеча қўйилган видеонинг изоҳларини ўқиб кўринг, иложи бўлса, видеони ўчиртиринг, илтимос, – деди у йиғлагудек бўлиб.

Ютубга кириб видеолавҳа изоҳларини ўқиб чиқдим.

Мисол тариқасида айтсам, агар мингта изоҳ ёзилган бўлса, шундан лавҳада гапирган йигитларга нисбатан ҳамдардлик билдирган, кўнгил сўраганлар, икки юзта ҳам чиқмайди.

Қолгани фақат сўкяпти, ўзимизнинг ўзбеклар сўкяпти.

“Баттар бўл”, “Ўлиб кет”, “Шунақа абгор аҳволдаям индамай юраверасанми?” “Сенларга шу керак” ва шунга ўхшаш сўзлар ва очиқдан очиқ ҳақоратлар...

Одамларимиз шунчалик бўлиб кетишганми-а, миллатдошига бир оғиз ширин сўз айтиш шунчалик қийинми? Улар балки ростдан ҳам ҳақ-ҳуқуқларини билишмагандир, шу шароитларга чидашга мажбур бўлишгандир.

Аксинча, шунақа оғир дамларда бир биримизни қўллашимиз керакмасми?

Улар жиноятчи эмас-ку, ҳақоратлар эшитадиган.

Энди билдим, кўпчилик юртдошларимиз нега камера қаршисида муаммоларини айтишдан қўрқиш сабабини.

* * *

Орадан икки ойча вақт ўтди. Бир куни ишлаб турган вақтимда Соҳиба Ҳаёт телефон қилиб қолди.

Айтишича, Россиянинг қайсидир телеканали мухбири ўша видеони тасодифан кўриб қолиб, русчага таржима қилдирибди. Кейин излаб-излаб Соҳибанинг телефон рақамини топади ва мана шу видеолавҳа асосида каттароқ кўрсатув тайёрламоқчилигини айтади.

Бунинг учун заҳарланганлардан бир неча киши интервью бериши керак экан. У йигитларнинг қайта гапирмаслигини билгани учун аввалига, уларнинг ҳозир қаерда эканлигини билмайман дейди у, аммо журналист рус қиз ҳам ишга қаттиқ киришмоқчи бўлган шекилли, қайта қайта сўрайвергач, менинг рақамимни берибди.

Тележурналист қиз икки кун икки-уч мартадан телефон қилди. Бу ишни шундай қолдирмаслик керак, ахир одам ўлмоқчи бўлиб турса ҳам тез ёрдам чақиришга, ётоқхона ҳудудига тез ёрдам келишига рухсат бермаслик, бу ваҳшийлик, ақлга сиғмайди. Бир одам вафот этган, наҳотки ҳеч ким жавоб бермаса, сизлар нега гапирмайсизлар? Ўша йигитларни менга топиб беринг, илтимос, суҳбат ўтказайлик, дейди.

Фирмада ишлаётган, ўша вақтдаги воқеаларга гувоҳ бўлган бир икки киши билан гаплашиб кўрдим, журналист деса, камера деса дод, гапирмайман, дейди. Тинч юрай ака, керакмас, дейишади.

Гапирганни сўксак, бошқа миллатлар бу жойда бир миллатдошига бир гап бўлганини эшитса, ўша одамни таниса танимаса ўша жойга юртдошини қўллаш учун тўпланиб келаверишади.

Бизларда бир бирини қўлловчилар афсуски, жуда камчилик. Нафақат бир бирини қўлламайди, балки бор муаммосини кўрсатишни ҳам истамайди.

Бахтиёр Турсун

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид