Жамият | 12:30 / 07.05.2021
8146
3 дақиқада ўқилади

UZEX: Биржанинг расмий uzex.uz сайти янгиланди

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг расмий uzex.uz веб-сайти янгиланди ва синов тариқасида ишга туширилди.

Вебсайтнинг редизайни биржа фаолиятининг шаффофлигини янада ошириш, унинг таркибий тузилмасини оптималлаштириш, веб-сайтдан фойдаланишни соддалаштириш ва унинг функционал имкониятларини кенгайтириш мақсадида амалга оширилди.

Муҳим маълумотлар ва фойдали сервислар веб-сайтнинг асосий саҳифасига жойлаштирилди. Хусусан, фойдаланувчилар биржа савдолари ва онлайн-аукционда иштирок этиш тартиби ҳақидаги видео кўрсатмалар, биржа котировкалари, энг сўнгги янгиликлар ҳамда эълонлар билан танишишлари мумкин.

Бош саҳифа орқали, шунингдек, электрон савдоларда иштирок этиш учун зарур бўлган гаров маблағи миқдорини ҳисоблаб берувчи калькулятор каби барча интерактив хизматлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, савдо иштирокчилари веб-сайт орқали ягона онлайн-рўйхатдан ўтиш ва тўғридан тўғри биржанинг зарур бўлган савдо тизимига ўтиш каби имкониятларга ҳам эга.

Веб-сайт ички саҳифаларининг дизайни ҳам ўзгартирилиб, унинг қулай ва содда навигацияси ҳам жорий этилди. Веб-сайтга, шунингдек, янги ахборот баннерлари ва барча товар позицияларнинг нархлар динамикасини график шаклда кузатиш функциялари қўшилди.

Янгиланган веб-сайт синов тариқасида ишга туширилган. Айни вақтда фойдаланувчилар учун сайтнинг аввалги талқини ҳам хизмат қилмоқда. Янги кўринишга эга бўлган сайтни янада такомиллаштиришга қаратилган ишлар ҳали давом этмоқда, жумладан, яна ўзгаришлар киритилиши ва қўшимча қулайликлар қўшилиши кутилмоқда.

Биржанинг интернет-ресурсларини янгилаш компаниянинг биржа савдолари ва электрон тижорат соҳасида етакчилик қилиш стратегиясининг муҳим қисмларидан бири ҳисобланади. Веб-сайтга киритилган барча ўзгаришлар фойдаланувчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш ва унинг мақсадли аудиториясини кенгайтиришга қаратилган.

Маълумот учун: Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг расмий uzex.uz сайти ташриф буюрувчиларнинг сони бўйича электрон тижорат йўналишида иккинчи ўринни эгалайди. Ҳар куни веб-сайтга ўртача 18 000 та ноёб фойдаланувчи ташриф буюради.

“ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими

Мавзуга оид