Ўзбекистон | 13:23 / 08.05.2021
15739
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда эълонлар сайтларидан бирида тулки боласи сотувга қўйилди

Ўзбекистоннинг оммабоп эълонлар сайти Olx.uz’да тулки боласи сотувга қўйилди. Сотувчи унинг нархини 250 доллар дея баҳолаган.

“Қўлга ўргатилган, 2 ойлик тулки сотилади. Товуқ бошлари, оёқлари ва бошқа аъзоларини ейди. Гўштли бульонда каша ҳам қилиб бериш мумкин. Сотаман ёки жанговар кучукка алмашаман”, деган эълон эгаси.

Эълонга қизиқиб, кўрсатилган рақам билан боғландик. Гўшакни кўтарган болакай 12 ёшда экан (этика нуқтайи назаридан исми ва манзилини сир сақладик):

– Тулкичани менга акам совға қилган. Ўзи ҳайвонларга жуда қизиқади, акамга қўлга ўргатишга ёрдам қилганим учун тулкичани берди. Мен ҳам қушларга, ёввойи ҳайвонларга жуда қизиқаман. Тулкини сотиб олсангиз, ўзим зарур нарсалари билан бераман, қандай боқишни ўргатаман. Тишламайди, бемалол уйда боқса бўлади. Келинг, сотиб олинг, – деди у биз билан суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, 27 март куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳри йўлларида шер боласи топиб олингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, тарқалган видеоларда акс этган шер боласи топиб олинмаган, балки ушлаб қолинган.

“Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда вилоят ИИБ ҳамкорлигида ўтказилаётган рейд давомида Қашқадарёдан Андижонга ҳаракатланаётган автомашина текширилганда, унда шер боласи олиб кетилаётгани аниқланган. Мутахассисларнинг шер боласи қаердан, нима учун олиб кетилаётгани ҳақидаги саволларига ҳайдовчи аниқ жавоб бера олмасдан, ҳужжатларни тақдим қилмаган. Сал ўтмай эса “ҳужжатларни олиб келаман”, деб шер боласини ташлаб қочиб кетган”, дейилади маълумотда.

“Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун 4-моддасида ҳайвонот дунёсига нисбатан мулкчилик назарда тутилган. Унда:

“Ҳайвонот дунёси умуммиллий бойлик бўлиб, ундан оқилона фойдаланиш лозим ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади. Табиий эркинлик ҳолатида яшаётган, шунингдек табиий яшаш муҳитига чиқариб юборилган ёввойи ҳайвонлар давлат мулкидир. Ярим эркин шароитда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланаётган ва (ёки) етиштирилган ёввойи ҳайвонлар юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлиши мумкин”, дейилган.

Мавзуга оид