Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқанддаги сессияда икки мансабдор қатнашмади, аммо депутатлар уларнинг «ҳисоботи»ни тасдиқлашди. Нега?
7 май куни Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашининг ўттизинчи сессияси ўтказилди. Унда кун тартибига киритилган масала юзасидан ҳисобот бериши лозим бўлган икки мансабдор сессияда қатнашмаган бўлса-да, депутатлар ҳисоботни тасдиқлашга мажбур бўлган.
Kun.uz манбаси хабар беришича, вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Акмал Шукуровнинг «2021 йилда Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 2 апрелдаги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5048-сонли қарори асосида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар тўғрисида»ги ҳисоботи эшитилиши керак бўлган.
Буни қарангки, мансабдор сессияда қатнашмаган ва депутатлар қўлига аксарият ҳолатларда бўлгани каби ҳисобот материали тарқатилган. Одатда, сессия кун тартиби ва қарорларнинг қоралама нусхалари сессия бошланишидан ўн-ун беш дақиқа аввал депутатларга берилади. Бу дегани, ХАЛҚ ВАКИЛЛАРИ кун тартибидаги мавзуларни кўриб улгурмайди (масалан, мазкур сессияда ҳам 11та масала кун тартибига киритилганди), ўқиб чиққан тақдирда эса савол пайдо бўлиши мумкин. Демак, депутатлар ўзларини қизиқтирган саволни ҳоким ўринбосарига етказиб қўйиш имкониятидан маҳрум бўлган.
Дарвоқе, мазкур сессияда вилоят кенгашининг бир депутати – Азиз Аҳроров қурилиш соҳаси масъулларининг ҳисоботини эшитиш таклифини билдиргани айтилмоқда. Депутат айниқса, хусусий кўп қаватли уй-жойлар қурилиши борасида ноқонуний ишлар кўпайиб бораётгани ҳақида гапирган. У ноқонуний қурилишларни соҳа мутасаддилари, ҳатто прокуратура ҳам тўхтатолмаётгани, ўз навбатида эртага мулкий даъво пайдо бўлса, тўлов маҳаллий бюджетдан амалга оширилиши, яъни одамлар «емаган сомсага пул тўлаши»га тўғри келиши ҳақида гапирган.
Аҳроров кўтарган масалани бир йўла кўриб чиқишга Шукуровнинг сессияда иштирок этмагани тўсқинлик қилган.
Сессияда вилоят прокурори, иккинчи сектор раҳбари Равшан Машариповнинг «Вилоятни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан 2021 йил II чораги учун ишлаб чиқилган «Йўл харитаси»ни тасдиқлаш тўғрисида»ги ҳисоботи ҳам эшитилиши керак эди. Эътибор қилинг, прокурорнинг «Йўл харитаси» тасдиқланиши керак бўлса-да, у ҳам сессияда қатнашмаган. Аммо негадир прокурорнинг ҳисоботи юзасидан ҳам тегишли қарор қабул қилинган.
Савол: сессияда ҳисобот бериши керак бўлган мансабдорнинг ўзи қатнашмаса-да, қачонгача депутатлар қўл кўтаришга, масалани тасдиқлашга мажбур бўлади? Қачон бизнинг маҳаллий кенгаш сессияларида кун тартибига қўйилган, аммо масъулиятини бўйнига олмаган раҳбарнинг «ҳисоботи» депутатлар томонидан тасдиқланишига чек қўйилади? Бунинг учун депутатларга нима етишмаяпти – билимми, жасоратми, қатъиятми?
Мавзуга оид
14:57 / 09.05.2025
Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйда газ портлади. 6 киши ҳалок бўлган
12:20 / 05.05.2025
10 метрлик жарлик ичидаги чангалзорга тушиб кетган икки киши қутқарилди
10:20 / 05.05.2025
Нурободда қарийб 17 минг гектар майдонда зарарли чигирткалар тарқалгани аниқланди
13:52 / 09.03.2025