Ўзбекистон | 09:47 / 07.05.2021
6805
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда юқори босимли магистрал сув қувури ёрилди ва шаҳарнинг аксар қисми сувсиз қолди

Кеча, 6 май куни соат 23:00дан бошлаб Самарқанд шаҳрининг аксарият ҳудудида сув таъминоти вақтинчалик тўхтатилган. Бунга шаҳарни сув билан таъминлайдиган магистрал сув қувури ёрилиб кетгани сабаб бўлган. Бу ҳақда «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ ахборот хизмати хабар бермоқда.

6 май куни соат 20:40лар атрофида Чўпонота тепалиги яқинида Самарқанд шаҳрини сув билан таъминлайдиган юқори босимга эга Д-1200 миллиметрли магистрал ичимлик сув қувури ёрилиб кетган. Мазкур носозликни бартараф этиш мақсадида 6 май соат 23:00дан бир неча маҳалла ва айрим кўчаларда сув таъминоти вақтинчалик тўхтатилган.

Жумладан, Улуғбек расадхонаси, Қир, Истиқбол, Жойсой маҳаллалари, Афросиёб, Ибн Сино, Даҳбед, Рудакий, Университет хиёбони, Бўстонсарой, Қушҳовуз, Чорраҳа, Ислом Каримов номли, Сиёб бозори ҳудуди, Регистон майдони, Отахўжаев, Ўзбекистон, Абдураҳмон Жомий, Зарафшон, Уста Умар Жўрақулов, Садриддин Айний, Панжикент, Термиз кўчалари, Лолазор, Мўлиён, Шоҳрух, Гулобод, Сартепа масканларида, Микрорайон А, Б, Суғдиёна, Гагарин, Амир Темур, Мирзо Улуғбек кўчалари ва юқорида кўрсатилган манзилларига туташган ҳудудларида вақтинчалик сув таъминоти тўхтатилган.

«Носозликни бартараф этиш ҳақида қўшимча маълумот берилади. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳодиса туфайли М39 Алмати — Тошкент — Термиз халқаро автомобиль йўлининг 1081-километрида йўлнинг бир қисми чўккан ва ўпирилиб тушган. Айни дамда йўлнинг носоз қисми ёпиб қўйилган ва ҳаракат унинг иккинчи қисмида бир томонлама ташкил этилган.

Мавзуга оид